Бугун, юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларга ҳам сермаҳсул хизматлари билан танилган, муҳтарам устоз Анвар қори Турсунов фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, имом-хатиблар ва мударрислар Анвар қори Турсуновнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этади. Аллоҳ таоло у кишининг қилиб ўтган яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Қолдирган илмий мерослари, мавъизаи ҳасаналаридан халқимиз кўп йиллар манфаатдор бўлишини муяссар айласин. Анвар қори Турсуновнинг охиратлари обод бўлсин.
Улуғ олим Анвар қори Турсуновнинг жанозалари Минор жомеъ масжидида аср намозидан сўнг ўқилади ва Минор қабристонига дафн қилинадилар.
Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шу йилнинг 20 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Диний идора бўлим бошлиқлари ва масъул ходимлари иштирокида Қурбон ҳайитига тайёргарлик кўриш ва уни муносиб ўтказиш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликлари, юртимиздаги туман-шаҳар бош имом-хатиблари иштирок этди.
Йиғилиш аввалида муҳтарам Президентимизнинг Саудия Арабистонида бўлиб турган Муфтий ҳазратлари билан телефон орқали мулоқотлари, ҳожиларнинг кўтаринки кайфияти ҳақида сўз борди.
Шундан сўнг улуғ айём — Қурбон ҳайити намозини юртимизда уюшқоқлик, юқори тартиб-интизом ва кўтаринки руҳда ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Муфтий ҳазратларининг жойларга етказилган кўрсатма ва тавсияларига амал қилиш, масжидларнинг байрам тадбирларига шайлик ҳолатини кўздан кечириш, намозхонлар учун хавфсизлик ва санитария-гигиена талабларига риоя қилган ҳолда барча шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратилди.
Масофавий йиғилишда улуғ айём арафасида меҳр-мурувват ва саховат тадбирларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада ҳудудлардаги эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий жиҳатдан далда бўлиш юзасидан имом-хатибларга тегишли топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, юртимиздаги қабристон ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, тозалик ишларини кучайтириш ҳамда атроф-муҳитни тартибга келтириш бўйича уюшқоқлик билан ҳашарлар ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати