Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Январ, 2025   |   18 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:45
Пешин
12:38
Аср
15:41
Шом
17:25
Хуфтон
18:43
Bismillah
18 Январ, 2025, 18 Ражаб, 1446

“Салафийлар” кимлар?

25.05.2023   1667   5 min.
“Салафийлар” кимлар?

Ҳозирги кунга келиб турли диний оқим ва фирқалар “Аҳли сунна вал жамоа” мусулмонларини адашган, куфр ва ширкда айблаб, ўзлари ҳақлигини иддао қилиб, уларга қўшилишни ва ҳақиқий Исломда бўлишни иддао қилмоқдалар. Шулардан бири сохта “Салафийлик” оқими аъзоларидир.

Бундай оқим ва фирқалар қандай номланмасин, уларнинг фикри ва эътиқодлари деярли бир хил. Ўзларига эргашмаганларни залолатда, куфр диёрида истиқомат қилади, ҳижрат қилиш фарз каби ботил даъволар билан баъзи бир саводи йўқ ёки динга қизиққан инсонларни миясини заҳарлаб ўз сафларига қўшишга ҳаракат қилмоқдалар. Улар бу йўлда ҳар қандай йўл билан, ҳатто ҳозирги кунда жуда фаоллик билан ривожланаётган алоқа воситалари, жумладан интернет орқали ҳам кенг тарғибот ишларини олиб боришмоқда.

Аввало, салафийлар ким ва нима учун улар ўзларини “Салафийлар” деб номлашмоқда?  Шу ҳақида маълумотга эга бўлсак.

«Салаф» сўзи араб тилида «аввалда ўтганлар, ўтмишда яшаганлар»«Салафий» – «ўтмишда ўтган аждодлар йўлидан борувчи» маъноларини беради.

Истилоҳда эса «Салаф» Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тарафларидан мақталган, илк ҳижрий уч аср авлодлари ҳисобланади. Шу даврда яшаб ўтган саҳобалар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлардан иборат олимлару фозиллар, мужтаҳид уламоларини “салафи солиҳлар” деб аталади. Абу Ҳанифа ва бошқа ўрта асрларда ўтган муаллифлар асарларида бу сўз айнан мана шу маънода, яъни «ас-салаф», «ас-салаф ас-солиҳ» (ўтган солиҳ аждодлар) шаклларида келади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг муборак ҳадисларида: “Инсонларнинг энг яхшиси менинг асрдошларим. Сўнгра уларга яқин бўлганлар (тобеъин)дир. Сўнгра, улардан яқин бўлганлар (табаъа тобеъин)дир. Улардан кейин ёлғончилик тарқаб кетади. Ҳатто бирор кишики, ундан гувоҳлик сўралмасада (ёлғондан) гувоҳлик бераверади, ундан қасам ичишлик сўралмасада (ноўрин) қасам ичаверади” деганлар.

Шу ҳадисга биноан Ислом оламида дастлабки уч асрда яшаб ўтган мусулмон авлодларини энг яхши солиҳ инсонлар деб эътироф этилади. Бугунги кунда машҳур тўртала мазҳаб- Ҳанафий, Моликий, Шофиъий ва Ҳанбалий мазҳаби асосчилари ва уларнинг асҳоблари айни юқоридаги ҳадисда айтиб ўтилган авлод вакиллари ҳисобланадилар. Улардан кейинги давр вакилларини. Олимлари, фозилу авлиёларига ҳам “салафи солиҳ”, “салафий” деган атама ишлатилмайди.

Сўнгги йилларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мусулмон жамиятларини илк ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.

Улар исломий аҳком ва фатволарни ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, балки ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни иддао қилган оқимдир. Бу оқим араб ва ислом мамлакатларида тарқалган бўлиб, Маказий Осиёга ҳам кириб келмоқда.

Бу оқим тарафдорлари ислом динининг ҳар бир замон ва ҳар бир маконга мослаша олишини тан олмайдилар. Ўн тўрт асрдан бери исломнинг забардаст  олимлари, фақиҳу мужтаҳидлари, мўътбар тўртта мазҳаб соҳиблари қабул қилган фатволарни тан олмайдилар ва уларга қарши чиқадилар.

Сохта салафийликнинг асосчиси сифатида  ҳижрий еттинчи асрнинг охирларида Суриялик Аҳмад ибн Таймия бошчилигида, асосан аҳли сунна имоми- Абу Мусо ал Ашъарий (р.а) томонидан талқин қилинган ақоидий ислоҳотларни рад қилишлик билан ўртага чиқганини кўришимиз мумкин. Ибн Таймия умри давомида ўзининг агрессив қарашлари туфайли тўрт марта қамоқ жазосига тортилган ва 1328 йилда қамоқхонада вафот этган.

 

Сохта “салафийлар”нинг фикрича, Расулуллоҳнинг муборак қабрларини зиёрат қилиш бидъат ва залолатдир (ваҳоланки ибн Таймиягача бўлган давр, яъни қариб саккиз асрдан бери бутун Ислом оламида жорий бўлган энг улуғ зиёратлардандир). Шунингдек Расулуллоҳнинг туғилган кунлари, яъни мавлиди шарифни нишонлаш ҳам бидъат ва фойдасиздир, яна Расулуллоҳдан қолган асори атиқаларни сақлаш, асраб авайлаш эса гўёки ширкдир. “Салафийлар”нинг тасаввурида юқоридаги каби азиз ва мўътабар нарсалар жоҳилият давридаги буд-санамларга сиғинишдек тенглаштирилади.

“Салафийлар”нинг бу каби қарашлари ўз даврида катта фитна ва янгилик бўлишига қарамасдан, уларнинг тарафдорлари жуда кўп эди. Сабаби, ибн Таймиянинг кучли тақво ва илм соҳиби бўлган ва ҳанбалийлик мазҳабига мансуб оилада вояга етгани бўлди. Шу сабаб ҳам унга эргашганлар кўп бўлди. Натижада унинг адашувини кўпчилик пайқамай қолди. Унинг фатволари кўпчилик мухлислари томонидан қабул қилинарди. Охири эса уни “мужаддид”(динни янгиловчи), “шайхул ислом” деган лақаблар билан атай бошладилар. Аслида эса, Ибн Таймия мужаддид ҳам, асл салафий ҳам бўлмаган. Унинг кейинги пайдо қилган “салафийлик” мазҳаби ҳам ҳеч қандай салафи солиҳларнинг йўлларига тўғри келмайди. Балки, мусулмонлар жамоасидан ажраб чиқган адашган бир кичик мутаассиб оқим бўлган холос.

 

Муроджон МИРСОАТОВ
Сирдарё туман “А. Яссавий”
жоме масжиди имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Сизга отилган тошлардан уй қуринг!

17.01.2025   2981   4 min.
Сизга отилган тошлардан уй қуринг!

Одамларга аслий ҳолатингиздан-да гўзал муомалада бўлинг. Зеро, зулм умрни қисқартиради. Биз атрофимиздагиларга зулм қилиб, ҳақларига риоя қилмаганимиз учун ҳам уларни йўқотамиз. Ўз ҳисоб-китобларимизни уларнинг камчиликлари устига қурамиз, лекин улардаги олийжаноб фазилатларни унутамиз. Уларни батамом айбсиз бўлишларига талабгормиз, шунингдек, “одам боласи хатодан холи бўлмайди” деган гапни далил қилиб ўзимизни оқлаймиз.

Мабодо одамлар сизни тошбўрон қилсалар ҳам, бу тошларни тўплаб, бирор-бир уйни таъмирлаш учун ишлатинг. Агар сизни гуллар билан қарши олсалар, гулдасталарни сизга таълим берган ва ночор пайтингизда қўлингиздан тутганларга улашинг.

Аввал Аллоҳга ишонинг, кейин эса ўзингизга. Айбларингизни тан олинг. Ишонинг, агар сиз ўша айбларингиздан халос бўлсангиз, орзуларингизнинг рўёбга чиқишига бир қадам қолади... Ўз хатоларингизни ёдингизда тутинг, дўстларингиз, яқин қариндош-уруғларингизни атрофингизда сақлаб қолишни истасангиз, уларнинг хатоларини эсингиздан чиқаринг. Билингки, ҳақиқий саодат киши бошқаларнинг айбини қўйиб, ўз айблари билан овора бўлишидадир.

Борди-ю, бирорта ишда муваффақиятни қўлга киритсангиз, ғурурланиб кетманг! Зеро, Аллоҳ азза ва жалла бу борада Нажм сурасининг 32-ояти каримасида: “...Шундай экан ўзингизни оқламанг, У ким тақводорлигини яхши биладир”, дея марҳамат қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам камтарликка тарғиб қилиб: “Аллоҳ таоло менга сизларнинг камтар бўлишингизни ваҳий қилди. Тоингки, бирорта одам бошқанинг олдида фахрланмасин ҳам, зулм ҳам қилмасин”,[1] дедилар.

Йиқилганингизда “одамлар атайлаб чоҳ қазиб қўйган” деган номаъқул хаёлни миянгиздан чиқариб ташланг. Аксинча, қайта туришга ҳаракат қилинг. Қаддингизни ростлаб олсангиз-да, ўзингиз каби йиқилганларга ёрдам қўлини чўзинг, ўзларини тиклаб олишларига кўмаклашинг. Ҳаёт йўлларининг пасту баландларига, машаққатларига сабрли бўлинг, кўзингизни каттароқ очинг ва ақлингизни йиғинг.

Душманингиз устидан ғалаба қозонсангиз-да, унинг омадсизлигидан қувонманг. Киши бошига мусибат келса, ҳеч бўлмаса дуо билан ҳамдард бўлинг. Аллоҳ таоло Шуро сурасининг 43-оятида бундай марҳамат қилади: «Шубҳасиз, ким сабр қилиб кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир». Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бундай деб дуо қилардилар: “...Аллоҳ, ҳасадгўй душманни менинг мағлубиятим сабаб қувонтирма”.

Қаноат ҳамда дангасалик, иззат ҳамда ғурур ва тавозеъ билан хорлик орасини жамлай олмайсиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун тавозеъли бўлса, Аллоҳ унинг мартабасини кўтаради, охир бориб иллийиннинг энг чўққисига олиб чиқади”, дея камтар бўлишга тарғиб қилганлар.

Ўзингиз учун бир солиҳ кишини дўст тутинг ва уни  асраб-авайланг. Бу борада Расулуллоҳ соллаллҳу алайҳи васаллам: “Киши ўз қадрдон дўстининг динида бўлади, шундай экан ҳар бирингиз ким билан дўст тутинганига бир назар ташласин!” дедилар. Солиҳ дўстингизни майда-чуйда нарсалар билан итоб қилаверманг, унинг янглишишларига аҳамият берманг, ахир, тамоми камолот сифатига эга бўлиш фақат Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзигагина хосдир.

Одамлар билан хусуматлашманг. Чунки беҳуда тортишувлар дўстлик арқонини узиб, руҳиятлар орасида тўсиқ пайдо қилади. Солиҳ кишиларнинг ичи тор бўлмайди, аксинча, улар кўнглини кенг қиладилар ва бошқаларнинг айбларини кўтарадилар. Одамларнинг ёмонликларини хотирангиздан ўчириб ташланг ва уларнинг яхшиликларини ёдингизда тутинг.

Сизга тааллуқли ишларда хато қилганларга ҳам бағрикенг бўлинг, уларни “бир узри бордир” дея оқлашни ўрганинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирортангиз Абу Замзамдай бўлишга кучи етмайдими?! У қачон уйидан чиқса, мен ўз обрўйимни одамларга садақа қилдим, дер эди”, деган сўзлари ҳам одамларнинг бир-бирларига айтган баъзи гаплари ёки хатолари борасида кенгфеълли бўлишга тарғибдир.


Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Имом Муслим ривояти.