Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июл, 2026   |   8 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:30
Қуёш
05:04
Пешин
12:35
Аср
17:38
Шом
19:54
Хуфтон
21:24
Bismillah
22 Июл, 2026, 8 Сафар, 1448

27.07.2018 й. Ҳаж – улуғ ибодат

20.07.2018   10993   11 min.
27.07.2018 й. Ҳаж – улуғ ибодат

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Маълумки, муқаддас Ислом динимиз беш аркон устига қурилган бўлиб, улардан бири – ҳаж ибодатидир. Ҳаж  молиявий ва жисмоний ибодат бўлиб, мўмин-мусулмон киши умрида бир марта адо этиши фарздир. Ҳаж қилмоқчи бўлган шахс балоғатга етган, ақли расо, сафар харажатларига қодир, ҳажга бориб келгунига қадар ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаган ҳамда йўллар очиқ ва бехатар бўлиши шарт қилинади.  Аёл кишига эса,  юқоридаги шартлар билан бирга эри ёки бирор маҳрами ҳамроҳ бўлиши керак. Кимда мана шу шартлар топилса, унга ҳаж фарз бўлади. Қуръони каримда ҳажнинг фарзлиги ҳақида  шундай дейилган:

 وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حَجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا  (سورة ال عمران/97).

яъни: “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Ҳаж ибодатига киришишдан олдин, аввало, киши ҳақиқий тавба қилиб,  барча хато-камчиликларини тўғрилаб, келгусида барчага намуна ва ўрнак  бўладиган ҳолатда бўлиши лозим. Шунингдек, зиммасида ўзгаларнинг ҳаққи бўлса,  эгасига қайтариши керак.

Ҳажнинг вақти Шаввол ва Зулқаъда ойлари ҳамда Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунидир. Бунга ишора қилиб Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الْحَجِّ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى وَاتَّقُونِ يَا أُولِي الْأَلْبَابِ  (سورة البقرة/197).

яъни: "Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар! " (Бақара сураси, 197-оят) 

Оятнинг мазмунига кўра, ҳажга борувчи кимса тақво билан зийнатланиб, бажараётган амалларини чиройли адо этишга ҳаракат қилиши керак. Қолаверса, саноқли ҳаж кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқиши лозим. Тилни сақлаш ҳам тақводан ҳисобланади ва бу нарса ҳажда катта аҳамиятга эгадир. Чунки ҳар қандай сафарда ўзига яраша машаққат ва қийинчиликлари бўлади, мана шундай ҳолатларда ҳаж қилувчи киши тилига эҳтиёт бўлиши лозимдир. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ حَجَّ للهِ وَلَمْ يَرْفَثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ" (رواه الإمام البخارى والإمام أحمد).

яъни: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).

Ҳаж  даврида беҳаё сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолда уйларига қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. Ҳажни ният қилган киши катта-ю кичик гуноҳларни қилишдан, ҳатто бирор жонзотга озор беришдан, хусусан, одамлар билан жанжаллашишдан доимо ўзини сақлаши лозимдир. Албатта, булар ҳажнинг мақбул бўлиш шартларидан ҳисобланади.

Ҳаж сафари давомида йўлдошларига хайр-эҳсон қилиш ажр савоб бўлиши билан бирга, инсонлар орасида ўзаро дўстлик ва меҳр-муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бундай одамнинг ҳажи ҳам мақбул бўлади.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:"اَلْحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إلَّا الْجَنَّة "قِيلَ: وَمَا بِرُّهُ؟ قَالَ:"إطْعَامُ الطَّعَامِ، وَطِيْبُ الْكَلاَمِ" )رَوَاهُ الإمام أَحْمَدُ(

яъни: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мақбул ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”, – дедилар. “Унинг қабул бўлиши нима билан бўлади”, дейилди. “Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таом бериш ва яхши гапириш”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Муҳтарам азизлар!  2018 йил ҳаж ибодатини адо этадиган зиёратчилар учун Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва масъул мутасадди ташкилотлар йил бошидан тайёргарлик ишларини бошлаб, ҳозирда ниҳоясига етказиб бормоқдалар. Шу кунларда 10 нафар ишчи гуруҳ Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар. Юртимиздан ҳаж сафарига боргувчилар билан ҳажнинг қонун-қоидалари ва тартиблари ҳақида учрашув ва суҳбатлар ўтказилмоқда. Шунингдек, уларнинг ҳар бирларига ҳаж ҳақида йўриқнома сифатида китоб билан диск тарқатилди.

Муҳтарам жамоат! Ҳаж ибодатини бажариш ҳаммага ҳам насиб қилаверадиган амаллардан эмас. Шунинг учун бу улуғ сафарни ният қилган юртдошларимиз ҳажнинг моҳиятини яхши тушуниб олишлари, уни адо этиш тартибларини пухта ўзлаштиришлари, сафар одобларига қатъий риоя қилишлари талаб этилади. Катта харажатлар сарфлаб, узоқ вақт навбат кутиб, шунча узоқ жойга, Аллоҳнинг розилигини топаман, деб борган айрим ҳожиларимиз, афсуски, ғанимат дамларини қадрига етмай, кўп вақтларини беҳуда амаллар ва дўкон айланишлар билан ўтказиб юборишади. Ҳаж зиёратига отланган кишилар зиммаларидаги фарз, вожиб, суннат амалларни иложи борича жамоат билан, ўз вақтида адо этишга ғайрат қилиш – муборак динимиз талаби ва шариатимиз кўрсатмасидир. Кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, зикр ва истиғфор айтиш, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш каби савобли ишларни қилишлари зарур. Яна сафар давомида иложи борича билимдон ва солиҳ кишиларга йўлдош бўлиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилган дуоларни ёдлаб, айтиб юришга интилиш ҳам мақбул амаллардандир. Шундагина ҳажларимиз мабрур, ибодатларимиз мақбул бўлади, иншааллоҳ.

Шуни таъкидлаш лозимки, ҳожи бўлиш – шараф, шу билан бирга катта масъулият ҳамдир. Чунки уламоларимизнинг айтишларича, ҳажнинг қабул бўлиш ёки  бўлмаслиги ҳожининг уйига қайтганидан кейинги амалларидан билинади. Демак, ҳожиларимиз юртимизга қайтганларида билим-маърифат, одоб-ахлоқ ва барча эзгу ишларда  ҳаммага намуна бўлишлари лозимдир.

Аллоҳ таоло муборак ҳаж сафарига ҳозирлик кўраётган барча юртдошларимизга ҳаж ибодатларини  тўла-тўкис адот этиб, юртимизга соғ-саломат ҳолда қайтиб келишларини муваффақ айласин! Омин.

 

 

ИЛОВА

 

МИССИОНЕРЛИК

Миссионерлик – лотинча  “юбориш” ва “топшириқ” маъноларини билдириб, бир динни бошқа диндагилар ўртасида тарқатиш соҳасидаги черков (яъни, католик ва протестантлар каби йўналиш) ташкилотларининг фаолиятидир. Содда қилиб айтганда, миссионерлик христианлаштиришдир.

Шуни билиш лозимки, даъват (насиҳат) бошқа, миссионерлик бошқа нарсадир. Бир дин вакилини ўз қавмига хитоби даъват бўлиб, ҳар бир инсон бу ишни қилиши мумкин. Аммо, бир дин вакилининг бошқа диндагиларни ўз динига оғдириш учун қиладиган ҳаракати эса, миссионерлик дейилади ва бу қонун билан таъқиқланади.

Минг афсуслар бўлсинки, охирги пайтларда баъзи ёшу қарилар ўзларининг муқаддас Ислом динларини қўйиб, бошқа динга ўтиб кетиш ҳоллари кузатилмоқда. Бу ҳолга чек қўйилмас экан, миллат барқарорлигига таҳдид солиниши турган гап!

Дунё тарихига назар соладиган бўлсак, миссионерларнинг ўзга дин вакиллари орасидаги фаолияти ҳар дойим минтақа барқарорлигини бузган, аҳоли орасида нотинчлик ва қон тўкилишларга сабаб бўлган.

Миссионерларнинг ғаразли мақсадлари ва фаолиятлари:

Миссионерларнинг асосий мақсадлари турли йўл ва усуллар билан ўз сафларини маҳаллий миллат вакиллари ҳисобига кенгайтиришдан иборатдир.

Уларнинг мақсадлари асосан уч нуқтада жамланади:

  1. Халқларни христианлаштириш. Шу орқали уларни иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан Ғарб давлатлари таъсир доирасига олиш.
  2. Халқларда ўз динига нисбатан шубҳа уйғотиш, уларни ўз динидан чиқариш ва динсиз қолдириш.
  3. Қадимдан христиан бўлганларни ўз динларида мустаҳкамроқ туришга чорлаш ва уларнинг сафини “янги христианлар” билан тўлдириш.

Улар мақсадлари йўлида барча воситалардан фойдаланади, уларнинг ҳийла-найранглари доимо такомиллашиб боради. Мана улардан бир нечтаси:

  1. Инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш. Бунга, албатта, моддий ёрдамлар (тиббиёт, озиқ-овқат) ва сўзсиз, “руҳий” ёрдамлар киради.
  2. Маҳаллий халқ тилида ўша халқнинг урф-одатларини ҳисобга олган ҳолда, сифатли, рангли ва расмли христиан даъват китобчаларини бепул тарқатиш. Кўпинча бу китоблар Қуръон оятлари билан “безалади”.
  3. Христианликни тарғиб қилувчи газета-журналлар чиқариш.
  4. Христианликка қизиқтирувчи аудио-видео кассеталар тарқатиш.
  5. Турли мавзуларда тадбирлар ва анжуманлар уюштириш.
  6. Ўз сафларига қўшилганларни моддий рағбатлантириш, уларни чет элларга жўнатиш, уларни иш билан таъминлаш.

Баъзи ватандошларимиз уларнинг кетидан эргашиб кетаётганининг биринчи сабаби – муқаддас Ислом динимиз ҳукмларидан мутлақо бехабарлик. Иккинчи сабаби – ён атрофимиздаги кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва боқувчисидан айрилган қариялардан деярли хабар олмаймиз, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсата олмаяпмиз. Миссионерлар бу имкониятдан фойдаланиб баъзи муҳтожларнинг кўнглини овлаб, диндан чиқармоқда. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда шунай деган:

وَمَنْ يَرْتَدِدْ مِنْكُمْ عَنْ دِينِهِ فَيَمُتْ وَهُوَ كَافِرٌ فَأُولَئِكَ حَبِطَتْ أَعْمَالُهُمْ فِي الدُّنْيَا وَالْآَخِرَةِ

وَأُولَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

яъни: “Сизлардан кимда-ким ўз (Ислом) динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари (тоат-ибодатлари) дунёю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар” (Бақара сураси, 217-оят).

Аллоҳ таоло барчамизнинг имонимизни саломат айлаб, ҳар хил ёвуз ниятли кимсалар гирдобига тушиб қолишдан Ўз паноҳида асрасин! Омин.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳадислар ҳам ваҳийга асослангандир

20.07.2026   8256   7 min.
Ҳадислар ҳам ваҳийга асослангандир

(ваҳийнинг таърифи ва турлари)

Ҳадис Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳий ҳамда динда эргашилиши вожиб бўлган ҳужжат ҳисобланади. Бу хусусда Набий алайҳиссалом: “Менга Қуръон билан бирга унинг мислича (илм ва ҳикмат) берилди”, деб айтганлар. Шу боис суннатга саҳобалар давридан буён бутун уммат ижмо қилган (келишиб қабул этган) бўлиб, бирор олим унга на қарши чиққан ва на шубҳа қилган.


Бироқ кейинги асрларда бу масала бўйича шубҳа-гумонлар уйғотувчи турли гуруҳлар ва шахслар пайдо бўлди. Улар суннатни ваҳий санамай, унинг исломий қонунчилик манбаи эмаслигини даъво қилади. Бундай тоифа вакилларининг фикрича, гўё Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан бошқа ҳеч нарса нозил қилмаган.


Шундай бузуқ қараш эгалари бугун ҳам йўқ эмас. Демак, одамлар онгини уларнинг фитнакор фикрларидан ҳимоя қилиш, ботил даъволарнинг таги пуч экани кўрсатиб бериш бугун ҳам долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Хусусан, бу масалага бағишланган аввалги мақолада ҳадислар ҳам Куръони карим сингари Аллоҳнинг муҳофазасида экани нақлий ва ақлий далиллар орқали баён қилинган эди (https://muslim.uz/oz/e/post/47287-hadislar-ham-alloh-muhofazasidadir). Бундан келиб чиқадики, ҳадис ваҳийга асосланмаганда эди, уни охирзамонга қадар илоҳий ҳимояга олишга зарурат бўлмасди.


Ушбу мақолада ваҳийнинг таърифи ва турларига тўхталишга қарор қилдик. Бу сафар пайғамбарлик Китоб нозил бўлиши билан эмас, балки Аллоҳ танлаган бандасига ваҳий келиши билан амалга ошишини баён қиламиз. Шу асосда ваҳийнинг қироат қилинадиган (Қуръон) ва қироат қилинмайдиган (ҳадис) турларини шарҳлаб ўтамиз.


“Ваҳий” сўзи “махфий ва тезкор хабар бериш”, “ишора қилиш” ёки “илҳом бериш” маъноларини англатади. Пайғамбарлар ва валий зотлар ҳақидаги оятларда ишлатилган “ваҳий” сўзининг аксари шу икки маънога таянади.


Роғиб Исфаҳоний ўзининг “Муфрадот” асарида бундай дейди: “Ваҳийнинг асли (маъноси) “тезкор ишора” демакдир. Бу рамз ё ишора кўринишидаги сўз, бирор товуш, тана аъзолари ҳаракати ва ёки ёзув орқали содир бўлиши мумкин. Аллоҳ таолонинг набийлари ва валийларига йўллаган каломи ҳам ваҳий дейилади”. Шўро сурасининг 51-оятига кўра, ушбу жараён бир неча турга бўлинади: “Инсон билан Аллоҳ (бевосита) сўзлашиши жоиз эмас. Фақат ваҳий орқали ё парда ортидан ёки элчи (фаришта) юбориб, изни билан хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши мумкин. Албатта, У (шаъни) олий ва ҳикмат соҳибидир”.


Демак, ваҳий расул ё набийга қуйидаги кўринишларда нозил бўлади.


Кўринадиган элчи орқали. Бунга Жаброил алайҳиссалом муайян суратда келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзларини эшиттириши мисол бўлади.


Бевосита сўзлашиш. Мусо алайҳиссалом каби сўзловчини кўрмай турган ҳолда, айтганларини тинглаш.


Қалбга солиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Руҳул қудс (Жаброил алайҳиссалом) қалбимга солди”, деганларидек.


Илҳом. Мусо алайҳиссаломнинг онасига эмизиш буюрилгани каби.


Туш орқали. Набий алайҳиссалом: “Ваҳий узилди, фақат башорат қолди. У – мўминнинг туши”, деб марҳамат қилганлар


Роғиб Исфаҳонийнинг сўзларига кўра, “ваҳий” илҳом ва тушни, “парда ортидан” ибораси сўзловчи кўрмасдан эшитишни, “элчи юбориб” эса Жаброил алайҳиссаломнинг муайян бир суратда келишини англатади. “Аллоҳнинг набийларга йўллаган каломи ваҳийдир” деган гапдан маълум бўладики, “ваҳий” сўзи ҳам хабар бериш жараёнига, ҳам юборилган хабарнинг ўзига нисбатан ишлатилади. Шундан келиб чиқиб, айрим олимлар ваҳийни бундай таърифлаган: “У – хоҳ бевосита, хоҳ билвосита бўлсин – айнан Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканлиги қатъий собит бўлган маърифатдир”.


Уламолар ваҳийнинг қирқдан ортиқ кўринишини санаб ўтишган бўлса-да, уларнинг барчаси Аллоҳ таоло Қуръони каримда белгилаган қуйидаги тўрт асосий шаклга бориб тақалади:


1. Жаброил алайҳиссаломнинг ўз аслий қиёфасида кўриниши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ҳолатга икки марта дуч келганлар – бир марта Ерда, бир марта осмонда кўрганлар. Бу ҳақда Нажм сурасида баён қилинган.


2. Жаброил алайҳиссаломнинг инсон қиёфасида келиши. Уни бошқа одамлар ҳам кўрган. Кўпинча Диҳя Калбий розияллоҳу анҳу суратида, баъзан нотаниш аъробий кўринишида намоён бўлган.


3. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига ваҳийни жойлаши.


4. Жаброил алайҳиссаломнинг одамларга кўринмай тушиши. Бу ваҳийнинг энг кўп учрайдиган тури бўлиб, бунда атрофдагилар фариштани кўрмаган, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги оғир ўзгаришлар сезган. У зот қаттиқ уйқуга кетгандек ҳолатга тушиб, ҳатто совуқ кунлари ҳам пешоналаридан тер чиқиб кетарди. Ўз сўзларига кўра, бундай ҳолат олдидан қўнғироқ овозига ўхшаш товуш эшитилган. Саҳобалар бу товушни асалариларнинг ғунғуллашига ўхшатган.


Қуръони каримнинг тўлалигича Жаброил алайҳиссалом воситасида нозил бўлган. Бунга Шуаро сурасининг 192-194-оятлари далил бўлади: “Албатта, (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (Эй Муҳаммад!) уни сиз (охират азобидан) огоҳлантиргувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга Руҳул-амин (Жаброил) нозил қилди”.


Ваҳий Аллоҳ таолонинг пайғамбарларига йўллаган илоҳий хабари бўлиб, турли кўринишларда нозил қилинган. “Жаброил менга қўшни ҳақида шунчалар кўп насиҳат қилдики, “уни меросхўрлардан қилиб қўймаса эди” деб ўйлаб қолдим” ҳадисидан ҳам билиш мумкинки, Суннат шунчаки инсоннинг фикри эмас, Парвардигорнинг Ўз элчиси орқали қилган хитобидир, негаки, фаришталар фақат буйруқни ижро этади, ўз-ўзидан бирор ишга қўл урмайди. Қудсий ҳадислар ҳам бунга тасдиқ бўлади. Шундан келиб чиқадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳам Қуръони карим каби ваҳийга асослангани боис мусулмонлар учун ҳидоят ва шариат манбаи ҳисобланади.


Мазкур далиллар шуни кўрсатадики, исломни фақат Қуръон билан чеклаб, Суннатни инкор қилиш на илмий ва на шаръий асосга эга. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳий нафақат қироат қилинадиган Қуръон, балки умматга динни тушунтириб берувчи Суннат орқали ҳам етказилган. Шу сабабли ҳар бир мусулмон киши Қуръон ва Суннатни ҳидоятнинг бир бутун манбаи сифатида қабул қилиши лозим.


Нурмуҳаммад Маткаримов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси,

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот

маркази илмий ходими

 

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 14 майдаги 4224 -сонли хулосаси асосида тайёрланди

 

 

Мақолалар