Шуруқ (ишроқ) намози
Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинади”, деганлар”.
Абу Довуд, Термизий ривоят қилган. Термизийнинг лафзида:
“Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ”, дейилган.
Ушбу ривоятда васф қилинаётган намоз “Салотуш-шуруқ» (Ишроқ намози) дейилади. “Шуруқ” дегани эса қуёш чиқишини билдиради. Шуруқ чошгоҳ намозининг энг аввалги вақтидаги намоздир.
Зуҳо (чошгоҳ) намози
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким чошгоҳ намозини бардавом ўқиса, унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дедилар”.
Имом Термизий ривоят қилган.
Бу намознинг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилганда кириб (яъни қуёш чиққандан тақрибан ярим соат кейин), заволга бир соат қолгунча давом этади. Бу “даҳватул кубро”, яъни катта тонг, дейилади. Зуҳо намози икки ракатдан саккиз ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ тўрт ракатдан ўқиганлар. Унинг энг афзал вақти наҳорнинг тўртдан бири ўтгандан кейиндир.
“Мўминнинг меърожи” китобидан
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Пайғамбаримиз ﷺ дедилар: "Ким ғазабини ичига ютса, гарчи уни амалга оширишга қодир бўла туриб, ўзини тийса — Аллоҳ унинг қалбини хотиржамлик ва иймон билан тўлдиради".
Яна бир бошқа ҳадисда Набий ﷺ дедилар: "Ким ғазабини ичига ютиб, уни амалга оширишга қудрати ета туриб тийиб қолса — Аллоҳ таоло уни Қиёмат куни бутун махлуқотлар олдига чорлаб, қайси ҳурни истаса, ўшани танлаш ихтиёрини беради".
Бир киши Пайғамбаримиз ﷺ ҳузурларига келиб: "Ё Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг, озроқ айтинг, шояд айтганларингизни эслаб қолсам", деди.
Шунда Пайғамбаримиз ﷺ: "Ғазаб қилма", дедилар. У киши яна сўради. Расулуллоҳ ﷺ яна: "Ғазаб қилма", дедилар.