Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, бир киши Набий с.а.в.га деди: “Менга насиҳат қилинг”. У зот: “Ғазаб қилма”, дедилар. У (саволини) бир неча бор такрорлади. Пайғамбар с.а.в.: “Ғазаб қилма”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти).
Имом Журдоний (роҳимаҳуллоҳ) айтади: “Дарҳақиқат, бу ҳадис Пайғамбар с.а.в.га ато этилган жавомиъ ул-калим (қисқа лафзлар орқали улкан маъноларни ифода этиш мўъжизаси)дан ҳисобланувчи буюк ҳадисдир. Чунки, у дунё ва охират яхшиликларини ўзида мужассам этгандир”.
Савол берувчи саҳобийнинг шахсига келсак, айрим уламолар
бу Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) эканини таъкидлайдилар. Бунга Имом Табаронийнинг Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан қилган қуйидаги ривоятини далил қилиб келтирадилар: “Мен: “Эй Аллоҳнинг расули, мени жаннатга олиб кирадиган амалга йўлланг”, дедим. У зот с.а.в.: “Ғазаб қилма, жаннат сеники”, дедилар”. Айрим уламолар эса мазкур саҳобий Жория ибн Қудома (розияллоҳу анҳу) эканини айтадилар. Бунга Имом Аҳмаднинг Жория ибн Қудома (розияллоҳу анҳу)дан қилган қуйидаги ривоятни ҳужжат қиладилар: “Мен Пайғамбар с.а.в.га савол бериб бундай дедим: “Эй Аллоҳнинг расули, менга бир ўгит айтинг, уни англаб олишим учун уни менга оз қилинг”.
У зот с.а.в.: “Ғазаб қилма”, дедилар. Мен бир неча бор у зотга сўровимни такрорладим. Ҳар гал у зот: “Ғазаб қилма”, дедилар”.
Бундай воқеа бир неча маротаба юз берган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шундай экан, сўровчи саҳобийларнинг ҳам бир нечта бўлишидан бирор моне йўқ.
Комил мусулмон гўзал хулқлар билан сифатланган инсон бўлиб, у мулойимлик ва ҳаё ила безанади, инсонларга нисбатан камтарлик ва дўстлик либосини кияди. Одамларга озор беришдан сақланиш, интиқом олишга қурби етсада, кечириб юбориш, қийинчиликларга бардошли бўлиш, ҳатто ўзига нисбатан адолатсизлик қилинганида ҳам ғазабни ютиш, ҳамма вақт очиқ юзли бўлиш унинг мардонавор хислатларидандир. Абадий саодат истаб насиҳат сўраган саҳобийга Расулуллоҳ с.а.в.нинг кўрсатмалари юқоридаги маъноларни ўз ичига олган ушбу мўъжазгина ўгит бўлди:
“Ғазаб қилма”.
Сўровчи саҳобий жаннатга киришдек олий мақсадига эришиши учун мазкур ўгитни оз ҳисоблаб, насиҳат қилиш ҳақидаги сўровини бир неча бор такрорлади. Мазмун-моҳиятини англаган ва тақозосига амал қилган киши учун етарли насиҳат эканлигини таъкидлаш учун Пайғамбар с.а.в. ҳар гал “Ғазаб қилма” деган жумлани қайтаравердилар.
Оқил саҳобий Расулуллоҳ с.а.в.нинг таъкидларини тушуниб етди
ва мақсадларини англади. Дарҳақиқат, Имом Аҳмаддан қилинган бир ривоятда насиҳат сўраган саҳобийдан қуйидаги хабар келтирилади: “Набий с.а.в. айтган ўгитларини айтганларида тафаккур қилдим, баногоҳ, ғазаб барча ёмонликларни келтириб чиқаришини тушундим”. Бунинг маъноси шуки, агар киши ғазаб қилмаса, барча ёмонликларни тарк этган бўлади. Кимки барча ёмонликларни тарк этса, барча яхшиликларни ҳосил қилган бўлади.
Дарғазаблик ва қизиққонлик заифлик аломатидир. Гарчи кишининг билаклари қувватга тўла, жисми соғлом бўлсада, ғазаб туфайли мағлубиятга юз тутади. Шунинг учун кучлиликка фақат жисмоний қувват билан эмас, балки, ўз ўрнида ғазабни енга олиш ва оқилона иш юритиш билан эришилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ҳаммани йиқитадиган паҳлавон кучли эмас, балки, ғазаб келганда ўзини қўлга оладиган киши кучлидир”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Динимизда ғазабни муолажа қилиш чоралари ҳам кўрилган. Уламолар бу борада келган далилларни ўрганиб чиқиб, жумладан қуйидаги хулосаларни баён қилганлар:
1) киши ғазабланган вақтда ғазаб қилишнинг ёмон оқибатлари ҳақида ўйламоғи, ғазабини ютганлар учун ваъда қилинган мукофотлар тўғрисида фикр юритмоғи зарур. Аллоҳ таоло айтади: “Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам
инфоқ-эҳсон қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради”. (“Оли Имрон” сураси, 133-134-оятлар).
Набий с.а.в. дедилар: “Кимки ғазабини сочишга қодир бўла туриб уни ютса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида уни халойиқ кўз ўнгида чақириб, унга ҳурлардан хоҳлаганини танлаш имконини беради”. (Имом Аҳмад,
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривояти).
“Бирор банда Аллоҳ учун ғазабни ютса, албатта, унинг ичи иймонга тўлади”. (Имом Аҳмад ривояти). Абу Довуднинг ривоятида: “..., Аллоҳ уни омонлик ва иймон билан тўлғизади”, дейилган;
2) Аллоҳдан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ тилаши керак. Пайғамбар с.а.в.нинг ҳузурларида икки киши тортишиб қолди. Бири ғазабланиб,
юзи қизарган ҳолда шеригини сўка бошлади. Шунда Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Албатта, мен бир калимани биламанки, агар у ана шу калимани айтганида, шубҳасиз, ундан ғазаб кетган бўлар эди. Агар у: “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм (Қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилайман)” деганида эди!” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти);
3) ғзабланган пайтда ҳолатни ўзгартириш ҳам ғазабни бартараф этишнинг самарали услубларидандир. Набий с.а.в. дедилар: “Сизларнинг бирортангиз тик турган ҳолда ғазабланса, ўтириб олсин. Агар ундан ғазаб кетса, кетди. Бўлмаса, ёнбошлаб олсин”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти);
4) дарғазаб ҳолатда гапирмаслик керак. Чунки, у бу ҳолатда гапирса, ғазабини зиёда қиладиган сўз билан қарши олиниши ёки ғазаби сўнгандан кейин пушаймон бўлишига сабаб бўладиган гапни сўзлаб юбориши мумкин. Пайғамбар с.а.в.: “Қачонки бирортангиз ғазабланса, сукут қилсин”, дея
уч бора такрорладилар. (Имом Аҳмад, Термизий, Абу Довуд ривояти);
5) ғазаб жисмда ҳароратни кучайтиради. Натижада, қон қайнайди, инсонда тутақиш юз беради. Сув уни совутиб, асл ҳолатига қайтаради.
Шу боис, бундай пайтда янги таҳорат олиш ғазаб алангасини ўчиради. Пайғамбар с.а.в. марҳамат қиладилар: “Албатта, ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Бас, вақтики бирортангиз ғазабланса, таҳорат олсин”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни ножўя ғазаб қилишдан сақланувчи суюкли бандаларидан бўлмоғимизни насиб этсин.
АСРОРХОН МАҲМУДОВ
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Дунёвий илмларни Исломдан айириш динимизга бегона, умматимизга хос бўлмаган ҳолат! Ислом уммати шаръий илмларсиз ҳаёт кечиролмаганидек, дунёвий илмларсиз ҳам яшай олмайди.
Ўтган асрларда мусулмонлар “фойдали илм” тушунчасини нотўғри талқин қила бошлашди. Улар онгига фақат шаръий илмлар фойдали деган фикр ўрнашиб қолди. Аслида, дунёвий илм ҳам Китоб ва суннатда мақталган мутлақ илмга киради. Бироқ баъзи инсонлар диний илмларда савоб бор, дунёвий кўринишида эса йўқ, деб тушунишди. Кейинчалик “диний илм”, “дунёвий илм” деган иборалар пайдо бўлди.
“Дунёвий илмлар” деган термин кўпчилик диндорларда Исломдан узоқлаштирувчи илм деган тасаввур уйғотади. Физика, кимё, биология каби фанларга гўёки диндан чалғитиш учун ўқитиладигандек муносабатда бўлишади.
Бу ваҳималар асоссиз, ботил хаёллардир. Агар мўмин ниятни тўғри қилса, физика, кимё, биология каби илмлар орқали ҳам жаннатга кириши мумкин. Дунёвий илмлар мусулмонларни азиз қиладиган диний илмдир.
Пайғамбарларнинг ҳам турли хил касблари бўлган: Одам алайҳиссалом деҳқон, Довуд алайҳиссалом темирчи, Нуҳ ва Закариё алайҳимуссалом дурадгор, Идрис алайҳиссалом тикувчи, Мусо алайҳиссалом чўпон бўлганлар. Улар охират ишини ҳам, ҳиссалом дунё ишини ҳам баробар олиб борганлар.
Умар розияллоҳу анҳу гўзал кўринишли кишиларни кўрса, касби ҳақида сўрар эди, касби бўлмаса, ҳурмати бўлмас эди (“Файзул қадир”).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қўлингизда кўчат бўлсаю, қиёмат қоим бўлиб қолса, имкон қадар кўчатни экиб қолинг” (Муснади Аҳмад, “Адаб ал-Муфрад”).
Дунёда фойдалана олмаса ҳам кўчат экишга тарғиб қилдилар, бу дунё кўринишидаги диний иш.
Келинг, бу ёғига “дунёвий илмлар” иборасини ишлатмаймиз, ўрнига “ҳаётий илмлар” деб ишлатамиз. Бу илмлар ҳаётимиз фаровонлиги учун Аллоҳ бизга ўрганишни буюрган илмлардир.
Ҳаётий илмлар ер ободлиги, инсоният манфаати, динни олий қилиш, бу умматни азиз қилиш учун йўналтирилса, қандай улуғ илм бўлишига қатъий ҳужжатлар ва далиллар келтирамиз:
Биринчи далил. Инсон Аллоҳнинг ердаги “ўринбосар”и эканини унутиб қўйдими?!
“Унутмади”, деган жавоб берилади. Ундай бўлса, инсон ердаги ҳаёт илмини билмай туриб, қандай “ўринбосарлик” қилади?!
Ерда “Аллоҳнинг ўринбосари” бўлган кишига, Роббини таниш, Унга ибодат қилиши, замин табиатини ўрганиши, ундаги неъматлардан бандалар манфаат топмоғини билиши вожиб. Аллоҳ таоло айтади: “У сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди” (Худ сураси, 61-оят).
Демак, “ўринбосарлик”нинг асосий шартларидан бири ерни обод қилиш, ундаги неъматлар билан эҳтиёжларини қондириш экан.
Аллоҳ Одамни яратди, илм билан улуғлади, қадрини баланд қилиб, фаришталарни унга сажда қилдирди. “(Аллоҳ) Одам (Ато)га барча номларни ўргатди” (Бақара сураси, 31-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо оят тафсирида айтади: “Ҳамма нарсанинг номларини, тоғ, дарахт, денгиз, хурмо, ҳайвонлар номларини ўргатган” (“Тафсир Ибн Касир”).
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга ерда яшаш учун зарур бўлган табиат илмларини ўргатган. Фаришталар табиат илмини билишмаган, чунки улар ерда ўринбосар эмас эдилар. Уларда бу илмларга эҳтиёж ҳам йўқ эди.
Одам алайҳиссалом шаръий илмлар билан бирга ҳаётий илмларни ҳам биларди. Инсон ҳаётий илмга эътиборсиз бўлса, “ўринбосарлик” ишида қусурлик пайдо бўлади. Бу камчилик динини фаҳмлаган мўминга ярашмайди.
Иккинчи далил. Аллоҳ таоло шаръий илмларни мукаммал қилган: “Ана, энди бугун Динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Ислом дин бўлишига рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ваҳий тўхтади. Дин илми ўзгармас бўлиб қолди. Бу шаръий илм ҳукмидир. Аммо, ҳаётий илмлар мукаммал эмас, қиёматгача янги-янги кашфиётлар чиқаверади. Баъзи илмий ҳақиқатлар юз йиллаб яшайди. Янгиси юзага чиқиши билан аввалгиси тан олинмайди. Аллоҳ Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Токи уларга у (Қуръон)нинг ҳақ экани аниқ маълум бўлгунича, албатта, Биз уларга атрофдаги ва ўз вужудларидаги аломатларимизни кўрсатажакмиз...” (Фуссилат сураси, 53-оят).
Оят “кўрсатажакмиз” тарзида, яъни, келаси замонда келган, демак, ҳаётий илмлар тобора янгиланиб бораверади. Биз мусулмонлар бу илмларни пухта ўзлаштиришимиз керак.
Учинчи далил. Баъзи фиқҳий масалалар борки, фақиҳлар уларни ҳалол ёки ҳаром дейиш учун соҳа мутахассисларининг фикрига эҳтиёж сезади. Демак, ҳаётий илмнинг моҳир мутахассиси баъзи фиқҳий масалани ечишда ёрдам беради. Шунингдек, янги даврда юзага келган турли масалаларни ечишда иқтисодчи, ишбилармонларнинг ҳиссаси бор.
Фақиҳлар мутахассис фикрисиз ҳукм чиқаришса, масалада бирор шаръий узр бўлиши мумкин. Иқтисодий масалада иқтисодчига, тиббий масалада ҳозиқ табибга муҳтожмиз.
Тиббиётда шундай нозик нуқталар борки, фақиҳ уламо уларни билмаслиги табиий. “Инсон аъзосини бошқа инсонга кўчириш”, “гўзаллик учун амалиёт қилиш”, “бачадонга бола урчитиб қўйиш” каби замонавий тиббий масалаларни фақиҳ ҳозиқ табиб билан бирга ўрганиши лозим. Тиббиётни инсонга хизмати, фақиҳларнинг тўғри фатво чиқаришига қўшган ҳиссаси жиҳатидан жаннатга олиб борувчи фан десак, хато бўладими?!
Мусулмонлар ҳаётий илмларни эгаллаб, Аллоҳнинг шариатини чуқурроқ англайдилар. Аллоҳнинг динини Аллоҳ яхши кўргандек татбиқ қиладилар.
Тўртинчи далил. Ҳаётий илмлар Аллоҳ таолони танишга йўлдир. Қуръони каримда борлиқ ҳақида тафаккур қилишга юзлаб чақириқлар келган. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, одамлар учун фойдали нарсалар ортилган кемаларнинг денгизда сузишида, Аллоҳ осмондан тушириб, у сабабли “ўлик” ерни тирилтирган сувда, турли жонзотларни унда (ерда) тарқатиб қўйишида, шамолларни (турли томонга) йўналтиришида ва осмон билан Ер орасидаги итоатли булутда ақлни ишлатадиган кишилар учун аломатлар (Аллоҳнинг қудратига далиллар) бордир” (Бақара сураси, 164-оят).
Шу каби кўплаб оятлар кишини борлиқ ҳақида тафаккурга чақиради. Борлиқни англаган сари мўминнинг Аллоҳга бўлган иймони зиёда бўлади. Оламлар Роббини янада улуғлайди, буюклигини эътироф этади. Сув, наботот, ҳайвонот, инсон илмлари Аллоҳдан қўрқишга сабаб бўлади.
Ғарб олими Эйнштейн борлиқни тафаккур қилиб “нисбийлик назарияси”ни кашф қилгандан кейин, Яратувчи борлигини тан олди: “Бу борлиқ ортида мен билмаган бир куч бор”.
Бешинчи далил. Ҳаётий илмлар оятлар ва суннатни яхши англашга хизмат қилади. Қанча-қанча ихтиро ва кашфиётлар ваҳийнинг мўъжизалигини очиб берди. Масалан, Набаъ сурасининг 6-7-оятларини олайлик: “Биз Ерни тўшак қилиб қўймадикми?! Тоғларни эса (Ерни тутиб турувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!”.
Бу икки оятни олдинги уламолар маълум бир тушунчада шарҳлаган, илм-фан ривожлангандан кейин тамоман бошқа маънода талқин қилина бошлади.
Доктор Зағлул Нажжор мазкур оят тафсирида айтади: “Аллоҳ тоғларни қозиқ қилгани хабарини бермоқда. Бу эса бу баланд тоғлар ер литосферасининг ичида узун илдизи борлигини билдиради. Чунки қозиқнинг асосий қисми ер тагида бўлади, унинг вазифаси чодирни маҳкам ушлаб туриш бўлганидек, тоғларнинг вазифаси ҳам ерни маҳкам ушлаб туришдир.
Бу ҳақиқатни замонавий илм яқинда кашф қилди, тоғларнинг ер остида илдизи узун экани аниқланди. “Қозиқ” сўзи илмий жиҳатдан ҳам, луғавий жиҳатидан ҳам замон олимлари ишлатаётган “илдиз” сўзидан кўра нозикроқ маъноларни ифода қилади”.
Доктор Зағлул Нажжор Англиянинг тиббиёт университетида маъруза ўқийди. Маърузадан сўнг ундан: “Қиёмат яқинлашди. (Мана) ой ҳам бўлинди” (Қамар сураси, 1-оят) ояти Аллоҳнинг Китобидаги илмий мўъжизаси бўла оладими, деб сўрашди.
Доктор бу Қуръондаги минглаб мўъжизалардан бири эканини яқинда фан ҳам исбот қилганини айтди. Шунда бир англиялик киши сўзлашга изн сўраб, ўзини таништирди.
Маълум бўлишича, у Довуд Мусо Педкок исмли киши бўлиб, у юқоридаги оят сабабли мусулмон бўлганини айтади. Айтишича, бир мусулмон таниши унга Қуръон маъноларининг таржимасини совға қилган экан. Қамар сурасини ўқиган Педкок ундаги Ой ёрилгани ҳақидаги оятга ишонмай Қуръонни ёпиб қўяди. Кунларнинг бирида ВВС каналида америкалик фазо олимлари иштирокидаги кўрсатувни кўриб қолади. Унда олимлар Ойни ўрганиш тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа қатор соҳаларда яхши самара берганини айтишади.
Журналист олимлардан: “Ой ростдан ёрилганми?” деб сўрайди. Олимлар Ой ёрилиб, яна уланганини эътироф этади. Педкок дарров Қуръонни очиб, илк ўқиган, лекин ишонмаган оятга қарайди. Айнан ўша оят унинг мусулмон бўлишига сабаб бўлади.
Албатта, Қуръон ва суннат ажойиботлари тугамайди. Биз бу икки масдарнинг сирларини очадиган олимларга муҳтожмиз.
Олтинчи далил. Аллоҳ таоло мусулмонларни ҳар бир соҳада етук бўлишга буюради. Табиийки, ишни пухта билувчилар пешқадам ҳисобланишади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи васаллам айтадилар: “Аллоҳ ҳар бир ишни гўзал адо қилишга буюрган…” (Имом Муслим ривояти).
“Ҳар бир иш” деганда шаръий илмларда ҳам, ҳаётий илмларда ҳам пешқадам бўлиш тушунилади.
Аллоҳ Китобида бошлиқликни Толутга берганини ҳикоя қилади, бунинг сабабини унга илм ва жисмда зиёдалик бергани билан изоҳлайди. Толутга берилган илм фақатгина шаръий илм эмасди. Унга қўмондонлик, сиёсат каби илмлар ҳам берилган эди. Толут замонида пайғамбар ҳам бор эди, шубҳасиз, у шаръий илмларни ваҳий орқали биларди. Лекин қўшинни бошқариш учун ҳаётий илмларни билувчи мутахассис юборилди. “Уларга пайғамбарлари: “Аллоҳ сизларга Толутни подшоҳ этиб юборди”, деди” (Бақара сураси, 247-оят).
Юсуф алайҳиссаломга Мисрда вазирлик таклиф қилинганда: “(Юсуф) деди: “Мени шу ернинг хазинабони қилиб қўй! Зеро, мен (омонатни) сақловчи ва (ўз ишини пухта) билувчидирман” (Юсуф сураси, 55-оят).
Қаранг, Юсуф алайҳиссалом катта амалга дарҳол рози бўлмади, балки қўлидан келадиган вазифани сўрамоқда. У зотнинг “билувчидирман” дейиши динни ёки ваҳийни эмас, ер ва деҳқончилик илмларини билувчиман деганидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғ саҳобий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни “Зотул салосил” юришига қўмондон қилдилар. Ваҳоланки, қўшинда буюк саҳобалар кўп эди. Амр мусулмон бўлганига энди беш ой бўлган, шаръий илмларни бошқа саҳобалардай билмаса ҳам жанг илмини, ўша жой стратегиясини яхши биларди. Пайғамбар алайҳиссалом у ҳақида: “У жанг маҳоратини яхши билгани учун уни бош қилдим”, деганлар (Суютий, “Тарихи хулофо”).
Амр ибн Ос бош қўмондон қилиб тайинланиши Пайғамбаримиз алайҳиссалом мукаммал ҳаётий илмни қанчалар қадрлаганлари нишонасидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Қуръон тиловатини етук саҳобалардан ўрганишга буюрдилар. Жумладан: “Қуръонни тўрт кишидан Ибн Умму Абддан (Абдуллоҳ ибн Масъуддан), Муоз ибн Жабалдан, Убай ибн Каъбдан, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимдан ўрганинглар” (Имом Бухорий, имом Муслим ривояти).
Мазкур тўрт саҳобийни тақвода, зуҳдда пешқадамлиги учун эмас, балки Қуръон илмида моҳирлиги, қироат турларини яхши билганлари учун тавсия қилдилар.
Билол розияллоҳу анҳуга азон айтиш буюрилгани унинг намози, рўзаси учун эмас, балки овози баланд ва гўзал бўлгани сабабдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам азон калималарини тушида эшитган Абдуллоҳ ибн Зайдни муаззин этиб тайинламади, балки унга: “Бу ҳақ тушдир, Билолга бу калималарни айтиб тур, у азонни айтсин, у овози баланд инсондир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Шунингдек, тиб илмида ҳам энг моҳир табибдан даволаш талаб этилади. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ “Муватто”да ривоят қилади: “Бир саҳобий жароҳат олди, Расулуллоҳ Бани Анмордан икки кишини чақиртирди, “Қайси бирингиз табобатда моҳирроқсиз?” деб сўрадилар. Улар: “Ё Расулуллоҳ, тиббиётда ҳам яхшилик борми?” деди. У зот “Касалликни туширган давосини ҳам туширган!” дедилар.
Ишини яхши билмаган мутахассис фойда бериш ўрнига зарар келтириб қўяди. Фиқҳ китобларида айтилишича, касбини яхши билмаган табиб беморга зиён етказса, зарарни ўзи тўлайди ва жавобгар бўлади. Лекин ҳозиқ табиб беморни даволаш жараёнида зарар етказса, жавобгар бўлмайди ва унга жазо берилмайди.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинади: “Тиббиётни яхши билмай туриб табиблик қилган шахс зарарни тўловчидир” (Имом Абу Довуд,имом Насоий, имом Ибн Можа ривояти).
Фақиҳ, табиб, файласуф Ибн Рушд айтади: “Табиб ҳозиқ бўлса, етказган зарарини тўламайди: беморни ўлдириб ёки бирор аъзосига шикаст етказса ҳам. Табиб табобатда нўноқ бўлса, дарра урилади, қамаб қўйилади, хун тўлатилади” (“Бидаятул мужтаҳид”).
Еттинчи далил. Ислом кўркўрона тақлид қилиш, далил исботларга эътиборсиз бўлишдан қайтаради. Аллоҳ таоло қўр-кўрона тақлид қилишни қоралаб айтади: “Уларга (мушрикларга): “Аллоҳ нозил этган (оятлар)га эргашинглар!” дейилса, улар: “Йўқ, биз отабоболаримизни не узра топган бўлсак, ўшанга эргашамиз”, дейдилар. Ота-боболари гарчи ҳеч нарсага ақллари етмайдиган ва тўғри йўлдан юрмайдиган бўлсаларчи?!” (Бақара сураси, 170-оят).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Одамлар яхшилик қилса, яхшилик қиламиз, ёмонлик қилса, ёмонлик қиламиз, деманглар. Ўзларингни яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришга, ёмонлик қилганларга зулм қилмасликка ўргатинглар” (ИмомТермизий ривояти).
Аллоҳ инсонни ақл неъмати билан сийлади. Инсоннинг ҳайвондан фарқи ҳам шунда. Демакки, Ислом ақа воситаси ила гумроҳликдан, мутаассибликдан халос бўлишга чақиради. Кимки тафаккур қилмаса, фикрлашдан тўхтаса, Исломга хилоф қилган бўлади.
Хулоса шуки, ҳар бир соҳада етук мутахассис бўлиши керак. Бунинг учун илм, маҳорат, тажриба зарур. Ўз соҳасини мукаммал билмайдиган киши қанчалик тақводор бўлмасин, ундан маслаҳат олинмайди, унга ишонч билдирилмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам деҳқончилик, тиббиёт, тижорат, қўмондонлик ва бошқа соҳаларнинг билимдонларини қадрлаганлар. Аслида, Ислом бизга шундан ҳам таълим беради. Бироқ, сўнгги асрларда динни нотўғри тушуниш ва талқин қилиш мусулмон ларни ҳозирги вазиятга солиб қўйди.
"Ислом ва олам" китобидан олинди