Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Апрел, 2026   |   13 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:32
Аср
16:57
Шом
18:53
Хуфтон
20:07
Bismillah
02 Апрел, 2026, 13 Шаввол, 1447

Каломуллоҳ – илм манбаи

16.03.2018   16762   7 min.
Каломуллоҳ – илм манбаи

Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримнинг номларидан бири “Уммул ъулум”дир (илмлар онаси). Каломуллоҳда нафақат диний, айни пайтда дунёвий илм-фаннинг сир-асрорлари ҳам яширинганки, вақт ва замонлар ўтиши билан тафаккур эгалари оятларнинг мазмун-моҳиятини англаб бораверадилар. Натижа эса тараққиётга, инсоннинг ўзлигини англашига, Буюк Яратувчини танишига хизмат қилади.

Қуръони карим шундай илоҳий китобки, унда замонавий илм-фаннинг барча соҳалари мужассам. Ҳар бир оятни чуқур тадаббур ҳамда тафаккур билан ўқиб, унинг мазмун-моҳиятини англашга интилган киши бунга қайта ва қайта амин бўлаверади.

Каломуллоҳ – улкан мўъжиза. Тарих, футурология – келажак ҳақидаги фан (“У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна, сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур” (Наҳл сураси, 8-оят), тиббиёт, биология, зоология (“Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур” (Наҳл сураси, 69- ва бошқа оятлар), арифметика, математика (“калола” ояти) ва ҳоказо.

Қуръони каримни ўқиган адабиётшунос воқеалар ривожи, оятларнинг тузилишидан, сураларнинг қисқа, лўнда номларидан ҳайратга тушса, муаррих пайғамбарлар тарихи, узоқ ўтмиш, буюк келажакни кашф қилгандек қувонади. Математик эса суралар ва оятлар сони, жойлашуви, кетма-кетлиги, воқеалар тадрижийлигидан (Абжад ҳисобини билса) худди Абу Райҳон Беруний бобомиз уммон ортида қуруқлик борлигини кашф этганидек янги-янги ихтиролар қилишига шубҳа йўқ. География фани билан шуғуланувчи олим эса Қуръондаги жой номларини ўқиб, Капитан Кусто каби имон ҳаловатини туяди.

Хуллас, Аллоҳ таолонинг каломи азалий ва абадийдир. Унда яширинган ҳикматлар, сиру асрорлар то қиёматгача башариятни ҳидоятга, илму ирфонга, маърифатга чорлайверади. 

Қуръони каримда жой номлари 

МАККА-БАККА-УММУЛ ҚУРО

«У (Аллоҳ) Макканинг ичкарисида (кечган жангда) уларнинг (Макка мушрикларининг) устидан сизларни ғалаба қилдирганидан кейин уларнинг қўлларини сизлардан, сизларнинг қўлларингизни улардан тўсган (жангни тўхтатган) зотдир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир» (Фатҳ сураси, 24-оят)

«Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй – Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлмиш (Каъба)дир» (Оли Имрон сураси, 96-оят)

«(Барча) шаҳарлар онаси (Макка аҳлини) ва унинг атрофидаги кишиларни огоҳлантиришингиз учун ва шубҳаси йўқ «тўпланиш куни» (қиёмат куни)дан огоҳлантиришингиз учун Биз Сизга мана шундай араб тилидаги Қуръонни ваҳий қилдик. (У кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир» (Шўро сураси, 7-оят). 

МАДИНА

«Теварагингиздаги аъробийлар ва Мадина аҳолиси ичида мунофиқлар бор. (Улар) нифоқда бардавомдирлар» (Тавба сураси, 101-оят).

«Мадина аҳолиси ва уларнинг теварагидаги аъробийлар учун Аллоҳнинг Расулидан қолишлари ва ундан кечиб, ўзлари билан машғул бўлишлари жоиз эмас эди» (Тавба сураси, 120-оят). 

РУМ

« Рум (қўшини Форс қўшинидан) мағлуб бўлди » (Рум сураси, 2-оят)

ТУВО ВОДИЙСИ

«(Эй Мусо!) Мен сенинг Раббингдирман. Бас, оёқ кийимингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидадирсан» (Тоҳо сураси, 12-оят). 

МАДЯН

«Мадян (қабиласи)га биродарлари Шуайбни (элчи қилиб юбордик)» (Аъроф сураси, 85-оят). 

ТУР ВА СИЙНО

«Биз унга Тур (тоғи)нинг ўнг томонидан нидо қилдик ва уни муножот қилган ҳолида (Ўзимизга) яқин этдик.» (Марям сураси, 52-оят).

«Қасамёд этаман Тур (тоғи) билан» (Тур сураси, 1-оят).

«Яна (Биз сизлар учун) Тури Сайно (тоғи)дан чиқадиган ёғ ва егувчилар учун нонхуруш ҳолда ўсадиган бир дарахтни (зайтунни яратдик)» уъминун сураси, 20-оят). (“Тури Сайно”, “Тури Сино” ёки “Тури Синин” деб аталадиган тоғ Миср билан Айла шаҳри ўртасидаги муборак тоғ бўлиб, у Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ билан гаплашган жойдир). 

АРАФОТ ВА МАШЪАРУЛ ҲАРОМ (МУЗДАЛИФА)

«(Ҳаж мавсумида тижорат билан) Раббингиздан фазл тилашингизда сизларга (ҳеч қандай) гуноҳ йўқдир. Арафотдан тушганингизда, Машъари Ҳаромда (Муздалифада) Аллоҳни (талбия, таҳлил, такбир, сано билан) зикр этинг! У сизларни гарчи илгари адашганлардан бўлсангиз-да, ҳақ йўлга ҳидоят қилгани каби, сизлар ҳам Уни ёд этингиз! Сўнгра одамлар тушган ердан (Арафотдан) тушингиз ва Аллоҳдан мағфират сўрангиз. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир» (Бақара сураси, 198–199-оятлар)

САФО ВА МАРВА

«Албатта, Сафо ва Марва (тепаликлари) Аллоҳнинг шиорларидандир» (Бақара сураси, 158-оят)

САБАЪ

«Сўнгра узоқ (вақт) қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: «Мен сен огоҳ бўлмаган нарсалардан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри)дан ишончли хабар келтирдим» (Намл сураси, 22-оят).

(Яман диёридаги Билқис маликалик қилган мамлакатнинг номи араб тилида “Сабаъ”, дейилади. Ўзбек тилида ва адабиётларда “Сабо” деб аталади). 

ЖУДИЙ

«(Сўнгра) айтилди: «Эй Ер! Сувингни ютгин! Эй осмон! Ўзингни тутгин (ёғишни бас қил!)» Сув қуриди, буйруқ адо этилди ва (кема) Жувдий (тоғи) узра қўнди ҳамда «Золимлар қавмига – ҳалокат!» – дейилди» (Ҳуд сураси, 44-оят). 

БОБИЛ

«Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир бўлдилар» (Бақара сураси, 102-оят)

МИСР

«Мусо ва унинг биродарига ваҳий орқали: «Қавмингиз учун Мисрда уйлар ҳозирлангиз ва уйларингизни қибла (намозгоҳ) этиб, намозни баркамол ўқингиз ва мўминларга эса (ғалаба ҳақида) хушхабар беринг!» – деб айтдик» (Юнус сураси, 87-оят)

ҲУНАЙН

«Аллоҳ сизларни кўп жойларда ва (хусусан) Ҳунайн кунида ғолиб этди. Ўшанда (сон жиҳатдан) кўплигингиз сизларни мағрурлантирган эди, аммо (бу) сизлардан бирор нарсани даф қила олмади ва ўзининг (шунча) кенглиги билан ер (сизларга) танглик қилиб қолди. Сўнгра ортингизга чекиндингиз» (Тавба сураси, 25-оят)

БАДР

«Бадр (жанги)да (ҳарбий) кучингиз оз бўлса-да, Аллоҳ сизларни ғолиб қилди-ку! Бас, Аллоҳдан қўрқиб, зора шукр қилсангиз» (Оли Имрон сураси, 123-оят)

 

Толиб НИЗОМ

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

"Қуёшнинг борлигига энди ишондим" дейсизми?

02.04.2026   1277   3 min.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Яхши билан ёмоннинг фарқига ҳамма боради. Яхши ишларни ҳамма ҳис қилади, ундан роҳат туяди. Ёмон ишлар эса инсонни ларзага солади, тинчини бузади, хавотирга қўяди, виждонини қийнайди. Бу нарсаларни бизга ким ўргатди? Бу қонуниятларни Аллоҳ яратган, Аллоҳ ўргатган. Шу нарсалар ҳақида ўйлар эканмиз айтиб ўтганимиз ояти каримани янада чуқурроқ англаймиз:

﴿وَإِذْ أَخَذَ رَبُّكَ مِنْ بَنِي آَدَمَ مِنْ ظُهُورِهِمْ ذُرِّيَّتَهُمْ وَأَشْهَدَهُمْ عَلَى أَنْفُسِهِمْ أَلَسْتُ بِرَبِّكُمْ قَالُوا بَلَى شَهِدْنَا أَنْ تَقُولُوا يَوْمَ الْقِيَامَةِ إِنَّا كُنَّا عَنْ هَذَا غَافِلِينَ﴾

“Роббинг Бани Одамнинг умуртқа поғонасидан, қиёмат куни “Бундан ғофил эдик” демасликларингиз учун зурриётларини олиб ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: “Роббингиз эмасманми?” деганида “Албатта Роббимизсан” деганларини эсла” (Аъроф сураси, 172-оят).

Бу меъёрлар биз туғилмасимиздан олдин бизга ўргатилади. Бу эса Аллоҳнинг берган улкан неъматларидан биридир. Аллоҳ барчага бирдек Робб саналади. Шунинг учун ҳам биз санаб ўтган меъёрлар ҳамма инсонда бўлади.

Энди мавзуни давом эттирамиз. Динга ишонмайдиган инсон: “Мен фақат кўзим билан кўрган нарсага ишонаман. Кўзим кўрмаган нарсаларга эса ишонмайман”, деб айтади. Аслида ишонч сўзи кўз кўрмайдиган нарсаларга нисбатан ишлатилади. Ҳеч ким сизни кўриб туриб “Сенинг борлигинга ишонаман” демайди. Ёки ҳеч ким қуёшни кўрганидан кейин “Мен қуёшнинг борлигига энди ишондим” демайди.

Ишонч турлича бўлади. Масалан, сиз ўзингиз гувоҳи бўлмасангиз ҳам, аммо кимдир айтган гапга ишонасиз. Чунки ўша одамни сиз ишончли деб биласиз. Агар ўша нарсани ўз кўзингиз билан кўрсангиз, ишончингиз янада ортади. Мўмин кишининг охиратга бўлган ишончи биринчи тур ишончга киради. Зотан мўминлар охиратни кўрмасдан туриб унинг борлигига ишонадилар. Кўз билан кўргандан кейин эса у ишонч яна ҳам кучли бўлади. Аллоҳ таоло охират куни жаҳаннамни кўрганлар ҳақида бундай деган:

﴿كَلَّا لَوْ تَعْلَمُونَ عِلْمَ الْيَقِينِ لَتَرَوُنَّ الْجَحِيمَ ثُمَّ لَتَرَوُنَّهَا عَيْنَ الْيَقِينِ﴾

“Йўқ. Агар сиз аниқ илм ила билганингизда эди. Албатта, жаҳаннамни кўрарсиз. Ва албатта, уни ишонч кўзи билан кўрасиз” (Такосур сураси, 5-7-оятлар).

Охират куни ҳар биримиз жаҳаннамни ўз кўзимиз билан кўрамиз. Сўнгра Аллоҳ таоло бундай хитоб қилади:

﴿وَأَمَّا إِنْ كَانَ مِنَ الْمُكَذِّبِينَ الضَّالِّينَ فَنُزُلٌ مِنْ حَمِيمٍ وَتَصْلِيَةُ جَحِيمٍ إِنَّ هَذَا لَهُوَ حَقُّ الْيَقِينِ﴾

“Ва агар ёлғонга чиқарувчи гумроҳлардан бўлган бўлса. Бас ўта қайноқ сувдан “зиёфат” ва дўзахга кириш бор. Таъкидки, албатта бу очиқ-ойдин ҳақиқатдир” (Воқеа сураси, 92-95-оятлар).

Ҳа, очиқ-ойдин ҳақиқат охиратда бўлади.

Демак, очиқ-ойдин ҳақиқат кўз билан кўргандагина бўлади. Лекин иймон маъносидаги ишонч эса кўрмасдан туриб бўлади. Мисол учун, сиз ўзингиз кўрмаган нарса ҳақида “Бундай бўлишига иймоним комил” деб айтасиз. Яъни сиз кўзингиз билан кўрмаган нарса ҳақида шундай ишонч билан гапиряпсиз. Бу – иймон дейилади.
 

Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан

Мақолалар