بسم الله الرحمن الرحيم
ИСЛОМ ГЎЗАЛ АХЛОҚҚА ЧОРЛАЙДИ
Муҳтарам жамоат! Гўзал ахлоқда ислом оламига намуна бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини доимо ҳусни хулқга, хуш муомалага, ўзаро меҳр-оқибатга, катталарга иззат-ҳурмат, кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлишга, ўзгани айб-нуқсонларини ва саҳв-хатоларини кечиришга ва ҳоказо каби гўзал ахлоқлар билан зийнатланишларига чақирганлар. Айни пайтда Пайғамбаримиз алайҳиссалом биринчи даражадаги ахлоқи ҳамида соҳиби эканларига асло шубҳа йўқ. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят) деб марҳамат қилган.
Динимиздаги барча ибодатларнинг негизи ва моҳиятида гўзал ахлоқ ётади. Бунга мисол тариқасида қуйидаги оятни келтириш мумкин:
إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ
яъни: “Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур” (Анкабут сураси, 45-оят). Шу каби рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатларнинг мукаммал ва Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлишида ҳам гўзал ахлоқ асосий ўрин тутади. Зеро, имон барча гўзал ахлоқларни ўзида мужассам этади. Мусулмон кишининг гўзал ахлоқи унинг соғлом эътиқоди ва имонининг комиллигига далолат қилади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "أَكْمَلُ الْمُؤْمِنِينَ إِيمَانًا أَحْسَنُهُمْ خُلُقًا وَخِيَارُكُمْ خِيَارُكُمْ لِنِسَائِهِمْ خُلُقًا" (رواه الإمام الترمذي).
яъни: “Мўминларнинг ичида энг имони комили хулқи чиройли бўлганидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхши хулқ билан муносабатда бўладиганингиздир”, (Имом Термизий ривояти).
Киши имони қандайлигини билмоқчи бўлса, унинг тарозуси чиройли хулқдир. Айниқса, ўзидан заифлар (хотин, бола ва қўл остидаги ходимлар)га чиройли муомалада бўлиш энг яхши мўъминлар қаторига кириш ҳисобланади.
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِنَّ مِنْ أَحَبِّكُمْ إِلَيَّ وَأَقْرَبِكُمْ مِنِّي مَجْلِسًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَحَاسِنَكُمْ أَخْلَاقًا" (رواه الإمام الترمذي).
Ҳусни хулқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Чунки унинг эгасидан доимо яхшилик кутилади. Яна бир ҳадисда шундай келади:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَنْ أَكْثَرِ مَا يُدْخِلُ النَّاسَ الْجَنَّةَ؟، قَالَ: تَقْوَى اللهِ وَحُسْنُ الخُلُقِ (رواه الإمام الترمذي).
яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни жаннатга киришларига кўпроқ сабаб бўладиган нарса ҳақида сўралдилар. Шунда У зот “Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқли бўлиш” - деб жавоб бердилар, (Имом Термизий ривояти).
Инсон чиройли хулқи сабаб охиратда улуғ даражаларга эришиши ҳадиси шарифларда зикр қилинади:
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ الْعَبْدَ لَيَبْلُغُ بِحُسْنِ خُلُقِهِ عَظِيْمَ دَرَجَاتِ الْآخِرَةِ، وَالْخُلُقُ الْحَسَنُ يُذِيْبُ الْخَطَايَا كَمَا يُذِيْبُ الْمَاءُ الْجَلِيْدَ، وَالْخُلُقُ الْسُوءُ يُفْسِدُ الْعَمَلَ كَمَا يُفْسِدُ الْخَلُّ الْعَسَلَ )رواه الإمام الطبراني.(
яъни: Ибни Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, банда чиройли хулқи сабабли охиратда улуғ даражаларга эришади. Чиройли хулқ, худди сув музни эритгани каби, гуноҳларни йўқотади, ёмон хулқ эса, худди сирка асални бузгани каби, амални бузади” (Имом Табароний ривояти).
عَنِ ابْنِ أَبِي حُسَيْنٍ رضي الله تعالى عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "أَلَا أَدُلُّكُمْ عَلَى خَيْرِ أَخْلاقِ أَهْلِ الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ: أَنْ تَصِلَ مَنْ قَطَعَكَ، وَتُعْطِيَ مَنْ حَرَمَكَ، وَتَعْفُوَ عَمَّنْ ظَلَمَكَ" (رواه الإمام البيهقي).
яъни: Ибни Абу Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Сизларни дунё ва охират аҳлининг энг яхши хулқларига далолат қилайми”? - деб “Сендан алоқани узган (қардошинг)га боғланмоғинг, сендан қизғанган кишига бермоғинг, сенга зулм қилганни кечирмоғинг” дедилар, (Имом Байҳақий ривояти).
عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لَيْسَ الْمُؤْمِنُ بِالطَّعَّانِ وَلَا اللَّعَّانِ وَلَا الْفَاحِشِ وَلَا الْبَذِيءِ" (رواه الإمام الترمذي).
яъни: Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Мўмин таъначи, лаънатчи, фаҳшчи ва уятсиз бўлмайди”, – дедилар, (Имом Термизий ривояти).
Демак, гўзал хулқли киши, таъна қилиш, лаънатлаш, фаҳш сўзларни гапириш, уятсиз гап-сўзлар ва хатти-ҳаракатлар каби ёмон хулқлардан тийилиши лозимдир.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ المُبَارَكِ رضي الله عنه، أَنَّهُ وَصَفَ حُسْنَ الخُلُقِ فَقَالَ: هُوَ بَسْطُ الوَجْهِ، وَبَذْلُ المَعْرُوفِ، وَكَفّ الأَذَى
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу дедилар: “Гўзал хулқ учта хислат билан ҳосил бўлади: ҳаромдан тийилиш, ҳалолни излаш, аҳлига бағрикенглик қилиш”.
Саҳл ибн Тустарий раҳматуллоҳи алайҳдан гўзал хулқ ҳақида сўрашганда: “Гўзал хулқнинг энг қуйи даражаси машаққатларни кўтариш, мукофотдан кечиш, золимга раҳм-шафқат қилиб, уларга мағфират тилаш”, дедилар.
سُئِلَ ذُو النُّونِ الْمِصْرِي قُدِّسَ سِرُّهُ مَنْ أَدْوَمُ النَّاسِ عَنَاءً؟ قَالَ: أَسْوَؤُهُمْ خُلُقاً
Юқоридаги ҳадиси шариф ва уламолар ўгитларидан хулоса қиладиган бўлсак, инсон чиройли хулқларга одатланиши ва ёмон хулқларни тарк этиши бу динимизнинг асоси ва Пайғамбаримизнинг асосий ўгитларидир. Чиройли хулқлар инсонни дунё ва охиратдаги мартабасини баланд қилади, ризқини кенг қилади. Ёмон хулқ эса икки дунёда ҳам хорлик ва надоматга сабаб бўлади.
Кейинги пайтларда юртимизда “оммавий маданият” номи остида мусулмонларга хос бўлмаган ҳаёт тарзини тарғиб қилиш кўзга ташланмоқда. “Оммавий маданият” ёшларга ҳаёсиз, масъулиятсиз бир ҳаёт тарзини безаб кўрсатмоқда. Яъни, ҳеч нарсада ҳалол, ҳаром деган чегара йўқ, бу дунёга бир марта келинади, ўйнаб кулиб қолиш керак, дунё лаззатларини тотиб қолиш керак, каби фикрларни ўртага ташламоқда. Тўғри, худди мана шу ғоялар билан яшаганлар тарихда ҳам бўлган. Уларнинг ҳаммаси бало, офат ва Аллоҳнинг азобига дуч келиб, қирилиб кетдилар. Ўзига дин диёнат ва чиройли хулқни шиор қилиб олганларнинг эса ишлари, авлодлари, динлари ҳануз давом этмоқда. Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, ёш авлодга биз катталар ўрнак бўлишимиз керак. Айниқса, катта масъулият эркакларнинг зиммасига тушади. Агар фарзандлар тарбиясига беъэтибор бўлсак, уларни “оммавий мадания”нинг қўлига топшириб қўйсак, динимиз, келажагимиз ва миллатимиз хавф остида қолади.
Аллоҳ таоло барчамизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқларини ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ қилиб яшаш бахтига муваффақ айласин. Омин!
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби