Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Апрел, 2025   |   23 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:10
Шом
19:13
Хуфтон
20:32
Bismillah
21 Апрел, 2025, 23 Шаввол, 1446

Қуръони каримда нималар ҳаром қилинган?

04.07.2018   16189   5 min.
Қуръони каримда нималар ҳаром қилинган?

Қуръони каримнинг Моида сурасида бундай дейилган: “Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Фақат (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз (ҳалол). Ва бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар ҳам, чўплар ила фол очишингиз ҳам ҳаром қилинди. Бундай қилишингиз фосиқликдир… Ким гуноҳга мойил бўлмаган ҳолида очликда музтар бўлса, албатта,
Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир” (3-оят). Аллоҳ таоло бандаларига кўплаб неъматларни тановул қилишни ҳалол қилиб қўйган, барчасининг асли ҳалол. Модомики, ҳаром нарса аралашмаса, истеъмол қилинаверади. Инсон шахси ёки амалининг унга таъсири йўқ. Мисол учун, нонни олайлик. Унинг буғдойини ким эккан, ким ўрган, қандай янчилган ёки қандай қилиб нонга айлантирилган – буларнинг аҳамияти йўқ, ҳаммаси истеъмол қилинаверади. Аммо, гўшт маҳсулотлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Чунки гўшт тирик ҳайвондан олинади. Тирик жониворни гўштга айлантириш жараёни ва ундаги ният ҳамда эътиқод унинг ҳалол ёки ҳаромга айланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, бу жараёнга, яъни, тирик ҳайвонни гўштга айлантириш жараёнига шариатда алоҳида эътибор берилади. Бир қанча шартлар қўйилади. Ўша шартлар вужудга келгандагина ўша ҳайвон гўшти ҳалол ҳисобланиб, истеъмолига рухсат берилади. Бу шартларнинг бошида ҳайвоннинг жонини чиқариш пайтида унга жон берган Аллоҳ номини
зикр қилиш туради. Бу иш қилинмаса, катта маънавий жиноят содир бўлган бўлади, шу сабабли унинг гўшти ҳаромга айланади. Ушбу оятда гўшти ҳаромга айланиб қоладиган ҳайвонлардан бир неча тоифаси зикр этилган. Ўлимтик (ўзи ўлиб қолган ҳайвон), ҳайвон сўйилганда ундан оқадиган қон ва чўчқа гўшти шулар жумласидандир. Буларнинг ҳаром қилингани ҳикматлари, тиббий сирлари ҳақида «Бақара» сураси тафсирида батафсил сўз юритилган. «Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган» ҳайвон гўштининг ҳам ҳаром бўлиши, олдин айтганимиздек, унинг иймон тақозосига тўғри келмаганидандир, уни яратган ва унга жон берган Зот номини қўйиб,
бошқанинг номи ила сўйилганидандир. «Бўғилиб ўлган» ҳайвон бўғилиш оқибатида ўлган бўлса, гўшти ҳаромдир. Унга ҳам Аллоҳнинг номи айтилмаган, ҳам қони ичига тарқаб, гўшт зарарли ҳолга келган бўлади. «Уриб ўлдирилган» ҳайвонда ҳам аввалги ҳолдаги ҳикмат туфайли ҳаромлик ҳукми бор. Бирор ҳайвонни тош, ёғоч ёки шунга ўхшаш нарсалар билан уриб ўлдирилган бўлса, унинг гўшти ҳаромга айланади. «Йиқилиб ўлган»га келсак, тоғданми, баланд жойданми йиқилиб ўлган ҳайвонларнинг гўшти ҳам
ҳаром саналади. «Сузиб ўлдирилган» – икки ҳайвон бир-бири билан сузишсаю, бири ўлиб қолса, унинг гўшти ҳам ҳаромдир. «Йиртқич еган ҳайвон ҳаром қилинди». Яъни, бир йиртқич ҳайвон мазкур гўшти ҳалол ҳайвонга ҳужум қилиб еса, ўлдирса, ундан ортиб қолган гўшт ҳаром ҳисобланади. «Магар (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз (ҳалол)» Мазкур ҳолатларга дучор бўлган ҳайвонлар ўлмай туриб сўйиб юборилса, гўшти ҳалол бўлади. «Бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар ҳам».

Жоҳилий арабларнинг турли бутлари бўлиб, уларга атаб жонлиқ сўйишар ва қонини ўша бутларга суртишар эди. Бундай ҳайвонларнинг гўшти, гарчи Аллоҳнинг номини айтиб сўйилган бўлса ҳам, бутларга аталгани учун ҳаромдир. Оят давомида катта маънавий ҳаром иш ҳам зикр этилган: «чўплар ила фол очишингиз ҳам ҳаром қилинди».
Жоҳилият даврида бутхоналарда хизмат қилувчи коҳинлар ҳузурида бир махсус идишда учта ёки еттита чўп турар эди. Уларга турли иборалар,
жумладан, «Роббим буюрди» ёки «Роббим қайтарди» деган иборалар ёзилган бўларди. Бирор ишни қилиш ёки қилмасликда иккиланган одам коҳинга у-бу нарса бериб, фол очишни сўрарди. Шунда коҳин идишдаги чўпларни аралаштириб, фол очирувчига тутар, у идишдаги чўплардан бирини тортганда «Роббим буюрди» деб ёзилган чўп чиқса, ишни қилишга, «Роббим қайтарди» деб ёзилгани чиқса, ишни қилмасликка амр этар эди. Бошқа чўп чиқса, яна пул олиб, қайтадан фол очарди. Худди шу услуб қиморнинг бир турида ҳам қўлланар эди. Буларнинг ҳаммаси ҳаром қилинди. «Бундай қилишингиз фосиқликдир». Аллоҳ ҳаром қилган ишларни қилишингиз фосиқлик, яъни, дин амридан чиқишдир. Юқоридаги ҳукмларда айрим ҳолатлардаги гўштларнинг ҳаром экани таъкидланган эди. Охирги жумлада эса, истисно тариқасида музтарлик (заруратлик) ҳолатида ҳукм нима бўлиши ўргатилмоқда. Яъни, айтайлик, инсон очликдан музтар бўлди – қийин ҳолга тушиб қолди, егани овқати йўқ, фақат ҳаром қилинган гўштлар бор, холос. Булар ҳаром, деб улардан истеъмол қилмаса, ҳалок бўлади.

Нима қилиши керак? Мана шундай ҳолда, гуноҳга мойил бўлмаган ҳолда, яъни, ўзини ҳалокатдан сақлаб қоладиган миқдорда ўша ҳаром нарсадан истеъмол қилса, бўлади. Ночорликдан қилинган бу иш учун Аллоҳ уни маломат қилмайди, жазога тортмайди. Зотан, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир.

 

манба: xadicha.uz

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Эмизган аёл ҳам туққан она каби бўладими?

21.04.2025   500   2 min.
Эмизган аёл ҳам туққан она каби бўладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг онасидан бошқа эмизикли аёлни тўйиб эмиши ила у аёл боланинг онасига, эри отасига, фарзандлари ака-укаси ва опа-сингилларига айланадилар. Шунингдек, бу аёлнинг бошқа қариндошлари ҳам эмган болага хеш бўладилар. Гўдакнинг суяги ва эти она сутидан шаклланади. Шунинг учун уни эмизган аёл ҳам туққан онаси каби бўлади. Бинобарин, худди ўз онасини эъзозлагандек, унинг ҳам ҳурматини жойига қўйиш ва қадрлаш лозим.

عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ الْمُنْكَدِرِ قَالَ: جَاءَتْ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ظِئْرُهُ الَّتِي أَرْضَعَتْهُ، فَبَسَطَ لَهَا رِدَاءَهُ ثُمَّ قَالَ: «مَرْحَبًا بِأُمِّي»، ثُمَّ أَجْلَسَهَا عَلَى رِدَائِهِ.

Муҳаммад ибн Мункадирдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотни эмизган аёл келди. Шунда у зот ридоларини ерга ёзиб, «Марҳабо, онажон!» деб уни ридоларининг устига ўтирғиздилар».

Шарҳ: Демак, аёл фақат эмизган бўлса ҳам, ўша эмизган онасининг ҳаққи туққан онанинг ҳаққидек бўлар экан. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини эмизган аёлни «онам» деб атаганлари, келганларида ўринларидан туриб, ҳурмат-иззат қилганлари, ўзларининг кийимларини, ридоларини ечиб, тўшаб, ўшанинг устига ўтирғизиб, ҳурмат кўрсатганлари мана шунга далил, ҳужжат бўлади.

عَنْ حَجَّاجِ بْنِ حَجَّاجٍ، عَنْ أَبِيهِ قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا يُذْهِبُ عَنِّي مَذَمَّةَ الرَّضَاعِ؟ قَالَ: «غُرَّةُ عَبْدٍ أَوْ أَمَةٍ».

Ҳажжож ибн Ҳажжож отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Мендан эмизганлик ҳаққи(ни адо этмаганлик) мазамматини нима кетказади?» деб сўрашди.

«Бир қул ёки чўри озод қилиш», дедилар.

Шарҳ: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Мени биров эмизган. Унинг эмизганлик ҳаққини адо эта олмаганман. Бу нуқсоннинг ёмонлигини нима кетказади? Нима қилсам, бу гуноҳни юваман, яъни мени эмизган шахснинг ҳаққини адо қиламан?» деб сўрабди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом бу саволга: «Битта қул ёки чўри озод қилиб», деб жавоб берибдилар.

Демак, эмизган аёлларнинг ҳаққи юқори даражада, олий бир мақомда бўлар экан.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Мақолалар