Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Август, 2026   |   23 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:51
Қуёш
05:20
Пешин
12:34
Аср
17:28
Шом
19:39
Хуфтон
21:09
Bismillah
06 Август, 2026, 23 Сафар, 1448

Рамазон ҳайити – кўнгиллар шодлиги

14.06.2018   6317   6 min.
Рамазон ҳайити – кўнгиллар шодлиги

Рамазон ҳайити – катта шодиёна, хурсандчилик ва кўтаринки руҳда ўтадиган муборак байрам. Чунки ушбу кун тутган рўзаларимиз қабул бўладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли  мўл-кўл ёғиладиган ажойиб палладир. Шу боис ҳайитда барчамиз хурсандчилигимизни, саховатимизни ва юксак ахлоқимизни ҳар қачонгидан кўра кўпайтиришимиз зарур. 

Ҳайит – Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига зиёфат куни, Қуръони каримда бундай марҳамат этилади:  “Албатта, мана шу (жаннат неъматлари) улкан ютуқнинг ўзидир. Бас, айнан мана шундай ютуқ учун амал қилувчилар амал қилсинлар!” (Соффот сураси, 60-61-оятлар).

Рамазон рўзасидан олган тарбиямизнинг яна бир жиҳати шу бўлдики, бу ой бизларга бир-биримиз билан янада аҳил, тотув бўлиб яшашни, бағрикенг бўлишни, фақат ўзимиз учун эмас, ўзгалар учун ҳам камарбаста, фидойи бўлишни ўргатди.  Чунки   юртимизда  тинчлик ва осойишталик бардавом бўлишида, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги  юксалишида бу инсоний фазилатларнинг ўрни беқиёсдир. 

Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак,   ҳайит байрамини ҳам ўшандай файзли қилиб  ўтказишимиз  керак бўлади. Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга хушнудлик, нафсларга севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига  ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлашдир. 

Ҳайит муносабати билан қўни-қўшниларга таом улашиб, уларни зиёрат қилинса, қавму қариндошларнинг ҳолидан хабар олинса, хурсандчиликлар янада зиёда бўлади.  

Ҳайит байрамида хурсандчилик қилаётган мусулмон шариатда ман қилинган ишлардан тийилиш лозим. Чунки бу кунда қилинган хайрли ишларнинг савоби улуғ бўлганидек, ношаръий ишларнинг ҳам гуноҳи каттадир. Гўё "ҳайитда рухсат" дегандек турли ношаръий ўйин-кулгуларга машғул бўлиш ёки аксинча шариат байрам қилиб белгилаган кунни азага айлантириш ярамайди. Зеро ҳайит куни ҳам мусулмон кишининг бошқа кунлари сингари яхшилик ва хайр-барака куни бўлиши, гуноҳ ва маъсиятлар содир этадиган кун бўлмаслиги керак. 

Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалар улашиш, истирохат боғларига ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, ҳайит байрамининг шодликларидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ҳам баҳраманд қилишга уриниш комил мусулмонлик белгиларидан биридир. Зеро ҳар бир воқеа ёш боланинг онгида тошга ўйилган нақш каби сақланади. Бир танишимиз бундай ҳикоя қилади: "Етмишинчи йилларнинг боши... Комфирқа одамлари ҳайит намозини масжидда ўқитмайди. Намозга тўпланган жамоа нима қиларини билмай қолади. Шунда дадам: "Юринглар, ҳайит намозини ўқийдиган жой бор", дейдилар. Одамлар дадамга эргашишди. 

...Эндигина кўча эшик олдини супуриб бўлган онам дадамнинг эрта қайтганидан ажабланди. Дадам шошилиб, қибла томонга шолча тўшади. Бир зумда ҳовли одамга тўлди. Биров қўйнидан жойнамоз олди, биров белбоғини ечиб ерга солди. Намоз ўқилди. Кишилар дуо қилиб тарқалишди. Дадам одамларни кузатгач, бизга ҳайитлик бердилар. 

Бу воқеадан сўнг онам анча вақтгача дадамдан хавотирга тушиб, сал кеч қолсалар, илҳақ бўлиб, бизни хабар олишга жўнатардилар. Бу хавотирларининг сабабини кейинроқ тушундим..." 

Алҳамдулиллаҳ, ҳозир жума ва ҳайит кунлари эмин-эркин ибодат қилиб, яқинларига ҳайитликлар улашаётган юртдошларимизни кўриб, кўнглимиз қувнайди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ҳайит куни бирга кетишаётган эди. Мадина кўчаларида ўйнаб юрган болалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳайитлик сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

– Эй Умар, мени бу болалардан сотиб олмайсизми? – дедилар.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу югуриб кетдилар ва болаларга гўшт, бир оз хурмо ва мевалар келтириб бердилар. Мамнун бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига табассум ёйилди. ("Тарихул Анбиё"). 

Одатда байрамларда жамият ахлоқи, истак ва майллари, урф-одатлари ҳар қачонгидан аниқроқ бўртиб кўринади. Шу боис Рамазон ойи давомида бўлгани каби ҳайит арафасида ҳам меҳр-муҳаббат, саховат, ўзаро ёрдам бериш,  ҳожатмандлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қўйиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра эътибор кўрсатиш, инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни янада кучайтириш талаб этилади.

Шунинг учун ҳам Яратганга шукроналар айтиб, буюк фарз амали Рамазон ойи рўзасидан сўнг Аллоҳнинг тавфиқи билан диёримизга кириб келган муборак Рамазон ҳайити  барчамизга  шодлик ва ҳуррамлик айёмига айлансин, деймиз! Бу кун шоду хуррамлик айёми, қутлуғ байрам экан, унинг шукрини адо этиш, ушбу муборак кунда ҳаммамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавму қариндошларимиз, улуғларимиз зиёратига бориб, уларнинг дуоларини олиш, бетоб, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабардор бўлиш, ёрдамга муҳтож кишилар кишиларга қўлдан келганича хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирларимизни ҳайит билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларниунутиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш ва шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига    сазовор бўлиш ҳар бир мусулмоннинг байрам кунларидаги энг савобли амаллари саналади. Бу кунларни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик керак. Ўтганларимизни эслаш, уларнинг руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал, лекин булар ҳайит байрами шукуҳига таъсир қилмаслиги лозим. 

Аллоҳ таоло Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак қилсин! Байрамнинг шарофатидан мустақил Ватанимиз равнақи, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлишини ва икки дунё саодатини насиб айласин! Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилсин, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолигини бардавом, халқимизни янада фаровон бўлишини насибу рўзи айласин. 

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл тумани “Жомеъ” жоме масжиди имом-хатиби

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Истиғфор – маъфират, раҳмат ва барака калити!

04.08.2026   6070   1 min.
Истиғфор – маъфират, раҳмат ва барака калити!

Истиғфор инсоннинг Аллоҳ таолодан гуноҳларини кечиришини сўраши ва унинг раҳматига юзланишидир. Ислом таълимотида истиғфор нафақат гуноҳларнинг кечирилишига, балки инсон ҳаётида барака, хотиржамлик ва яхшиликлар кўпайишига сабаб бўлувчи амал сифатида таъкидланган.


Бир киши Тобеъинларнинг буюк олимларидан Ҳасан Басрий ҳузурларига келиб: Эй имом! осмондан ёмғир ёғмаяпти, деди.


У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг (истиғфор айтинг), – дедилар.


Кейин бошқа бир киши келиб: Хотиним фарзанд кўрмаяпти, – деди.


У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг, – дедилар.


Яна бир киши келиб: ҳаёт қийинчиликларидан, қашшоқликдан шикоят қиламан, – деди.


У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг, – дедилар.


Шунда мажлисдаги кишилардан бири: Ажаб экан, эй имом! Ким қандай ҳожат билан келмасин, ҳаммасига истиғфор айтишни буюряпсиз, – деди.


Ҳасан Басрий бундай жавоб бердилар: Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини ўқимадингизми?


“Бас, Парвардигорингиздан мағфират сўранглар. Албатта, У ўта Мағфиратлидир. Шунда У сизларга осмондан кетма-кет ёмғир ёғдиради. Мол-дунё ва фарзандлар билан мадад беради, сизлар учун боғлар ва анҳорлар ато этади(Нуҳ сураси, 10–12-оятлар).

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар билан ишлаш бўлими мутахассиси

Ҳумоюддин Хусниддин ўғлининг таржимаси.

Ўзбекистон янгиликлари