Йўл оммага тегишли, бинобарин, унга зарар етказиш мумкин эмас. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Йўлга ўз ҳақини беринглар», деб марҳамат қилдилар. У зот йўловчиларнинг ҳақини эътиборга олиб, йўл ўртасида намоз ўқишдан қайтардилар, сафарларида бирор жойда тўхтаганларида бошқа йўловчиларга халақит бермаслик чора-тадбирларини кўрдилар.
Жамиятнинг саломатлигини тўлиқ таъминлашга хизмат қилувчи ҳукмларни фуқаҳолар Қуръон ва ҳадис маънолари асосида ишлаб чиқишган. Баъзи уламолар бу фиқҳий қоидаларни ўн еттита деса, бошқалари уни тўрттага қисқартиришган. Изз ибн Абдуссалом уларни иккига жамлаб, «манфаатни жалб қилиш» ва «зарарни даф этиш» қоидалари билан изоҳлаган. Айрим мутааххир уламолар буни ҳам қисқартириб: «Манфаатни жалб қилиш барча шаръий аҳкомларга асосдир, чунки зарарни қайтариш ҳам манфаатни жалб қилиш ҳисобланади», деганлар.
Йўл-танспорт ҳодисаларининг олдини олишдан мақсад ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаш, автомобилларни турли талофатлардан асраш, яъни, инсоннинг жонини ва молини муҳофаза этишдир. Зеро, бундай ҳодисалар инсонларнинг ҳаётига зомин бўлиши, саломатлигига путур етказиши, шунингдек, ортиқча сарф-харажатларга олиб келиши ҳам мумкин. Йўл ҳаракати қоидалари инсон ҳаётини сақлашни таъминлашга қаратилган. Ислом шариатининг талаб ва мақсади ҳам айни шу.
Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган киши, аввало, ўзининг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса Ислом динида ҳаром амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг» (Бақара, 195). Уламоларимиз йўл ҳаракати қоидалари Ислом шариатининг талаб ва мақсадларига хизмат қилишини, уларга ҳамоҳанг эканини таъкидлайди ва уларга амал қилишни вожиб дейишади. Шунинг учун ҳам, барча ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдалар йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари, уларга хилоф иш тутмасликлари зарур.
Динимиз аҳкомларида инсоннинг дини, жони, шаъни, ақли ва молининг ҳимояси мақсад қилинган. Зеро, умримиз мазкур нарсалар устига бино қилинган бўлиб, ўшаларнинг тўлиқ муҳофаза этилиши, дахлсизлиги, уларга нисбатан ҳар қандай тажовузнинг бартараф этилиши билан фаровон ва осойишта кечади.
Ҳасанхон
АБДУМАЖИДОВ,
Тошкент Ислом институти
4-босқич талабаси
حدثنا عيسى العسقلاني أنا يزيد أنا حميد عن أنس عن عبادة بن الصامت قال: خرج علينا رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم وهو يريد أن يخبرنا ليلة القدر فتلاحى رجلان.فقال رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم: خرجت وأنا أريد أن أخبركم بليلة القدر وكان بين فلان وفلان لحاء فرفعت وعسى أن يكون خيرا فالتمسوا في العشر الأواخر في الوتر منها في خامسة وسابعة وتاسعة.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам Қадр кечаси ҳақида айтиб беришга чиққан эдилар. Икки киши талашиб қолди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Қадр кечасини айтгани чиққан эдим. Мана булар талашиб қолишди ва эсимдан чиқиб кетди. Охирги ўн кунида тоқ кунлари, йигирма беш, йигирма етти ва йигирма тўққизидан изланглар”, дедилар”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси