Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Июн, 2026   |   15 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:10
Қуёш
04:52
Пешин
12:26
Аср
17:34
Шом
19:54
Хуфтон
21:29
Bismillah
02 Июн, 2026, 15 Зулҳижжа, 1447

Қандай дуо қиламиз?

04.03.2018   6395   3 min.
Қандай дуо қиламиз?

Aйримлар: “Дуо қилаверамиз, бирортасининг қабул бўлганини сезмадик!” деб гапириб юради.

Қонун-қоидасига мувофиқ ёзилмаган оддий ариза ҳам қабул қилинмайди-ю, шартларига риоя этилмаган дуо қандай қабул бўлсин! Ёшланмаган кўз, қизармаган юз, қалбдан чиқмаган минг бир сўз билан қилинган дуолар қандай ҳам ижобат бўлсин ҳузури Илоҳийда?

Кўпчилик одамларнинг дуолари худди мактубсиз хатжилдга ўхшайди. Жилди бор-у, ичида хат йўқ. Буни бошқачасига ифодаласак, жасад бор-у, руҳ йўқ, пўсти бор-у, мағзи йўқ, ниқоб бор-у, юз йўқ.

Оддий бандадан бирор нарса сўрашнинг ўзига хос йўли, одоби бўлгани ҳолда оламлар Парвардигоридан сўрашнинг одоби бўлмасинми!

Дуо – инсоннинг ўз ожизлигини эътироф этишидир.

Дуо – агар илоҳий нусрат бўлмаса, одамнинг ўзи, ҳеч нарса қилолмаслигини билишидир.

Дуо – банданинг борлиғи битта юракка айланиб, илоҳий Даргоҳга юкунишидир.

Дуо – бор кучини, бутун имкониятини ишга солиб ҳам мақсадига етолмаслигини билган одамнинг Парвардигордан мадад сўраб, қилган нидосидир.

Буни тушунган одам, бола онасидан бир нимани қатъий туриб сўраганидек, қатъият билан дуо қилади. Илоҳий Даргоҳга қўл чўзиб қайта-қайта илтижо этади...

Шунда метин қалблар ҳам юмшайди, тошдан сув сизгани каби, улардан ожизлик “оҳ”лари сизиб, юксалади. Ҳеч кутмаган жойингиздан Эгам нажот эшикларини очади. Шоир айтганидек:

Сур, чиқар ағёрни дилдан, Ҳақ тажаллий айласин,

Подишоҳ кирмас саройга хона маъмур ўлмаса.

Ҳирсу ҳавас денгизига ғарқ бўлган, дунё матоларига муҳаббатни ўзига жо қилган юракка назар қилармикин У!

Тоиф сафаридан қайтар эканлар Муҳаммад пайғамбаримиз  режалари пучга чиқиб, иложсиз қолганларида, гумроҳлар отган тошлардан покиза вужудлари қонга беланиб, ҳориб-чарчаб, бир девор панасига чўкдилар. Ақлнинг чораси қолмаган пайтда, камситилган, ҳорғин ва ғамнок ҳолда муҳаббатуллоҳнинг мушфиқ бағрига ташладилар ўзларини. Кейин муборак дудоқлардан пайғамбарлик даврининг бурилиш нуқтаси бўлган дуо отилиб чиқди:

“Илоҳим! Мадорим тугаганини, чорасиз қолганимни ва одамлар орасида хор бўлганимни фақат Ўзингга арз қилурман... Эй раҳмлиларнинг энг марҳаматлиси! Сен менинг Парвардигоримсан, эзилганларнинг мададкорисан. Мени кимларнинг ихтиёрига ташлаб қўйдинг? Менга ғаддорлик қилганларнинг қўлигами?..

...Майли, Сен мендан ғазабланмасанг бўлгани, бошқасига парво қилмайман. Аммо марҳаматингдан умидворман. Сенинг нурингга юкунаман, зулматларни ёритгувчи нурингга...

Менга ғазабинг етмаслиги ва қаҳринг тушмаслигини сўрайман. Сенга сиғинаман, мендан рози бўлсанг, бас. Барча куч-қудрат Сендадир, ёлғиз Ўзингда!..” (Ибн Ҳишом, “Сийра”).

Содиқ НОСИР

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳожидан қандай дуо қилишни сўраш керак?

01.06.2026   1685   1 min.
Ҳожидан қандай дуо қилишни сўраш керак?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳожи кимнинг гуноҳи кечирилишини сўраса, унинг гуноҳи ҳам кечирилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳим, ҳожининг гуноҳини ва у мағфират сўраган кишининг гуноҳини кечиргин", деб дуо қилдилар (Имом Байҳақий ривояти).

Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: "Ҳожининг гуноҳи ҳам, у мағфират сўраган кишининг гуноҳи ҳам кечирилади..." (Имом Ибн Абу Шайба ривояти).

Шунинг учун Ибн Умар розияллоҳу анҳу: "Ҳожини кўрсанг, унга салом бергин, у билан қучоқлаб кўришгин, уйига киришидан олдин гуноҳларинг кечирилишини сўраб дуо қилишини илтимос қилгин", дер эди (Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Аҳмад ривояти).

Шу сабабли, одамлар ҳожиларни кўришса, уларнинг дуосидан баҳраманд бўлиб қолишга ҳаракат қиладилар. 

Аллоҳ таоло ҳожиларни кўрсатиб, фаришталарига — осмон фаришталарига мақтанади (Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Аҳмад ривояти).

“Энг шарафли уммат” китобидан

Мақолалар