Одам савдоси жинояти бугунги кунда дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётир. Ушбу жиноят муайян ҳудуд ёки қитъадагина эмас, аста-секин дунёнинг турли нуқталарига кириб бораётгани учун ҳам хавфлидир. Унга қарши курашиш, олдини олиш бўйича жиддий чоралар кўрилмоқда. Бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар жаҳон ҳамжамиятининг ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда.
Хусусан, 2008 йили мамлакатимиз парламенти “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилди. Шунингдек, Президентимизнинг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича республика реабилитация Маркази ташкил этилди.
Одам савдоси жабрдийдаларини қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, шунингдек, озиқ-овқат, доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, уларга кечиктириб бўлмайдиган тиббий, руҳий, ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатишдан ташқари, хавфсизлигини таъминлаш, қариндошлари билан мулоқот ўрнатишига кўмаклашиш ушбу марказнинг асосий вазифаларидир.
Бугунгача марказ хизматидан фойдаланган мингга яқин жабрдийдаларнинг 28 фоизини аёллар ва 2,9 фоизини вояга етмаган болалар ташкил этади. Уларга тиббий, руҳий ёрдамдан ташқари, иш топишларига ҳам кўмаклашилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг жойлардаги бўлимлари билан биргаликда уларни иш билан таъминлаш масаласи ижобий ҳал қилиб берилмоқда.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозим, одам савдоси жиноятидан жабрланганларни тўғри тушуниб, тикланиб олишларига беғараз ёрдам кўрсатишда мамлакатимизнинг турли идоралари масъул ходимларидан тортиб, оддий фуқароларигача ўзларининг юксак инсонийлик хислатларини намоён этмоқдалар. Хусусан, Марказга мурожаат қилаётганларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиб, маданий ҳордиқ чиқаришларида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Миллий академик драма театри ҳамда бошқа маданият муассасалари ходимларининг хизмати алоҳида таъкидга лойиқ. Шунингдек, жабрдийдаларнинг доимий яшаш жойларига етиб олишларига ҳам қатор ташкилотлар ҳомийлик ёрдами кўрсатишяпти. Фурсатдан фойдаланиб, бу борада катта ёрдам бераётган ҳомий ташкилотлар қатори Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг жойлардаги бошқармалари, Бандлик марказлари, прокуратура ҳамда ички ишлар тизими ходимларига миннатдорлик билдирамиз.
Зиёда ФАРҲОДОВА,
Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш
ва уларни ҳимоя қилиш республика
реабилитация маркази ходимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.