28 февраль, чоршанба куни Сурхондарё вилоятида қорилар мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтади. Ушбу мусобақада республика босқичига чиқиш учун туман босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган 11 нафар қори, 10 нафар қория жами 21 киши ҳаракат қилади.
Юртимиз бўйлаб ўтказилаётган Қуръони карим мусобақаси сабаб файзу барака ёғилмоқда, Ҳақ таолонинг Каломига ошиқ кўнгиллар ояти карималарни жон қулоқлари билан тинглашмоқда.
Энг муҳими Қуръони каримни тинглаш Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Менга қироат қилиб бергин”, дедилар. Мен: “Эй Расулуллоҳ, Қуръон сизга нозил қилинган бўлса, сизга мен қироат қилиб берайинми?”, дедим. У зот “Ҳа”, дедилар.
Бошқа ривоятда “Мен Қуръонни бошқадан эшитишни хуш кўраман”, дедилар. Мен “Нисо” сурасини ўқиб, “Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва сизни (эй, Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!” оятига етганимда, “Етарли” дедилар. Қарасам икки кўзларидан ёш оқаётган экан”, дейилган.
Шундай экан азизлар, 28 февраль, чоршанба куни Сурхондарё вилояти бўйича Қуръон мусобақасининг вилоят босқичидан баҳраманд бўлинг.
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳаётнинг бўронли кунларию ўткир тиғли ҳанжарлари унга озор беришига қарамай Аллоҳнинг қадари ва иродасига рози бўлиб уйқуга кетган, маҳзунлик унинг қалбига киришга йўл топа олмаётган, кўз ёшлар эса кўзига ҳеч ўрнаша олмаётган ва фарзанди, суюкли инсонлари, ота-онаси ёки дўстларини йўқотган барча инсонларга айтар гапимиз: Аллоҳ ажрингизни улкан қилиб берсин! Даражангизни олий қилсин! Синиқлигингиз ўрнини Ўзи тўлдириб берсин! У зот бундай марҳамат қилади:
﴿وَاسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ وَإِنَّهَا لَكَبِيرَةٌ إِلَّا عَلَى الْخَاشِعِينَ﴾
“Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир” (Бақара сураси, 45-оят).
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сабрнинг иймондаги ўрни бошнинг жисмдаги ўрни кабидир”. Шунинг учун сиз сабрингиз эвазига бериладиган мукофот – Фирдавс жаннатини қўлга киритишингиз сизга хушхабар бўлсин! Тез орада сиз ҳар қандай ҳолатда ҳам муваффақият қозонган инсон эканингизни биласиз. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбарига бундай дейди:
﴿وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ﴾
“Ва сабрлиларга башорат бер” (Бақара сураси, 155-оят).
Шуъла: Ўзингизга бўлган ишонч умрингиз қандай бўлишидан қатъий назар сизга янги ғоялар ижод этишингиз ва ўз касбингизда янги марраларни забт этишингизга ёрдам беради.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан