Қуръони каримда кўп қисса, битик,
Ҳикматга лиммо-лим, умматга ютуқ.
Бир ибрат келмишдир Каҳф сурасида,
Бани исроиллик Мусо ҳақида.
Сўйлаб бергайдурман солсангиз қулоқ,
Ҳикоя тарзида бошдан то оёқ.
Мусо пайғамбардан хутба чоғинда
Сўрдилар: «Ким эрур билимли банда?»
Ўйламай «мен» дея бердилар жавоб,
Бунинг-чун Аллоҳдан эшитди итоб:
«Икки денгиз туташ бўлган маконда,
Учрагай сендан-да билимли банда».
Деди: «Эй Аллоҳим, қайдан топаман?
Ахир бу борада ожиз бандаман».
Деди: «Бир саватга балиқ соласан,
Йўқотган чоғингда уни топасан».
Хизматкор Юшаъга берди-ю фармон,
Икковлон йўл олди денгизга томон.
Турдилар, юрдилар, қушдек елдилар,
Охири манзилга етиб келдилар.
Унутиб қўйдилар саватни аниқ,
Денгизга тушди-ю, йўқолди балиқ.
Сал юргач, оч қолди, ҳолдан ҳам толди,
Ёнбошлаб озгина мизғиб ҳам олди.
Ходимга буюрди: «Тушликни келтир,
Роса чарчадик-ку, ўзинг ҳам ўтир».
Йигит узрин айтди: «Кечиринг, эсиз,
Бундай бўлишини билмабман ҳаргиз.
Унутибман, харсанг узра қолибди,
Ажабо, денгизда йўл ҳам солибди».
Балиқ йўқолмоғи Аллоҳдан эди,
Мусо ул йигитга жилмайиб деди:
«Қўявер, бўлмагин ҳадеб пушаймон,
Биз истаган нарса шу эди, инон».
Қайтиб бориб дарҳол кўрдилар анда,
Яшилга бурканган солиҳ бир банда.
Юзида ой балқир, кўзида қуёш,
Тик боқишга юрак беролмас бардош.
«Сенга ўргатилган рушддан ўргатгин»,
Дея ўтирдилар ёнига секин.
Деди: «Сенинг сабринг етмайди бунга,
Уламоқ керакдир кунларни тунга.
Ғайб илми гўёки туби йўқ уммон,
Ундан инжу термоқ аниқ даргумон».
Деди: «Иншоаллоҳ, сабр этгаймен,
Бу ила муродга аниқ етгаймен».
Деди: «Унда битта шартим бор сенга,
Неки кўрсанг, савол бермайсан менга».
Шартга рози бўлиб, юрдилар равон,
Кемага чиқишди тўламай товон.
Ярим йўлга етгач, ўрнидан турди,
Болтани олди-ю, бурчакка юрди.
Катта бир тахтани ўйиб ташлади,
Бу амал Мусонинг кўнглин ғашлади.
Сўрдики: «Ё тавба, бу нима одат?
Чўкиб кетамиз-ку, бу ишинг ғалат!»
Деди: «Ахир менга ваъда қилгандинг,
Сабринг йўқлигини бошдан билгандим».
Деди: «Унутибман, кечиргин бир бор,
Дўстингни жазога тортмагин зинҳор».
Ҳамроҳ этмоқликка зўрға кўндирди,
Аммо бир амали қалбин синдирди.
Чунки ёш болани ўлдириб қўйди,
Мусо қотилликни гуноҳга йўйди.
Деди: «Ўлдирдинг-ку, бегуноҳ жонни!
Сўроғи қаттиқдир тўкилган қоннинг».
Деди: «Иккинчи бор ваъдангни буздинг,
Бу билан ҳамроҳлик риштасин уздинг».
Деди: «Бундан кейин берсам гар савол,
Не чора кўрсанг ҳам олмайман малол.
Охирги марта ҳам кечиргин мени,
Ваъдамда турмасдан қийнадим сени».
Икковлон сафарда этдилар давом,
Бир шаҳар аҳлидан сўрдилар таом.
Уларни зиёфат қилмади ҳеч ким,
Меҳмоннинг ҳурматин билмади ҳеч ким.
Юриб кетар экан ноумид бўлиб,
Қорин оч, тинка йўқ, кўзга чанг тўлиб,
Йиқилай деб турган деворни кўрди,
Билакни шимариб, турғизиб қўйди.
Деди: «Золимларнинг ғамини единг,
Хоҳласанг, бунинг-чун ҳақ олар эдинг».
Деди: «Ажрашмасак бўлмайди энди,
Сенда тоқатсизлик учқуни ёнди.
Энди айтиб берай, эшит бирма-бир,
Ўртамизда бошқа қолмасин ҳеч сир.
Мискинга тегишли кема эрди ул,
Тешмасам бўлмасди, боисидир бул:
Дарёнинг ортида бир подшоҳ бўлиб,
Барча кемаларни оларди тортиб.
Нуқсонли кемани ким ҳам оларди?
Мискиннинг кемаси омон қоларди.
Болани ўлдирдим, сабаби аён:
Ота-онасига қиларди туғён.
Чунки алар мўмин-мусулмон эрди,
Бу ишим уларга омонлик берди.
Унинг бадалига солиҳ, меҳрибон
Фарзандлар бермоқни хоҳлади Раҳмон.
Икки етимники эди ул девор,
Аларнинг отаси ўтган тақводор.
Тагига хазина жойланган эди,
Биров кўрмасин деб лойланган эди.
Яна қанчадир вақт шундай турар деб,
Вояга етишгач, шояд кўрар деб,
Раббинг у деворни тиклатди менга,
Бу ишнинг боиси ҳикматдир сенга.
Буларнинг барчаси хайрли йўлдир,
Неки кўрган бўлсанг, таъвили шулдир».
Ҳадиси шарифда берилган дарак,
Ўша солиҳ банда Хизрдир бешак.
Илоҳо, кўпайсин билимли банда,
Олимлар иззатда, нодон – шарманда.
Қуръон қиссалари ҳикматга бисёр,
Аллоҳ барчамизга бўлсин мададкор!
Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти Ҳадиси шариф фани мударриси
Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.
Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.
“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.
Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.
Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.
Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.
“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.
Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.
Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати