Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Хушуъ ва Қуръон тиловат қила туриб йиғлаш

22.04.2018   14933   6 min.
Хушуъ ва Қуръон тиловат қила туриб йиғлаш

Хушуъ ва Қуръон тиловат қила туриб йиғлаш 

«Хушуъ» арабча сўз бўлиб, «қўрқиш, ўзини паст олиш, овозини пасайтириш» маъноларини англатади. Одатда бу сўз намозга нисбатан ишлатилади, лекин бошқа ибодатлардаги ихлосни ифодалашда ҳам қўлланилади. Қироатдаги хушуъ эса, ихлос билан ўзини камтар олиб, чин дилдан тадаббур билан тиловат қилишдир.

Қуръон одобларидан яна бири қироат асносида қалбнинг қайғули бўлиши (йиғлаши)дир. Аллоҳ таоло айтади: «Агар Биз ушбу Қуръонни бирор тоғга нозил қилганимизда, албатта, сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб-ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. (Лекин айрим инсонларнинг диллари тоғнинг тошидан ҳам каттиқроқ бўлгани сабабли уларга Қуръон оятлари ҳам таъсир қилмас). Биз бу мисолларни одамлар учун, шояд улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз» (“Ҳашр” сураси, 21-оят).

Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло айтади:  «Иймон келтирган зотлар учун Аллоҳнинг зикри сабабли ва нозил бўлган Ҳақ – Қуръон (тиловат қилиниши) сабабли қалблари эриб, қўрқиш (вақти) келмадими? (Шунингдек, улар учун) илгари Китоб ато этилган, сўнг (улар билан пайғамбарлар ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?! Улар (яъни, яҳудий ва насронийлар)дан кўплари фосиқ-итоатсиздирлар» (“Ҳадид” сураси, 16-оят).

Ушбу ояти каримада мўминлар сифатланиши лозим бўлган икки фазилат ҳақида сўз бормоқда: Аллоҳ таолонинг номи зикр қилинганида ва Қуръон тиловат қилинганида ҳақиқий мўминнинг дили эрийди, қалби қўрқувга тушади ва кўзларига ёш келади. Тошбағирлик ва Аллоҳнинг амрига итоатсизлик фосиқларнинг хулқларидандир.

Оятнинг давомида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «(Эй мўминлар), билингларки, албатта, Аллоҳ ўлган ерни тирилтирур» ((“Ҳадид” сураси, 17-оят)

Яъни, Аллоҳ қуриб-қақшаб ётган ерни ёмғир суви билан тирилтиргани каби, сизларнинг дилларингизни ҳам Ўзининг зикри ва Қуръон тиловати билан юмшатади.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: «Қуръонни тиловат қилинглар ва (бу билан) кўзларингиз намлансин. Агар йиғлай олмасангиз, йиғини ўзингизга лозим тутинг» (Ибн Можа ривояти, санади ҳасан).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Агар қироат қилинган пайтда кўзларингиз йиғламаса, қалбингиз йиғласин. Қалбнинг йиғиси ғамгинлик ва Аллоҳ таолонинг азаматидан қўрқиб туришидир».

Йиғлашни ўзига лозим тутишнинг усулларидан бири қалбга ғам-қайғу тушишидир. Ўша ғам-қайғу йиғлашга, кўздан ёш чиқишига сабаб бўлади. Бунинг учун ўқилаётган оятлардаги таҳдид (огоҳлантириш), ваъид (қўрқитиш), амр ва қайтариқларни тафаккур қилиб, сўнгра ўша амалларда ноқисликка ёки сусткашликка йўл қўяётганини ўйлаши лозим. Шунда ҳам кўзи ёшланмаса, соф қалб эгалари каби бўла олмагани, Аллоҳнинг каломи тиловат қилинганида йиғлай олмагани учун йиғласин.

Қуръонни оятлар маъносига мос ҳолда ўқиш

Кишини тадаббур қилишга ундайдиган сабаблардан яна бири ўқиётган оятларнинг маъноларини англаб етиш, қалби сокин, ўзи ҳушёр бўлиб, хаёли фақатгина қироатда бўлишидир. Агар қалб талаффуз қилинаётган сўз ёки жумлаларнинг маъноларини тафаккур қилиш ва аниқ қайтариқларини англаб етиш билан машғул бўлса, қироатнинг таъсирчанлиги ортади. Агар қори ўқиётган оятларида зикр қилинган амр-буйруқларни бажаришда ноқисликка йўл қўйган бўлса, Аллоҳга истиғфор айтади. Агар раҳмат оятини ўқиса, хурсанд бўлади ва Аллоҳ таолодан яхшиликлар сўраб дуо қилади. Агар жаҳаннам ва унинг азоблари ҳақидаги оятларни ўқиса, қалби қўрқувга тушади ва паноҳ сўрайди. Агарда Аллоҳнинг улуғлиги, айб-нуқсонлардан пок экани таъкидланган оятларни ўқиса, дуо-илтижо қилиб, Аллоҳга тасбеҳ ва санолар айтади.

Хузайфа розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир куни кечаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва ҳсаллам билан намоз ўқидим. У киши «Бақара»ни бошладилар ва ўқиб тугатдилар. Сўнгра «Оли Имрон»ни бошладилар ва уни ҳам ўқидилар. Кейин «Нисо» сурасини охиригача ўқидилар. Ушбу сураларни бирин-кетин шошмай тиловат қилдилар. Агар тасбеҳ зикр қилинган оятдан ўтсалар, тасбеҳ айтар, агар дуо оятидан ўтсалар, дуо қилар, агар паноҳ сўраш оятидан ўтсалар, (барча ёмонликлардан Аллоҳнинг) паноҳ беришини сўрар эдилар» (Имом Муслим ривояти).

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Саббиҳисма роббикал аъла…» (Аъло сураси)ни ўқисалар, унинг кетидан: «Субҳана роббиял аъла», деб айтардилар» (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Агар Қуръон ўқувчи мўминларга илоҳий нидо бўлган «Эй иймон келтирганлар…» оятидан ўтса, ўша ерда тўхтаб, Аллоҳнинг амрига қулоқ тутади. Баъзилар ушбу нидодан сўнг: «Лаббайка роббий ва саъдайка» (Эй Раббим, мен сенинг тоатингдаман ва амрингга мунтазирман) деб айтар, сўнгра Аллоҳ нимага буюриб, қандай амаллардан қайтаришини тафаккур қилар ва қалбан тасдиқлаб, ўз ҳаётларида бунга оғишмай амал қилар эдилар. Киши шундай қилса, Қуръонни тўлиқ тартил қилган бўлади. Агар ўқиётган оятларнинг маъноларини билмай қолса, уни биладиганлардан сўраб олади. Токи Аллоҳнинг каломини тўғри тушуниб, унга чиройли амал қилсин.

Агар ўқилаётган оятда Аллоҳ таоло ўтган қавмларнинг қиссаларидан хабар бераётган бўлса, улардан ўзига ибрат олсин. Аллоҳ уларга қандай ҳукм қилганини билиб, азобга гирифтор бўлган кофир – ношукр қавмларнинг йўлидан сақлансин. Доимо Аллоҳга шукр қилиб, Унинг тоатида бўлсин. Агар ўқилаётган оятда ваъид (қўрқитиш-огоҳлантириш) келган бўлса, қалбига назар солсин. Агар наҳий қилинаётган бирор иллат топилса, ундан воз кечсин. Агар ражо (умидбахш) оятларни тиловат қилса, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмасин. Хавф оятидан ўтганда Аллоҳ осий бандаларни азоблашини фикр қилсин, токи унинг қалбидаги хавф ва ражо бир-бирига мутаносиб бўлсин. Худди мана шу комил иймон белгисидир. Агар панд-насиҳатлардан иборат бўлган оятларни ўқиса, улардан ўзига ўгит олиб, амал қилишга ҳаракат қилсин. Агар юқорида зикр қилинганларни бажарса, Қуръон одоби ва ҳақларини адо этган бўлади.

"Қуръони карим фазилати ва одоблари" китобидан.

 

Муҳаммадшариф РУСТАМОВ,

Марҳамат тумани даги “Иброҳим Ҳалилуллоҳ” масжиди имом-хатиби.

Манба: http://azon.uz

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

10.08.2026   12988   1 min.
 ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

Сайёр йиғилиш

Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.

Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари