Табук ғазоти куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олишга чиқдилар. Расулимиз таҳорат олаётган пайтларида намоз вақти кириб қолди. Шунда, саҳобийлар намозга қоим бўлдилар, уларга Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу имомликка ўтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олиб бўлиб, келиб қарасалар намоз бошланган, шунда жамоатга қўшилиб бир ракаатга улгурдилар ва қолганини ўзлари ўқиб олдилар. Ўқиб бўлгач: набий вафот этмасдан туриб, солиҳ умматларидан бирининг ортида намоз ўқиди, дедилар.
Эй, Абдураҳмон ибн Авф нақадар бахтли саҳобасиз-а?! Сиз, нафақат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан намоз ўқидингиз балки Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам сизнинг ортингиздан намоз ўқидилар ва сизни солиҳ умматим деб атадилар.
Аллоҳ таоло Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!
“Сифатус Софва” китобидан
Яҳё АБДУРАҲМАНОВ
таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Ижтимоий тармоқларда, афсуски, болаларнинг ўз жонига қасд қилиши, уйдан қочиб кетиши, жиноятга қўл уриши ҳақидаги хабарлар кўпайиб бормоқда. Бугун биз кўраётган кино ва сериалларда ҳам, албатта, бебош қаҳрамонлар ва уларнинг аянчли тақдири намойиш этилмоқда. Ота-онаси бор қизларнинг ўзаро жанжали ёки ўсмир йигитларнинг пичоқбозлиги сабаб бир оила ёлғиз ўғлидан айрилгани аслида нотўғри тарбия оқибати эмасми?
«Улар: “Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!” дейдиган кишилардир» (Фурқон сураси, 74-оят).
Оилалар билан суҳбатлашар эканман, ажримларга қадар оиладаги носоғлом муҳит, аёл ўз дунёси ва ҳақиқати, эркак ўз ҳолича яшаётгани натижасида болаларга мутлақ бефарқ, илмсиз ва саломатлигида ҳам нуқсонлар борлигини кўраман. Биз болаларни дуо қилишни, уларни тинглаш ва улар билан суҳбатлашишни билмаймиз. Улар ўз-ўзидан тарбияланиб, катта бўлиб қолмайди ахир. Айниқса, ҳозирги мураккаб даврда, турли зарарли таъсирлар кўпайган бир вақтда фарзандларимизни соғлом фитратда ушлаб қолиш осон эмас.
Бир сафар ажрим ёқасидаги оила билан суҳбатлашдик. Аёл ва эркак жанжал қилар, ўсмир қиз бир четда ўйин ўйнаб ўтирар, ота-онасининг бу ҳолати унга аҳамиятсиздай эди. Қизиғи, улар болага қарамаслик, ундан халос бўлиш учун ўзаро низолашар эди. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган қиз ахлоқсиз бўлиб улғайган. Ўзларининг тарбияси ҳосиласини “бош оғриғи” дейишгани бизни янада ажаблантирди. Бу каби тақдирлар ҳар биримизни ўйлантириши лозим.
Афсуски, кўп ота-оналар фарзандларига фақат тақиқ қўйишади, тинглашни исташмайди. Бир воқеа бутун бир қишлоқни ларзага солди. Мактаб ўқувчиси ўз жонига қасд қилди. Сабаби эса, қўшнисининг уйида ўйнаб унинг ўғли билан жанжаллашгани учун болани ҳақоратлаган, ота-онасига ёмонлаган. Ўз уйидагилар ҳам болани эшитишни исташмаган. Бунинг оқибатида қаттиқ тушкунликка тушиб, у ўз жонига қасд қилган. Бу каби кўплаб воқелар ота-оналарни фарзанд тарбиясига бефарқ бўлмасликка чақиради. Сўнгги пушаймон – ўзимизга душман.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Уч дуо рад этилмайди:
Аллоҳ фарзандларимизни кўз қувончимиз қилсин!
Гулнора ИБРАГИМОВА,
Хатирчи тумани “Боғишамол” маҳалласи отинойиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан