Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган “Ҳасанбой” жоме масжиди ҳудуди куни кеча илоҳий раҳмат нурлари билан лиммо-лим тўлди, десак сира муболаға бўлмайди. Сабаби, бу файзли жоме масжидда кеча таровиҳ намозида ўқилаётган хатми Қуръон якунига етди. Хатмонага ташриф буюрган Шайх Аблуазиз Мансур каби таниқли уламолар, Раҳимберди домла Раҳмонов, Абдуҳаким қори Матқулов, Исоқжон домла Бегматов каби тажрибали имом-домлаларнинг таъсирли мавъизалари мўмин-мусулмонларимизни янада ихлосли бўлишга ундади. Шунингдек, қориларимизнинг ҳусни совт билан Қуръони карим тиловат қилишлари намозхонларнинг қалбини илоҳий муҳаббатга кўмди.
“Ҳасанбой” жоме масжиди имом-хатиби Абдуманнон домла Усмонов бошчиликларидаги масжид жамоасининг хатмонага пухта тайёргалик кўргани хатми Қуръоннинг якунини чирой ўтиши ва кишиларга аъло кайфият улашишига жуда катта омил бўлди.
Буларнинг барчаси Яратганнинг инояти ва марҳаматидир. Шунинг учун бундай кунларнинг қадрига етиш, асраб-авайлаш ва шукрона келтириш лозим.
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган “Ҳасанбой” жоме масжидидаги таровиҳ намозидан тайёрланган ушбу фотолавҳалар юқоридаги айтилган сўзларимизни тасдиқлайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати