Сўнгги йилларда Саудия Арабистони ҳукумати зиёратчиларга қулай шароитлар ҳозирлаш мақсадида ақлли роботлардан кенг фойдаланишни йўлга қўйди. Хусусан, яқинда Каъбатуллоҳда Каъбапўш ҳақида гапирувчи робот технологиясини жорий этди.
IQNA сайти маълумотига кўра кўра, Масжид ал-Ҳаром ва Масжид ан-Набавий Бош бошқармаси “Твиттер”га Каъба кисвасини сақлаш ва уни ўрнатиш ҳақида маълумот берадиган, Қирол Абдулазиз музейига ташриф буюрувчиларни кутиб олаётган робот видеосини жойлаштирди.
Бу робот зиёратчиларга араб, инглиз, француз, рус, форс, турк, малай, урду, хитой, бенгал ва ҳауса тилларида музей ҳақида тушунча беради.
Масжид ал-Ҳаром ва Масжид ан-Набавий Бош бошқармаси раҳбари Абдурраҳмон Ас-Судайс таъкидлашича, ҳаж вақтида зиёратчилар учун янгиланган хизматлар қаторида энг янги технологиялар ва сунъий интеллект механизмларидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Шундай қилиб, зиёратчилар тажрибасини бойитиш, ҳаж ибодатларининг қулай ва осон бажарилишини таъминлаш учун ақлли роботлар ва электрон дастурлардан фойдаланилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Туркиянинг оммабоп “61 Saat” янгиликлар порталида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятлари ва миллий-маънавий меросига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақола муаллифи, туркиялик санъатшунос олима Шейда Сағлам Тошкент, Самарқанд ва Бухорога қилган саёҳати таассуротлари билан ўртоқлашди. У Ўзбекистондаги қадамжолар ҳар қандай сайёҳни узоқ тарих қаърига етаклашини алоҳида таъкидлаган.
Хусусан, Самарқанднинг меъморий улуғворлиги, Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси ва Шоҳи Зинда мажмуасининг жозибадорлиги туристларни бир зумга бўлса-да ўтмиш билан юзлашишга ундайди. Буюк олим ва астроном Мирзо Улуғбек ҳамда калом илмининг асосчиларидан бири Имом Мотуридий мероси орқали ушбу заминда илм-фан ва маънавият асрлар давомида узвий ривожланганига эътибор қаратилган.
Нашрда кўҳна Бухоро шаҳрининг ислом оламидаги юксак мавқеи алоҳида эътироф этилган. Калон минораси ва Исмоил Сомоний мақбарасининг меъморий мукаммаллиги, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасидаги маънавий муҳит саёҳатчиларга унутилмас онларни туҳфа этиши қайд этилган. Муаллиф нақшбандия таълимотининг асосий ғояси — “Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда бўлсин” ҳикмати бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини баён қилган.
Туркиянинг нуфузли медиа майдонида эълон қилинган ушбу мақола икки қардош халқ ўртасидаги кўп асрлик маданий-маънавий кўприкларни янада мустаҳкамлашга ҳамда туркиялик зиёратчиларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати