Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгашининг 2018 йил 22 январдаги 1-сонли мажлис баёни ижроси юзасидан жорий йилнинг май ойи давомида “Ҳадиси шариф билимдони” танлови ўтказилади.
Танловда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари, ёш имом-хатиблар ҳамда ҳадис илмига қизиқиши бўлган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар иштирок этишлари мумкин.
Танловда иштирок этиш истагида бўлган фуқаролар 2018 йилнинг
20-25 апрель кунлари мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти, Тошкент шаҳри ва вилоятлар вакилликларида рўйхатга олинади.
Танловнинг биринчи босқичи 2018 йилнинг 1-5 май кунлари давомида вилоятлар кесимида ўтказилади.
Танловда иштирок этиш шартлари.
Танловда диний таълим муассасалари талабалари, ёш имом-хатиблар ҳамда ҳадис илмига қизиқиши бўлган камида 40 та ҳадисни (арабча матни билан) ёддан билган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар иштирок этишлари мумкин.
Танлов учта шартдан иборат бўлади:
- Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ёритиб бериш;
- берилган ҳадисни шарҳлаб бериш (ҳадисни таржима қилиш ва ундан олинадиган фойдаларини баён қилиш);
- ҳадисни араб тилидаги матнини ровийлари билан ёддан айтиб (берилган боблар бўйича биттадан ҳадис айтиш) бериш.
Танловнинг Республика босқичини ўтказиш вақти қўшимча эълон қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.
Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.
Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.
“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.
Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.
“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.
Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.
Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.
Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати