Ҳар йили 31 май – Жаҳон тамакисиз куни жаҳон миқёсида нишонланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 1987 йил таъсис этган ушбу халқаро сана чекишни ташлаш бўйича глобал ҳамкорликнинг энг муҳим воқеасидир.
Жаҳон тамакисиз кунини ўтказишдан бир неча мақсад кўзланган. Хусусан, тамаки хавфи ҳақида бутун дунё бўйлаб хабардорликни ошириш, чекишни ташлашнинг афзаллигини тарғиб қилиш, ушбу зарарли одатни тарк этишда амалий ёрдам таклиф этиш, чекиш билан курашадиган соғлиқни сақлаш уюшмалари ва шифохона хизматларини рағбатлантириш, ёшларни тамаки маҳсулотларидан, айниқса, электрон сигарет каби янги маҳсулотдан ҳимоя қилиш шулар сирасига киради.
Бу йил Жаҳон тамакисиз куни “Тамаки эмас, озиқ-овқат етиштириш” мавзуси доирасида нишонланмоқда. Бинобарин, тамаки саноатининг атроф-муҳитга зарарли таъсири, салбий оқибати муттасил ортиб бормоқда. Бу сайёрамизнинг шусиз ҳам чекланган ресурслари ва кучсизланган экотизимига ортиқча юк бўлмоқда.
Рақамларга мурожаат қиламиз. Сигарет ишлаб чиқариш учун бир йилда 600 миллион дарахт кесилади, 22 миллиард литр сув ишлатилади, атмосферага 84 миллион тонна карбонат ангидрид (СО2) гази чиқади. Буларнинг бари ер юзида ҳаво ҳарорати янада кўтарилишига сабаб бўлмоқда.
Тамаки етиштириш нафақат қишлоқ хўжалиги ишчилари, балки барчамизнинг соғлиғимизга путур етказмоқда, боз устига ушбу иллатдан сайёрамиз беқиёс зарар кўрмоқда. Тамаки саноати эса тамакини бошқа экинлар билан алмаштиришга йўл қўймай, оқибатда глобал озиқ-овқат инқирози кучайишига ҳисса қўшмоқда.
Бу йилги тамакига қарши компания, бир томондан, ҳукуматларни тамаки ишлаб чиқаришни субсидиялашдан воз кечишга ҳамда тежалган маблағни қишлоқ хўжалиги корхоналарига озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун йўналтиришга, иккинчи томондан, одамларнинг овқатланишини яхшилаш учун янада барқарор экинларга ўтиш учун ёрдам беришга қаратилган.
Чекишнинг зарарини тамаки истеъмоли туфайли юзага келадиган касалликлардан ҳам билиш мумкин. Бу одат юрак-қон томир, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, асаб, жинсий безлар каби инсоннинг муҳим ички аъзоларига заҳарли таъсир қилади. Оқибатда миокард инфаркти, хафақон касаллиги, бронхларнинг сурункали яллиғланиши, яра ва саратон сингари кўпгина хавфли касалликлага олиб келади.
Кашандалик 17 хил саратонга сабабчи: 98 фоиз қизилўнгач ёки томоқ саратони, 96 фоиз ўпка саратони, 30 фоиз бошқа турдаги саратон касалликлари, 75 фоиз сурункали бронхит ва ўпка эмфиземаси, 25 фоиз юрак-ишемик касалликлари. Юрак касаллиги билан боғлиқ ўлимнинг 20 фоизи айнан тамаки истеъмоли натижасида келиб чиқади.
ЖССТ статистикаси:
Таъкидлаш жоиз, тамакининг салбий таъсири олдини олишга уриниш электрон сигарет кенг тарқалишига олиб келди. Электрон сигарет нима ўзи?
Электрон сигарет – чилим, буғ генератори, вапорайзер ёки вайп сингари тамаки ўрнига махсус суюқлик картрижидан фойдаланадиган чекиш мосламаси.
Чекишнинг ушбу янги шакли кўпинча ўсмирлар, ёшлар томонидан маъқул кўрилмоқда. Бунга асосий сабаб эса электрон сигаретнинг дизайни, ихчам ўлчами ва шаклидир. Қолаверса, турли ёқимли ҳид ва таъм чекиш ҳолатини яшириш имконини беради. Ота-она, ҳатто, фарзанди электрон сигарет истеъмол қилаётганини пайқамаслиги ҳам мумкин.
ЖССТ экспертлари ва бошқа кўплаб мутахассислар ўз тадқиқотларида бундай турдаги электрон чекиш воситасининг зарарли оқибати аёнлигини исботламоқда. Шу сабабли электрон чекиш воситалари тарқалишининг олдини олиш ҳам кун тартибидаги долзарб масалалардан ҳисобланади.
Дунё бўйлаб 800 миллионга яқин одам чекишни ташлашни хоҳлайди. Бинобарин, бу унчалик осон иш эмасдек, гўё. Чекиш кучли жисмоний ва руҳий қарамликни келтириб чиқаради.
Мутахассислар фикрича, инсон тамаки истеъмол қилишдан воз кечганда унинг танасида қуйидаги жараёнлар юз беради:
Инсоннинг саломатликка нисбатан ҳуқуқини таъминлаш мақсадида барча давлатлар тамаки маҳсулотлари учун солиқни ошириш, жамоат жойида тамаки истеъмолини чеклаш ва рекламасини тақиқлаш каби зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Яқиндагина давлатимиз раҳбари “Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Ушбу қонунга кўра, жамоат жойида тамаки маҳсулоти, электрон сигарет ва чилим истеъмол қилиш тақиқланади. Яъни, тамаки маҳсулотини фақат очиқ ҳавода, бинодан ташқарида чекиш мумкин. Чилим ёки тамаки маҳсулоти истеъмол қилишга мўлжалланган бино ва иншоот эса махсус вентиляция тизими билан жиҳозланган бўлиши керак.
Қонунга биноан, тамаки маҳсулоти 21 ёшга тўлмаган шахсларга ва улар томонидан, болаларга мўлжалланган маҳсулотлар сотиладиган хоналарда соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, спорт иншооти, санаторий ҳамда тиббий-ижтимоий муассаса ҳудудларида, таълим, спорт ва диний ташкилотдан 100 метрдан кам масофада жойлашган савдо объектида, доналаб ёки очилган ҳолда сотилиши мумкин эмас.
Бир сўз билан айтганда, соғлигимиз – Яратганнинг бизга ато этган улуғ неъмати. Шу бебаҳо бойликни асраш учун тамакидан воз кечайлик. Биз чекадиган тамаки тутуни нафақат ўзимиз, балки атрофимиздаги инсонлар, айниқса, фарзандларимиз саломатлигига жиддий хавф туғдиришини эсдан чиқармайлик.
Рустам Атовуллоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бош юрисконсульти
“Эй инсонлар! Аллоҳга ва Унинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтиринглар ҳамда У Зот Сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан, яъни вақтинча қўлларингизда турган, эрта бир кун сизлар истасангиз-истамасангиз ўзгаларни қўлларига ўтиб кетадиган Аллоҳ берган мол-давлатдан инфоқ-эҳсон қилинглар! Бас, сизлардан иймон келтирган ва инфоқ-эҳсон қилган зотлар учун катта ажр-мукофот бордир!” (Ҳадид сураси, 7-оят).
Халифа деб таржима қилинган сўз Қуръонда “мустахлафийна” деб келади. Бу сўз луғатда ўзини ўрнига бирор кишини ўринбосар қилмоқ маъносида – эгасини ўрнига бир ишни бажарадиган кишига ишлатилади. Масалан: Мол-мулк, сиз унда мустахлафсиз, яъни у сизни қўлингизда омонат, ҳақиқий эгаси сиз эмассиз, омонатдор қўлсиз холос! Уни сизга Аллоҳ кўрсатган ўринга ишлатишингиз учунгина берилган!
Бир тўда туяси бор аъробийдан сўрашди, бу туялар кимники? Аъробий гўзал жавоб берди: Менинг қўлимда турган, Аллоҳнинг мулки! Мени қўлимда турган, Аллоҳнинг мулки! Яъни, бу Аллоҳники! Мен уни тасарруф қилишга масъулман холос.
“Мустахлаф” сўзини яна ҳам кенгроқ тушунсак, мол-мулкда сиз мустахлафсиз. Сиҳат-саломатлик! Сиз унда мустахлафсиз! Уни ўзини ўрнида ишлатишингиз лозим бўлади. Жамиятда ҳар бир кишини ўз вазифаси, ўрни бор. Сизни ҳам ўз ўрнингиз, вазифангиз бор. Ночорга ёрдам бериш, кучсизни ҳимоя қилиш ҳам жамият аъзоларини вазифаларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ сизга илм берган. Сиз унда мустахлафсиз! Ўзини ўрнида ишлатишга, яхши-ёмонни эслатишга, ҳалол-ҳаромни билдиришга масъулсиз! Аллоҳни олдида жавобгарсиз!
Аллоҳ айтади: “Мен ерда Одамни халифа қилмоқчиман” (Бақара сураси, 30-оят).
Инсон-Аллоҳ уни қўлига мол-мулк бериб, уни омонатдор қўл қилган Аллоҳни ердаги халифаси. Мол-мулк бизники эмас. Аслида бизники бўлмаган нарса қандоқ қилиб бизники бўлсин. Яъни, мени қўлимдаги мулк меники эмас, уни қўлидаги мулк уники эмас, сизни қўлингиздаги мулк ҳам сизники эмас. Биз уни ҳақиқий эгаси эмасмиз. Биз тановул қилсак тугатамиз, кийсак эскиртамиз ва аммо, садақа қилганимизнигина ўзимизга олиб қоламиз!
Бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бир қўйни ҳаммасини тарқатдим фақатгина қўли қолди холос деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: Йўқ ундай эмас, қўлидан бошқа ҳаммасини олиб қолибсан, дедилар. Яъни, садақа қилганинг охиратга захира бўлиб ўзингда қолади. Олиб қолганинг тугаб тамом бўлади.
Эй биродарим! "Мустахлаф" сўзи жуда кенг маънода тушунилади. Масалан сени мошинанг бор, сен унда мустахлафсан.
Ҳақиқатда ёрдамга муҳтожларни ҳожатларига уни ишлатсанг уни ҳаққини адо этган бўласан. Гуноҳ, кўнгилхуши учун ёки шунчаки айланиб келиш учун эмас, ҳақиқатда шунга эҳтиёжи бор, чорасиз турган одамга ёрдам беришга масъулсан! Инсон унга берилган ҳар бир насибада, иқтидорда, илмда, ҳунарда, шижоатда, куч-қувватда, ғайратда барча барчасида мустахлафдир. Мол-мулк неъмат ҳисобланмайди. Уни қай ўринга ишлатилишига қараб туради.
Агар Аллоҳ рози бўладиган-тоатга, муҳтож-у ночорларга хайр-саховатга, ўзи масъул бўлганларни нафақаларига ишлатилсагина неъмат ҳисобланади. Ундай бўлмаса-гуноҳу маъсиятга, кайфу-сафога, фойдасиз ўринларга ишлатилса-бало бўлади, офат бўлади!
Муҳаммад Ротиб Нобулусий суҳбатларидан
“Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси Адҳам ЮСУПОВ таржимаси.