Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳозирда бетоб бўлиб турганликлари сабабли Рамазон ойида диний соҳада айни иш ҳажмининг ортиши, кўплаб тадбирлар ва хайрли лойиҳаларда масъуллик юклатилиши муносабати билан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасини вақтинча Эргаш домла Рустамов бажариб турган эди. Бугун, 21 май куни Тошкент шаҳридаги «Минор» жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари диний идора Масжидлар бўлими мудири Раҳимберди домла Раҳмоновни вазифасидан ажралмаган ҳолда Тошкент шаҳар вакили, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани тўғрисидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимовнинг буйруқларини ўқиб эшиттирди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Мадина шаҳрида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ бўлган бир неча ўнта муқаддас жойлар мавжуд. Улардан бири — Бану Унайф масжиди бўлиб, у Кубо масжидидан жанубий-ғарбий томонга, ал-Уъсба маҳалласига 500 метрдан яқинроқ бўлган масофада жойлашган.
IQNA ахборот агентлиги Саудия Арабистонининг “VAS” агентлигига таяниб хабар беришича, ушбу тарихий масжид ўз номини Кубо аҳли билан иттифоқчи бўлган Бали қабиласининг тармоғи — Бану Унайф қабиласи номи билан атаган.
Баъзи тарихчилар ушбу масжидни ”Ас-Субҳ” ёки “Ал-Мусаббаҳ” номлари билан ҳам билишади. Масжид ўзининг асл ва содда меъморчилиги билан танилган: у қора тусли вулқон тошларидан қурилган ва унинг том қисми йўқ. Масжид майдони тахминан 37,5 квадрат метрни ташкил қилади.
Мадина минтақасини ривожлантириш бошқармаси томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ жойларни сақлаш ва Саудия Арабистонидаги “Нигоҳ – 2030 дастури” мақсадларига мувофиқ равишда ушбу масжид капиталь таъмирдан чиқарилди.
Бану Унайф масжиди маданий ва диний туризм лойиҳаларига киритилган бўлиб, Мадина минтақасини ривожлантириш бошқармаси уни амалга оширишни назорат қилмоқда. Бу эса зиёратчиларни Мадинадаги тарихий ва диний жойлар билан таништиришга қаратилган комплекс ёндашувнинг бир қисми саналади.
Манбалар асосида
Илёс Аҳмедов тайёрлади