Динимизда покликка алоҳида эътибор қаратилади. Қуръони каримнинг бир неча ўринларида қалб, тана, кийим ва таомлар поклиги масаласига оид оятлар нозил бўлган. Жумладан, Бақара сурасининг 222-оятида: “Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади”, дейилади.
Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Пок бўлинглар, пок бўлмаган киши жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантирганлар. Биз бугун покланишнинг асоси – ғусл ҳақида тўхталамиз. “Ғусл” сўзи арабча бўлиб, “ювмоқ” маъносини англатади.
Аллоҳ таоло “Моида” сурасининг 6-оятида шундай мархамат қилади:
وَإِنْ كُنْتُمْ جُنُبًا فَاطَّهَّرُوا
Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)!
Келинг, энди ғуслни вожиб қиладиган нарсаларни билиб олсак. Улар қуйидагилар:
Демак, шулардан биронтаси бўлиши билан имкон борича тезроқ ғусл қилиш керак бўлади. Ғуслда дастлаб қўллар яхшилаб ювилгач, бадандаги нажосатлар ювилади, сўнгра қўлларни ювиб, таҳорат қилинади. Яъни оғиз, бурун сув билан кейин юз-қўллар тирсақлари билан қўшиб уч мартадан ювилади. Қўллар сув билан намланиб, бошга масҳ тортилади. Агар сув тўпланадиган жой бўлса оёқ ювилмайди.
Ғуслнинг фарзи 3 та бўлиб, улар қуйидагилар:
Ғусл охирида оёқлар ювилиб, пок нарса устига қўйилади. Агар аёллар сочларини ўрган бўлсалар, ўримини ечиши шарт эмас, балки ўша ўрим устидан сув қўйиши кифоя. Агар ўрмаган бўлсалар, албатта ювишлари шарт. Ғуслни мукаммал қилиш керак. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ҳар бир сочнинг ва ҳар бир терининг устида жанобат бор”, деб огоҳлантирганлар. Демак, эркакми-аёлми, бошими ё бошқа аъзоларими – бутун танага сув теккизиши шарт. Тирноқларда лак бўлса, уни кетказиш лозим. Агар эркак ё аёл оғир хаста ҳолида жунуб бўлиб, сувда чўмилганда хасталиги ортиб кетадиган бўлса ёки мутлақо имкониятсиз бўлса, бундай кишилар иложи борича нажосатлардан тозаланиб, таяммум қилишлари дуруст.
Хулоса қилиб айтганда, ибодатлар қабул бўлишининг муҳим шартларидан бири, бу поклик ва озодалик экан. Жунубликни кетказиш учун, покиза бўлиб ибодатларни адо этиш учун қилинадиган ғусл ҳам шуларнинг энг асосийси экан.
Ойбек МАЪРУПОВ
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Аллоҳ инсоннинг кечинмаларини жуда яхши билади. Бироқ Аллоҳга иймон келтирмаганлар бунга ишонмайдилар. “Қани бунинг исботи?” деб сўрайдилар. Ақлий далиллар албатта мавжуд. Аллоҳ инсоннинг кечинмаларини ҳам билишининг исботи ўлароқ қуйидаги ояти каримани нозил қилган:
﴿إِذَا جَاءَكَ الْمُنَافِقُونَ قَالُوا نَشْهَدُ إِنَّكَ لَرَسُولُ اللَّهِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ إِنَّكَ لَرَسُولُهُ وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَكَاذِبُونَ﴾
“Вақтики мунофиқлар ҳузурингга келиб: “Сиз Аллоҳнинг Расули эканлигингизга гувоҳлик берамиз” дедилар. Аллоҳ Унинг ҳақиқий Расули эканингни билади ва Аллоҳ гувоҳлик берадики мунофиқлар ёлғончидир” (Мунофиқун сураси, 1-оят).
Мунофиқлар тўпланиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишди ва гўёки у зотнинг пайғамбар эканларини тасдиқладилар. Буни ояти каримадан англашимиз мумкин. Бироқ улар гувоҳлик берган бўлсалар қандай қилиб ёлғончи бўлишлари мумкин?
Аллоҳ айтмоқдаки, уларнинг тил учида айтган гапларини қалблари тасдиқламади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканликларини фақат тилларида тан олдилар. Қалблари билан эса инкор қилдилар.
Мунофиқлар қалбларидагини яширадилар. Бироқ Аллоҳ таоло эълон қилиб қўйган оятни инкор эта олмадилар. Яъни, уларга ҳам худди Абу Лаҳабга берилган имконият берилган эди. Улар келиб “Биз рост айтган эдик, сиз Расулуллоҳсиз” десалар бўларди. Ҳеч ким уларнинг қалбини очиб кўра олмас эди. Бироқ Аллоҳ уларнинг бундай дея олмасликларини эълон қилди ва уларни шарманда этди. Аллоҳ қалблардаги нарсаларни ҳам билишини Қуръони каримнинг бир қанча жойларида айтиб ўтган. Жумладан:
﴿وَإِنْ تَجْهَرْ بِالْقَوْلِ فَإِنَّهُ يَعْلَمُ السِّرَّ وَأَخْفَى﴾
“У Зот сирни ҳам, ундан махфийроғини ҳам билади” (Тоҳа сураси, 7-оят).
Одатда сир икки киши ўртасида бўлади. Аммо сирдан ҳам махфийроқ нарса нима? У инсон ҳеч кимга айтмаган, билдирмаган қалбидаги туйғуларидир. Аллоҳ таоло мунофиқларни шарманда қилган оятлардан бирида бундай деган:
﴿وَيَقُولُونَ فِي أَنْفُسِهِمْ لَوْلَا يُعَذِّبُنَا اللَّهُ بِمَا نَقُولُ﴾
“(Мунофиқлар) ичларида “Аллоҳ бизга азоб жўнатмасайди” дерлар” (Мужодала сураси, 8-оят).
Демак, мунофиқлар бу гапни ҳеч кимга, ҳатто ўзаро ҳам айтмаганлар. Фақат ичларида сақлаб юрганлар. Лекин Аллоҳ уларни шарманда қилиб бу туйғуларини ошкор қилди. Улар эса буни инкор ҳам эта олмадилар. Агар ихтиёрлари ўзларида бўлганида ҳеч бўлмаса ёлғондан бўлса ҳам “Ичимизда ҳеч нарса деганимиз йўқ” деган бўлардилар. Бироқ Аллоҳнинг илми, ихтиёри олдида ҳамма қатори ожиз эдилар.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан