Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримнинг номларидан бири “Уммул ъулум”дир (илмлар онаси). Каломуллоҳда нафақат диний, айни пайтда дунёвий илм-фаннинг сир-асрорлари ҳам яширинганки, вақт ва замонлар ўтиши билан тафаккур эгалари оятларнинг мазмун-моҳиятини англаб бораверадилар. Натижа эса тараққиётга, инсоннинг ўзлигини англашига, Буюк Яратувчини танишига хизмат қилади.
Қуръони карим шундай илоҳий китобки, унда замонавий илм-фаннинг барча соҳалари мужассам. Ҳар бир оятни чуқур тадаббур ҳамда тафаккур билан ўқиб, унинг мазмун-моҳиятини англашга интилган киши бунга қайта ва қайта амин бўлаверади.
Каломуллоҳ – улкан мўъжиза. Тарих, футурология – келажак ҳақидаги фан (“У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна, сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур” (Наҳл сураси, 8-оят), тиббиёт, биология, зоология (“Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур” (Наҳл сураси, 69- ва бошқа оятлар), арифметика, математика (“калола” ояти) ва ҳоказо.
Қуръони каримни ўқиган адабиётшунос воқеалар ривожи, оятларнинг тузилишидан, сураларнинг қисқа, лўнда номларидан ҳайратга тушса, муаррих пайғамбарлар тарихи, узоқ ўтмиш, буюк келажакни кашф қилгандек қувонади. Математик эса суралар ва оятлар сони, жойлашуви, кетма-кетлиги, воқеалар тадрижийлигидан (Абжад ҳисобини билса) худди Абу Райҳон Беруний бобомиз уммон ортида қуруқлик борлигини кашф этганидек янги-янги ихтиролар қилишига шубҳа йўқ. География фани билан шуғуланувчи олим эса Қуръондаги жой номларини ўқиб, Капитан Кусто каби имон ҳаловатини туяди.
Хуллас, Аллоҳ таолонинг каломи азалий ва абадийдир. Унда яширинган ҳикматлар, сиру асрорлар то қиёматгача башариятни ҳидоятга, илму ирфонга, маърифатга чорлайверади.
Қуръони каримда жой номлари
МАККА-БАККА-УММУЛ ҚУРО
«У (Аллоҳ) Макканинг ичкарисида (кечган жангда) уларнинг (Макка мушрикларининг) устидан сизларни ғалаба қилдирганидан кейин уларнинг қўлларини сизлардан, сизларнинг қўлларингизни улардан тўсган (жангни тўхтатган) зотдир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир» (Фатҳ сураси, 24-оят).
«Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй – Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлмиш (Каъба)дир» (Оли Имрон сураси, 96-оят).
«(Барча) шаҳарлар онаси (Макка аҳлини) ва унинг атрофидаги кишиларни огоҳлантиришингиз учун ва шубҳаси йўқ «тўпланиш куни» (қиёмат куни)дан огоҳлантиришингиз учун Биз Сизга мана шундай араб тилидаги Қуръонни ваҳий қилдик. (У кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир» (Шўро сураси, 7-оят).
МАДИНА
«Теварагингиздаги аъробийлар ва Мадина аҳолиси ичида мунофиқлар бор. (Улар) нифоқда бардавомдирлар» (Тавба сураси, 101-оят).
«Мадина аҳолиси ва уларнинг теварагидаги аъробийлар учун Аллоҳнинг Расулидан қолишлари ва ундан кечиб, ўзлари билан машғул бўлишлари жоиз эмас эди» (Тавба сураси, 120-оят).
РУМ
« Рум (қўшини Форс қўшинидан) мағлуб бўлди » (Рум сураси, 2-оят).
ТУВО ВОДИЙСИ
«(Эй Мусо!) Мен сенинг Раббингдирман. Бас, оёқ кийимингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидадирсан» (Тоҳо сураси, 12-оят).
МАДЯН
«Мадян (қабиласи)га биродарлари Шуайбни (элчи қилиб юбордик)» (Аъроф сураси, 85-оят).
ТУР ВА СИЙНО
«Биз унга Тур (тоғи)нинг ўнг томонидан нидо қилдик ва уни муножот қилган ҳолида (Ўзимизга) яқин этдик.» (Марям сураси, 52-оят).
«Қасамёд этаман Тур (тоғи) билан» (Тур сураси, 1-оят).
«Яна (Биз сизлар учун) Тури Сайно (тоғи)дан чиқадиган ёғ ва егувчилар учун нонхуруш ҳолда ўсадиган бир дарахтни (зайтунни яратдик)» (Муъминун сураси, 20-оят). (“Тури Сайно”, “Тури Сино” ёки “Тури Синин” деб аталадиган тоғ Миср билан Айла шаҳри ўртасидаги муборак тоғ бўлиб, у Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ билан гаплашган жойдир).
АРАФОТ ВА МАШЪАРУЛ ҲАРОМ (МУЗДАЛИФА)
«(Ҳаж мавсумида тижорат билан) Раббингиздан фазл тилашингизда сизларга (ҳеч қандай) гуноҳ йўқдир. Арафотдан тушганингизда, Машъари Ҳаромда (Муздалифада) Аллоҳни (талбия, таҳлил, такбир, сано билан) зикр этинг! У сизларни гарчи илгари адашганлардан бўлсангиз-да, ҳақ йўлга ҳидоят қилгани каби, сизлар ҳам Уни ёд этингиз! Сўнгра одамлар тушган ердан (Арафотдан) тушингиз ва Аллоҳдан мағфират сўрангиз. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир» (Бақара сураси, 198–199-оятлар).
САФО ВА МАРВА
«Албатта, Сафо ва Марва (тепаликлари) Аллоҳнинг шиорларидандир» (Бақара сураси, 158-оят).
САБАЪ
«Сўнгра узоқ (вақт) қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: «Мен сен огоҳ бўлмаган нарсалардан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри)дан ишончли хабар келтирдим» (Намл сураси, 22-оят).
(Яман диёридаги Билқис маликалик қилган мамлакатнинг номи араб тилида “Сабаъ”, дейилади. Ўзбек тилида ва адабиётларда “Сабо” деб аталади).
ЖУДИЙ
«(Сўнгра) айтилди: «Эй Ер! Сувингни ютгин! Эй осмон! Ўзингни тутгин (ёғишни бас қил!)» Сув қуриди, буйруқ адо этилди ва (кема) Жувдий (тоғи) узра қўнди ҳамда «Золимлар қавмига – ҳалокат!» – дейилди» (Ҳуд сураси, 44-оят).
БОБИЛ
«Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир бўлдилар» (Бақара сураси, 102-оят).
МИСР
«Мусо ва унинг биродарига ваҳий орқали: «Қавмингиз учун Мисрда уйлар ҳозирлангиз ва уйларингизни қибла (намозгоҳ) этиб, намозни баркамол ўқингиз ва мўминларга эса (ғалаба ҳақида) хушхабар беринг!» – деб айтдик» (Юнус сураси, 87-оят).
ҲУНАЙН
«Аллоҳ сизларни кўп жойларда ва (хусусан) Ҳунайн кунида ғолиб этди. Ўшанда (сон жиҳатдан) кўплигингиз сизларни мағрурлантирган эди, аммо (бу) сизлардан бирор нарсани даф қила олмади ва ўзининг (шунча) кенглиги билан ер (сизларга) танглик қилиб қолди. Сўнгра ортингизга чекиндингиз» (Тавба сураси, 25-оят).
БАДР
«Бадр (жанги)да (ҳарбий) кучингиз оз бўлса-да, Аллоҳ сизларни ғолиб қилди-ку! Бас, Аллоҳдан қўрқиб, зора шукр қилсангиз» (Оли Имрон сураси, 123-оят).
Толиб НИЗОМ
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Динимиз мусулмон инсоннинг ҳар бир сўзини аҳамиятли деб билади. Кундалик ҳаёт ва ўзаро муомалалардан тортиб, ҳатто Робби билан бўлган аҳдлашувларни ҳам тартибга солиб берган Ислом инсонларга осон қилинган диндир. Қасам ва назр аҳд ҳисобланади. Аллоҳ таоло қасам ва аҳдга вафо қилиш муҳим иш экани боис Қуръони каримда бир неча оятларни нозил қилган. Шулардан:
إِنَّ الَّذِينَ يَشْتَرُونَ بِعَهْدِ اللَّهِ وَأَيْمَانِهِمْ ثَمَنًا قَلِيلًا أُولَٰئِكَ لَا خَلَاقَ لَهُمْ فِي الْآخِرَةِ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ اللَّهُ وَلَا يَنْظر إِلَيْهِمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
“Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар учун охиратда насиба йўқдир. Қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бордир” (Оли Имрон сураси, 77-оят).
وبِعَهْدِ اللَّهِ أَوْفُوا ۚ
“Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг” (Анъом сураси, 152-оят).
وَأَوْفُوا بِعَهْدِ اللَّهِ إِذَا عَاهَدْتُمْ وَلَا تَنْقُضُوا الْأَيْمَانَ بَعْدَ تَوْكِيدِهَا وَقَدْ جَعَلْتُمُ اللَّهَ عَلَيْكُمْ كَفِيلًا ۚ إِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا تَفْعَلُونَ
“Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг. Қасамларни таъкидлаганингиздан сўнг бузманг. Зеро, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур” (Наҳл сураси, 91-оят).
وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ ۖ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا
“Аҳдга вафо қилинг. Албатта, аҳд (қиёматда) сўраладиган нарсадир” (Исро сураси, 34-оят).
Шариатда қасам Аллоҳнинг исми ёки сифатларидан бири билан сўзни қувватлашдир. Қасам ичувчи киши ўзининг ростгўйлигини билдириш ёки бирор ишни қилишга ўзини ундаш ёхуд ундан тийилиш мақсадида қасам ичади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَٰكِنْ يُؤَاخِذُكُم بِمَا عَقَّدتُّمُ الْأَيْمَانَ ۖ
“Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас (жазоламас). Лекин қасд билан туккан (ичган) қасамларингиз учун жавобгар қилур” (Моида сураси, 89-оят).
Назр эса инсоннинг ўзига бирор мақсад билан асли вожиб бўлмаган амални вожиб қилиб олишидир. Назр мутлоқ (ҳеч қандай шартга боғланмаган) ва муқайяд (бирор шартга боғланган) турларга бўлинади. Аллоҳ таоло бундай дейди:
وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ نَفَقَةٍ أَوْ نَذَرْتُمْ مِنْ نَذْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُهُ
“Қандай садақа қилсангиз ёки қандай назр қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билур” (Бақара сураси, 270-оят).
Қасамда ҳам, назрда ҳам асосан ишни таъкидлаш қасд қилинади, лекин улар ўртасида бир неча фарқлар бор. Биринчиси назр деб Аллоҳ учун қатъий бир ишни зиммасига юклашга айтилади.
Назр қилувчи Роббисига яқинлашиш ва савоб олиш мақсадида Аллоҳ учун тоатни яъни ибодатни зиммасига лозим қилиб олади. Масалан: “Аллоҳ учун садақа қилиш зиммамда бўлсин” ёки “Бир ой рўза тутишни назр қилдим”, деб ният қилади. Қасам эса Аллоҳнинг исмлари билан боғланади ва фақат бир ишни қилиш ёки қилмасликни таъкидлашни ирода қилади. Қасам “Валлоҳи”, “Таллоҳи”, “Биллаҳи” каби лафзлар ҳамда “Қасам ичаман”, “Гувоҳлик бераман” деган сўзлар билан айтилади. Демак, назр Аллоҳ учун, қасам эса Аллоҳ номи билан боғланади.
Иккинчиси инсон ҳеч бир ишга боғламасдан мутлоқ назр қилса ёки бир ҳожати раво бўлиши учун назр қилса-ю, нияти амалга ошса, энди назрига вафо қилиши шарт бўлади, бу каффорат билан ечилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга итоат қилишни назр қилган бўлса, итоат қилсин. Ким Аллоҳга осий бўлишни назр қилган бўлса, унга осийлик қилмасин”, деганлар. Аммо назр қилувчи бирор шартга боғлиқ қилиб назр қилса-ю, уни бажаришни ирода қилмаса (масалан, “фалон гуноҳни қилсам, масжид қураман” деса), шарт топилганда ихтиёр ўзида: хоҳласа назрини бажаради, хоҳласа каффорат беради. Қасамда эса, қасам бузилса каффорат ўташ билан аҳд ечилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда:
قَدْ فَرَضَ اللَّهُ لَكُمْ تَحِلَّةَ أَيْمَانِكُمْ ۚ وَاللَّهُ مَوْلَاكُمْ ۖ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ
“Албатта, Аллоҳ сизларга қасамларингизни ечиш (каффоратини адо этиш) йўлини белгилаб қўйган. Аллоҳ сизларнинг Мавлойингиздир. У Билувчи ва Ҳикмат эгасидир”, деб марҳамат қилган (Таҳрим сураси, 2-оят).
Демак, назрда кўпинча амални адо этиш талаб қилинса, қасамни каффорат билан ечиш имкони бор.
Учинчиси қасам одатда вожиб ва суннат ишларда ҳам ичилаверади. Лекин бундай ишларда назр қилиш макруҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтариб: “Бу яхшилик олиб келмайди, у билан фақат бахил кишидан мол чиқариб олинади, холос”, деганлар. Яъни назр бахилни хайр-эҳсон қилишга мажбурлайдиган восита бўлиб қолиши мумкин. Шунингдек, вожиб ишларга назр қилиш жоиз эмас экан.
Тўртинчиси назрга вафо қилиш вожиб бўлган амалдир. Қасамга вафо қилиш эса бундай эмас, яъни киши қасамини бузиб, каффоратини ўтаса ҳам бўлаверади. Назрнинг каффороти қасамнинг каффороти билан бир хилдир.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Назрнинг каффороти худди қасамнинг каффоротидекдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Демак, назрини бажара олмаган киши ўн нафар мискинни таомлантиради ёки кийинтиради. Агар бунга қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутади.
Назр қилинган иш вожиб бўлиши учун учта шарт жамланиши лозим:
Назр қилинган амал намоз ёки рўза каби вожиб жинсидан бўлиши керак. Шунинг учун бемор зиёратини назр қилиш тўғри бўлмайди.
Назр қилинган иш “мақсудан лизатиҳи” (яъни ўзи мустақил ибодат сифатида қасд қилинган амал) бўлиши керак. У намозга эришиш учун таҳорат олиш каби “васила” (яъни восита) бўлмаслиги лозим.
Назр қилинган иш назрдан олдин вожиб (фарз) бўлмаслиги керак. Шундоқ ҳам фарз бўлган беш вақт намозни назр қилиш дуруст эмас.
Аллоҳ таоло барчамизни аҳдига вафо қиладиган ихлосли бандаларидан қилсин.
Мадина ТОШБОЕВА,
Тошкент ислом институти 3-курс талабаси