Бизларни Ўзига ибодат қиладиганлардан қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Ҳаётнинг барча жабҳаларида бизларга намуна бўлган ислом минорасини кўтарган зот Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.
Рамазон ойининг охирги кунларини ўтказмоқдамиз Рамазон кундузлари рўза тутиб, тунларда қоим, бедор бўлганлардан Аллоҳ таоло рози бўладиган ойдир. Жаннат эшиклари очилиб, шайтонлар занжирбанд қилинадиган ойдир. Бу ой аввали раҳмат, ўртаси мағфират ҳамда охири дўзахдан қутулиш бўлган улуғ ойдир. Бу ой ҳар тунда дўзахга кириши вожиб бўлган кимсаларнинг юз минги озод бўладиган буюк ойдир. Бу ой рўзадорларнинг нафаси Аллоҳ таоло ҳузурида мискдан-да xушбўй бўладиган муборак ойдир. Бу ой Аллоҳ таоло ва гуноҳкорлар ўтасида алоқа тикланиб гуноҳлар кечириладиган ойдир. Аллоҳ таоло бандаларидан ҳар бир солиҳ амалдан кейин истиғфор айтишини талаб қилади. Бу борада Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“…Дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи зотдир” (Наср, 3).
“…Аллоҳдан мағфират сўрангиз. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Бақара, 199).
Ҳа азизлар, Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи зотдир. Моҳи шариф Рамазон ойининг охирги куну тунларида барча нарсани билувчи, оламлар Раббисига боғланиб, истиғфор ва тавба қилиш билан машғул бўлишимиз лозим. Шояд Аллоҳ таоло гуноҳларимизни кечириб, бизларни янги туғилган чақалоқ каби гуноҳлардан пок қилса.
Қуръони каримда ўтган пайғамбарларнинг қавмларига айтган қуйидаги сўзлари келтирилади:
Нуҳ (алайҳиссалом):
“Бас, дедимки: «Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур” (Нуҳ, 10-12).
Ҳуд (алайҳиссалом):
“(Аллоҳ буюрадики), Раббингиздан мағфират (кечирим) сўрангиз, сўнгра Унга тавба қилингиз, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур ва ҳар бир фазлли (карамли, сахий) кишига Ўз фазлини ато этур…” (Ҳуд, 3).
Сулаймон (алайҳиссаолом):
«Эй, Раббим! Ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган бир мулк (ҳукмронлик) ато этгин! Сенинг Ўзинггина Ваҳҳоб (барча яхшиликларни ато этувчи)дирсан»” (Сод, 35).
Иброҳим (алайҳиссалом) умрларининг охирида:
“У жазо куни (қиёматда) менинг хатоларимни мағфират этишини умид қилурман”, деганлар (Шуаро, 82).
Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом) ва аёллари Ҳавво онамиз гуноҳ қилиб қўйганларида айтган сўзларини Қуръонда шундай марҳамат қилади:
“Иккиси айтдилар: «Эй, Раббимиз! Биз ўзимизга (ўзимиз) зулм қилдик. Агар бизни кечирмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, биз, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз»” (Аъроф, 23).
Аллоҳ таоло истиғфор сўровчиларга шундай ваъда беради:
“Уларнинг ичида Сиз бўла туриб, Аллоҳ уларни азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас” (Анфол, 33).
Аллоҳ таоло барча инсонларга шудай нидо қилади:
“(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир” (Зумар, 53).
Бу оят Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) таъбири билан айтганда, кофирлар учун ҳам, мўминлар учун ҳам баробар даъватдир. Зеро, куфр ва ширкдан шу дунёда тавба қилиб имон келтирган кишининг тавбаси ва имони қабул қилиниши аниқ. Шунингдек, мўмин бўла туриб, дарёнинг кўпигидек кўп гуноҳ қилган кимсанинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло ўз фазли билан кечиб юбориши мумкин экани ҳам оят ва ҳадислардан маълумдир (Шайх Абдулазиз Мансур).
Аллоҳ таоло гуноҳ қилиб қўйиб истиғфор айтиб, тавба қилган бандаларини мадҳ этиб шундай дейди:
“Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, улар била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир. Айнан уларнинг мукофотлари – Парвардигорларидан мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғлари бўлиб, ўша жойда абадий бўлурлар. (Солиҳ) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!” (Оли имрон, 135-136).
Аллоҳ таолонинг раҳмати улуғлиги ва мағфирати чексиз экани ҳамда чин қалбдан қилинган дуоларни қабул қилиши ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:
“У имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни (дуоларини) ижобат қилур ва уларга Ўз фазлидан зиёдалик ато қилур. Кофирлар учун эса қаттиқ азоб бордир” (Шуро, 25).
“Аллоҳга тавба қилиб, Ундан кечирим сўрамайдиларми?! (Ахир,) Аллоҳ кечиримли ва раҳмли зот-ку?!” (Моида, 74).
“Кимда-ким бирор ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан кечирим сўраса, Аллоҳнинг (қанчалик) кечирувчан ва раҳмли эканини идрок этади” (Нисо, 110).
Биз Рамазонда тавба қилмасак, қачон тавба қиламиз? Аллоҳ таолога Рамазонда қайтмасак, қачон қайтамиз? Ўз нафсимизни Рамазонда ҳисоб-китоб қилмасак, қачон ҳисоб қиламиз? Аллоҳ таоло қудсий ҳадисда: “Эй бандаларим, сизлар туну кун гуноҳ қилсаларинг ҳам Мен барча гуноҳларни кечирувчиман. Мағфират сўранг, мағфират қиламан”, деди.
Бугун истиғфор айтиладиган, гуноҳлардан фориғ бўлинадиган, Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлинадиган, дўзаҳдан озод бўлинадиган ойининг охирги кунидир. Бу фурсатни ғанимат билиб, тўлиқ фойдаланайлик. Ушбу тунда ўзимизни дўзаҳдан қутқарайлик, намозни, тавба ва истиғфорни кўпайтирайлик, яхшиликларга шошилайлик. Ким катта гуноҳ қилган бўлса, шу кунда афв қилинади. Ким ёмонлик қилган бўлса, бугун кечирилади. Келинглар, бугун Раббимиздан мағфират қилишини сўрайлик, илтижо қилайлик. Ким бу кундан фойдаланмаса пушаймон ва кўп надомат қилади.
Аллоҳ таоло бизларга дунё ва охиратда саодатни насиб қилсин. Умрнинг ҳар сониясини ғанимат биладиганлардан қилсин. Алвидо эй Рамазон. Алвидо эй таровеҳ, Алвидо эй раҳмат ойи.
Баҳриддин ПАРПИЕВ
Жаннат аҳлига ваъда қилинган абадий неъматлар ҳақида ҳам узоқ фикр эт, қалбинг умидга тўлсин. Нафсингни хавф қамчиси билан ҳайдаб, умид билан жиловла ва сиротул мустақимга йўлла. Ана шунда буюк мулкка етасан, аламли азобдан халос бўласан.
Аҳли жаннат хусусида, уларнинг юзларида акс этган неъматлар жилваси, мушк билан муҳрланган май ила қондирилишлари ҳақида ўйлаганмисан?! Жаннат аҳли оқ дурдан тикилган чодирлар ичида, қизил ёқутдан бўлган минбарларда, яшил болишлар ва гиламлар устида, май ва асал оқаётган дарёлар бўйида қурилган сўриларда ястаниб ўтирурлар. Уларнинг атрофида хизматга ҳозир ғуломлар ва ҳеч қачон қаримайдиган болалар бўлур. Жаннат оҳу кўзли, хушхулқ ва гўзал юзли аёллар билан зийнатланган. Ёқут ва маржондек нафис бу бокираларга илгари на бир инс ва на бир жин тегинган...
Уларнинг эгнидаги оппоқ ипак кўзларни қамаштиради. Бошларидаги инжу ва маржонлар қадалган тожлари ундан-да нурафшон. Ишвалари сокинлик ва осудалик билан безанган юзлар қариб қолиш каби ноқисликлардан холи. Улар жаннат боғчаларининг ўртасида ёқутдан бунёд этилган чодирда ёлғиз бўлурлар.
Уларнинг ҳузурида борлиғи ҳаё билан тўсилган мусаффо оҳу кўз ҳурлар бор. Устларида эса мангу ёш болалар оқар чашмадан қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни айлантириб турурлар. Яна улар учун худди садаф ичида яшириб қўйилган гавҳар мисоли оҳу кўз ҳурлар бордир. Бу ҳурлар жаннат аҳлининг дунё ҳаётида қилиб ўтган солиҳ амалларининг мукофотидир. Улар жаннатнинг чашмалар, дарёлар оқиб турган эмин мақомида, Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда Маликул Карим Парвардигорининг жамолига боқадилар. Уларнинг юзларида неъматлар жилваси порлайди. Уларга на бир заифлик, на бир хорлик етади. Балки улар Парвардигори томонидан ёғдирилаётган турли неъматлардан бахтиёр, ўзлари истаган масканда абадий қолгувчидирлар. Уларга у ерда на бир хавф, на бир ҳазинлик етмас, балки балою фалокатлардан омондадирлар.
Улар жаннат таомларидан ейдилар. Сут, май, асал тўла дарёлардан ичадилар. У дарёларнинг ерлари кумушдан, тошлари маржон, тупроғи мушк, ўтлари заъфарондир. Қуюқ кофур аралашган оқ атиргул сувларига тўла булутлардан ёмғирлар ёғади. Жаннат аҳлига асли кумушдан бўлган, дур, ёқут, маржонлар билан зийнатланган қадаҳлар, шунингдек, ичида муҳрланган май, аралашмаси чучук салсабил бўлган майкосалар келтирилади. У майкосалардан нур порлайди. Уларнинг софлиги шу даражадаки, майнинг майинлиги ва қирмизи рангги косанинг ташқари томонидан билиниб туради. Чунки, бу одамзоднинг санъати эмас, у бундай гўзалликдан ожиз. Майкосалар чеҳрасидан нур ёғилаётган ходимлар кафтида (жаннат аҳлига узатилган ҳолда) туради.
Ҳа, ходимларнинг нур порлаётган юзлари қуёшга ўхшайди, фақат, у юзлардаги ҳаловат, у кўзлардаги ҳусну малоҳат қуёшда не қилсин!
Ажабо! Охират диёрининг бу сифатларига, бу диёр аҳлининг ўлмаслигига ва жаннат аҳлининг кутилмаган ўзгариш, офат-балолардан омонда эканлигига аниқ ишонган киши, қандай қилиб, охири харобаликка юз тутувчи бу ўткинчи дунёни ўзига дўст билиши мумкин?! Қандай қилиб, у диёр лаззатини, бу дунё лаззатига алмаштириш мумкин?!
Аллоҳга қасамки, агар жаннатда сиҳат-саломатлик билан бирга ўлим, очлик, ташналик каби офатлардан омонлик бўлса-ю, бошқа ҳеч нарса бўлмаса, фақат шу сабабнинг ўзи ҳам бу дунёдан юз ўгиришга арзийди. Нега энди охират диёри бу дунёдан устун қўйилмасин? Ахир, жаннат аҳли ҳар қандай хавфдан омон подшоҳлардир. Улар турли-туман неъматлар ичида шод-хуррам, хоҳлаган неъматлари олдида муҳайё! Улар ҳар куни Арш ёнида ҳозир бўлиб, Аллоҳнинг дийдорига назар соладилар...
Абу Ҳурайра Расули акрам алайҳиссаломнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Мунодий нидо қилади: "Эй жаннат аҳли! Энди сиз ҳамиша соғломсиз, ҳеч қачон дардга чалинмайсиз, ҳамиша тириксиз, ҳеч қачон ўлмайсиз. Доимо ёшсиз, ҳеч қачон қаримайсиз. Албатта, сиз саодатли бўласиз, ҳеч қачон бахтсизликка йўлиқмайсиз"» (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло дейди: «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир» (Аъроф, 43-оят).
Жаннат сифатлари билан танишмоқчи бўлсанг, Қуръон ўқи. Жаннат ҳақида Аллоҳ таолонинг баёнидан улуғроқ баён борми?!
«Парвардигори (ҳузурида) туришидан (яъни, Парвардигор олдида туриб, ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришидан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир» (Раҳмон, 46) оятидан то сура охиригача, шунингдек, Воқеа ва бошқа сураларни ҳам ўқи, жаннат ҳақидаги хабарларнинг тафсилотига боқ! Аввало, жаннатнинг сони билан боғлиқ жиҳатларга эътиборингни қарат. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Раҳмон сурасидаги «Парвардигори (ҳузурида) туришидан қўрққан киши учун икки жаннат бордир» ояти хусусида дейдилар: «Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари кумушдан. Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари олтиндан. «Адн» дейилмиш мангу жаннатда аҳли жаннат ва Парвардигорининг орасида кибриё ридосигина бўлур» (Муттафақун алайҳ).
Кейин жаннат эшикларини тасаввур қил. Уларнинг сони тоатингга яраша. Яъни, қайси мўминнинг Аллоҳ таолога итоати кўп бўлса, унга очиладиган жаннат эшиклари ҳам шунчалик кўп бўлади. Жаҳаннам эшикларининг сони ҳам кишининг маъсиятига мувофиқ бўлади. Яъни, инсон Аллоҳ таолога қанча кўп итоатсизлик қилса, унга шунча кўп дўзах эшиклари очилади.
Абу Ҳурайра Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Кимки Аллоҳ йўлида ўз молидан бир жуфт нарсани инфоқ қилса, у жаннатнинг барча эшикларидан чорланади. Жаннатнинг саккизта эшиги бор. Кимки аҳли намоз бўлса, «Бобус солат» (Намоз эшиги)дан, рўза аҳли «Бобус сиям» (Рўза эшиги)дан, аҳли садақа бўлса, «Бобус садақа» (Садақа эшиги)дан, аҳли жиҳод бўлса, «Бобул жиҳод» (Жиҳод эшиги)дан ичкарига чорланади». Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
– Аллоҳга қасамки, бу эшикларнинг биттасидан чақирилган киши нажот топади. Жаннат эшикларининг барчасидан чорланадиган киши ҳам борми?
– Ҳа, сен ўшалардан бири бўлишингни умид қиламан, дедилар Набий алайҳиссалом» (Муттафақун алайҳ).
Осим ибн Замра Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилади: «Ҳазрати Али дўзахни эслатди. Шундай бир қўрқинч билан эслатдики, унинг даҳшатидан ҳозир қўрқинчдан бошқаси хотиримдан кўтарилди. Кейин шу оятни ўқиди: «Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга киритиладилар. Қачонки улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» деганларида (улар беҳад шодланурлар)» (Зумар, 73-оят).
Сўнгра кейинги чашмага бориб, у билан покланадилар. Уларга неъматлар жилваси ёғилади. Бадандаги туклардан мудом хуш бўйлар таралади. Сочлар гўё атирли мой сурилгандек бир текис, тартибли. Кейин улар жаннатга етиб келадилар. Жаннат қўриқчилари уларга: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» – дейишади.
Сўнг вилдон – мангу ёш болалар уларни қарши олишиб, атрофида айланишади, бамисоли, дунё болалари узоқ вақт кўрмаган яқинларини соғинч билан кутиб олиб, атрофида айланишганлари каби. Улар аҳли жаннатга: «Қувонинг, шодланинг! Қаранг, Аллоҳ таоло сизга шунчалик неъматни ато қилибди!» – дея суюнчилашади».
Ровий дейди: «Мангу ёш болалардан бири жаннат аҳли завжаларидан бўлган оҳу кўз ҳурлардан бирига: «Фалончи келди!» деб у жаннатийнинг дунёда чақирилган исмини айтади. Шунда оҳу кўз ҳур:
– Сен уни аниқ кўрдингми? – деб сўрайди.
– Ҳа, аниқ кўрдим, мана у изимдан келяпти, – дейди у. Ўшанда у ҳур севинчдан шу даражада енгиллашиб кетадики, бир зумда жаннат эшиги бўсағасида ҳозир бўлади. Жаннатий банда ўз масканига етиб, маржонлардан иборат соҳил устига қурилган қизил, сариқ, яшил каби турфа рангда товланаётган кўшкка назари тушади. Бошини кўтариб, чақмоқдан чақнаётган кўшкнинг шифтига аста қарайди. Агар Аллоҳ таолонинг тақдири бўлмаганида бу ёрқинлик унинг кўзини кўр қилган бўлар эди. Кўзини шифтдан олар экан, қошида завжаларини, булоқ бўйига қўйилган қадаҳларни, тизиб қўйилган ёстиқларни ва тўшалган гиламларни кўради. Сўнгра уларга суяниб: «...Бизларни бу (неъматларга) йўллаган Зот-Аллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ҳаргиз йўл топа олмас эдик...» – дейди (Аъроф, 43-оят).
Кейин мунодий нидо қилади: «Мангу ҳаётсиз, ҳаргиз ўлмайсиз. Доимо бунда муқимсиз, ҳеч қачон кетмайсиз. Ҳамиша саломатсиз, ҳеч қачон хасталанмайсиз».
Расули акрам алайҳиссалом дедилар: «Қиёмат куни жаннат эшиги олдида ҳозир бўламан, унинг очилишини сўрайман. Шунда жаннат қўриқчилари:
– Ким у? – дейди.
– Муҳаммад! – дейман.
– Сиздан олдин бирорта кишига эшикни очмасликка буюрилган эдим, – дейди у» (Муслим ривояти).
Жаннатдаги кўшклар, у ерда даражаларнинг фарқланиши тўғрисида ҳам фикр эт. Чунки, охират даража жиҳатидан энг юксак, афзаллиги жиҳатидан энг улуғ мезондир. Одамлар тоатларнинг зоҳирий кўринишида ва ботиний хулқда бир-биридан фарқлангани каби амалларига кўра тақдирланишда ҳам фарқланадилар. Агар юксак даражаларни кўзлаётган бўлсанг, жидду жаҳд қил, токи Оллоҳ таолога итоат қилишда ҳеч ким сендан ўзиб кетолмасин. Ахир, Оллоҳ таоло айни шу майдонда сенга мусобақа ва рақобатни буюрган-ку!
«(Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Оллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ер кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз...» (Ҳадид, 21-оят).
«У (май)нинг муҳри мушк бўлур. Бас, баҳслашгувчи – мусобақа қилгувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар – мусобақа қилсинлар» (Мутаффифун, 26-оят).
Ажабо! Яқинларинг ё қўшниларингдан бирортаси бойиб кетса ёки иморатини баланд қилиб кўтарса, сиқиласан, қийналасан. Ҳасад туфайли ҳаётинг аччиқ зардобга айланади. Лекин энг олий қароргоҳда, жаннатда шундай яқинларинг ёки қўшнилар борки, улар ўз фазилатлари билан аллақачон сендан ўзиб кетди. Бу фазилатларга дунё ва ундаги жамики нарсалар ҳам бас келолмайди.
Абу Саид Худрий Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Устма-уст, даражама-даража жойлашган кўшк аҳли жаннатийларга, бамисоли узоқ уфқларда мағрибу машриққа сочилиб, бир-бири билан мусобақалашаётган юлдузлардек бўлиб кўринади.
– Эй Оллоҳнинг расули, улар пайғамбарлардан ўзгаси етолмайдиган манзилми? – дея сўрашди.
– Жоним измида бўлган Зотга қасамки, у Оллоҳга иймон келтирган ва мурсалларни тасдиқлаган кишиларнинг манзилларидир» (Муттафақун алайҳ).
Расули акрам бу ҳақда яна шундай деганлар: «Жаннатдаги баланд даража эгаларини улардан қуйидагилар худди осмон уфқларида порлаган юлдузларни кўргандай кўрадилар. Абу Бакр ва Умар шулардандир...» (Термизий ривояти).
Жобир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом бизга:
– Сизларга жаннат кўшкларининг хабарини берайми? – дедилар.
– Ота-онамиз Сизга фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг расули, хабарини беринг, – дедик.
– Жаннатда ҳамма томони гавҳардан бунёд қилинган кўшклар бор. Бу кўшклар шу даражада шаффофки, ташқарисидан ичи, ичидан ташқариси кўриниб туради. Кўшк ичкарисида на кўз кўрган, на қулоқ эшитган, на инсон хотирига келган бир неъмат, туганмас лаззат, адоқсиз сурур бор, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, бу кўшклар ким учун ҳозирланган? – сўрадим.
– Шундай бир киши учунки, у саломни ёяди, таом едиради, давомли рўза тутади, тунда одамлар уйқуга ғарқ пайтда намоз ўқийди, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, буларни ким бажара олади? – дедик.
– Умматим бу ишларни бажаришга қодир. Улар ҳақида сизларга хабар берайинми? Ким биродарига йўлиққан пайтда салом берса ё алик олса, демак у саломни ёйган бўлади. Кимки аҳли оиласини тўйгунча озиқлантирса, таом едирувчилар жумласидан бўлади. Кимки рамазон ойида ва ҳар ойнинг уч кунида рўзадор бўлса, давомли рўза тутган ҳисобланади. Кимки хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо қилса, тунда одамлар яъни, яҳудийлар, насоралар ва мажусийлар уйқуда пайтда намоз ўқиган бўлади, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Абу Наим ривояти).
Аллоҳ таолонинг: «...абадий жаннатлардаги покиза масканларга киритур» (Саф, 12) ояти ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди. Расули акрам дедилар: «Покиза масканлар – маржонлардан бунёд қилинган қасрлардир. Ҳар бир қасрда қирмизи ёқутдан бўлган етмишта ҳовли, ҳар ҳовлида яшил зумраддан бўлган етмишта уй, ҳар уйда бир тахт, ҳар тахтда барча ранглардан уйғун етмишта тўшак, ҳар тўшакда оҳу кўзли ҳурлардан бир жуфти ҳалол бор. Ҳар уйда етмишта дастурхон, ҳар дастурхонда етмиш хил таом бор. Ҳар уйда етмишта ходима бор. Мўмин кишига ҳар куни эрталаб шундай бир қувват бериладики, кун давомида ходимларнинг барчаси билан қўшилишга қодир бўлади» (Абу Шайх ривояти).
Абу Ҳомид Ғаззолий "Иҳё улумуд дин (Сўнгги манзил зикри)" китобидан