Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Август, 2026   |   6 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:16
Шом
19:21
Хуфтон
20:43
Bismillah
19 Август, 2026, 6 Рабиъул аввал, 1448

Силаи раҳм умрни узайтиради

02.03.2018   19886   2 min.
Силаи раҳм умрни узайтиради

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло ризқини кенг қилиши ва ажалини кечиктириши кимни қувонтирса, у силаи раҳм қилсин” (Бухорий ва Термизий).

Силаи раҳм дейилганида, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш тушунилади. Соддароқ ифодаласак, қавм-қариндош, ёру биродарлар билан ўзаро борди-келдини узиб қўймаслик, доимо қондошлар, айниқса, улар орасидаги бетоблари ва ҳожатмандлари ҳолидан хабар олиш, қўлдан келганича уларнинг оғирини енгил қилиш каби улуғ инсоний фазилатларга силаи раҳм дейилади.

Мўътабар ақида китобларимизда, жумладан, “Ақоиди Насафий”да бундай дейилади: “Ажал биттадир”.

Шундай экан, умрни узайтиришни қандай тушуниш керак?

Баъзи уламолар бундай жавоб берганлар: “Амалларда баракот ва тавфиқ ҳосил бўлиши умрнинг бекорга ўтмаслигидир. Бу худди унинг узайганига ўхшайди”.

Айрим уламолар, силаи раҳм ўлганидан кейин яхшилик билан ёдланишига сабабдир, бу умрнинг маънан узайишидир, дейишган.

Баъзи ҳадис олимларига кўра, ажалнинг кечикиши дейилганида умрнинг ортиши эмас, балки Аллоҳ силаи раҳм қилувчининг наслидан хайрли зурриёт чиқариши тушунилади. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида “Ким силаи раҳм қилса, ажали кечиктирилади”, дейилганида, у зот бундай марҳамат қилдилар: “Умр узаймайди. Аллоҳ таоло: “Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар” (Аъроф, 34), дея огоҳлантирган. Аммо киши силаи раҳм қилса, унинг ортидан дуо қиладиган хайрли зурриёти бўлади(Табароний ривояти).

Бу масалага Ибн Ҳажар Асқалоний бундай шарҳ келтирган: “Умрнинг узайиши дейилса, бандани тоатга йўллаш ва охират учун фойдали амалларни бажаришга иштиёқ бериш, вақтини бекорга ўтказишдан сақлаш орқали умрини баракотли қилиб қўйиш тушунилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларининг умри бошқа умматларга нисбатан жуда қисқалигини айтиб, дуо қилганларида, Қадр кечаси берилган. Зеро, ким ушбу кечага етишиб, уни тоат-ибодат билан ўтказса, саксон уч йил ибодат қилганнинг савобини олиши ҳақида ҳадислар бор.

Хуллас, силаи раҳм тоатнинг ортиши ва гуноҳларнинг камайишига сабабдир, у орқали банда ўзидан яхши хотира қолдиради ва ўлганидан сўнг ҳам унга савоб ёзилиб тураверади. Мўминга асқатадиган нарсалар ичида ўзидан кейин фойдаланиладиган илм, садақаи жория ва солиҳ фарзанддир”.

“Кутуби ситта” асосида

Содиқ НОСИР

тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳар бир хонадонга байрам шукуҳи кириб бормоқда

12.08.2026   42732   1 min.
Ҳар бир хонадонга байрам шукуҳи кириб бормоқда

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
 

Бугун, ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчиликларида ҳомийлар жалб этилган ҳолда маҳалла ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, хонадон аҳиллари билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида совға-саломлар ва хайр-эҳсон қутилари тарқатилди.

Бундай хайрли ташаббуслар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга маънавий далда ва кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.



Юртимизда тинчлик-осойишталик, хонадонларимизда файзу барака бардавом бўлсин!

ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Ҳар бир хонадонга байрам шукуҳи кириб бормоқда Ҳар бир хонадонга байрам шукуҳи кириб бормоқда