Аввал Наманган ва Фарғона вилоятларида диний ходимлар, имом-хатиблар ва мударрислар иштирокидаги йиғилишлар ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди.
Фарғона вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Турсунтоҳир Эрбўтаев ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган ушбу лавозимидан озод этилиб, Фарғона шаҳри “Уммул Қуро” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида қолдирилди.
Фарғона вилояти Марғилон шаҳри бош имом-хатиби Абдуллаев Убайдулло Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакили вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида юртимизда 7-11 июль кунлари ўтказиладиган “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусидаги I Халқаро Ислом цивилизацияси форуми юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳамедов, ИСЕСКО раҳбари Салим Муҳаммад ҳамда халқаро ал-Фурқон жамғармаси раиси Сали Шаҳсуварий сўзга чиқди.
Матбуот анжуманида мазкур нуфузли тадбирнинг мақсад ва вазифалари, унинг халқаро аҳамияти ҳамда форум доирасида режалаштирилган илмий-маърифий тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилаётган форумда дунёнинг турли мамлакатларидан таниқли уламолар, муфтийлар, исломшунос олимлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади.
Ушбу форум ислом динининг тинчлик, бағрикенглик, илм-маърифат ва инсонпарварликка асосланган асл моҳиятини халқаро жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Шу билан бирга, мазкур анжуман Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожидаги тарихий ўрни, буюк алломалар мероси ва маърифий анъаналарини дунё миқёсида янада кенг намоён этишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Маълумот ўрнида, шу йил 7–8 июль кунлари Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида конференциялар бўлиб ўтади. 9–10 июль кунлари эса Самарқанд ва Термиз шаҳарларида Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизийнинг илмий-маданий меросига бағишланган халқаро конференциялар ташкил этилади.
Форум доирасидаги бундай учрашув ва муҳокамалар илм-фан, динлараро мулоқот, бағрикенглик ва маърифат тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим амалий майдон вазифасини бажаради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати