Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов бошчилигидаги Диний идора масъул ходимлари Термиз шаҳридаги “Имом Термизий” ўрта махсус Ислом таълим муассасасига ташриф буюрди. Уларга Сурхондарё вилояти бош имом хатиби Алиакбар домла Сайфиддинов ва билим юрти мудири Музаффар домла Жабборов ҳамроҳлик қилди.
Диний идора масъул ходимлари дарс жараёнларини кузатиб, таълим сифати ва ўқитувчилар илмий салоҳиятини кўтариш, диний таълимда анъанавий ва замонавий педагогик технологияларни қўлланилишига доир таклифларни билдирди. Шунингдек, устоз ва талабалар фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.
Ташриф давомида соҳа раҳбарлари таълим муассасаси ўқитувчи ва талабалари билан мулоқот ўтказди. Унда сўзга чиққан нотиқлар ўқитувчи ва талабаларнинг масъулиятини ошириш, илмнинг фазилати, имомлик шарафи, машаққатлари, диний соҳада билимли ва дунёқараши кенг кадрларга бўлган эҳтиёж каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, мадраса битирувчиларининг юртимиз масжидлари ва диний таълим муассасаларига ишга тақсимот қилинишига оид масала муҳокама қилинди. Ўрта махсус таълимдан кейин ўқишни давом эттирмоқчи бўлган талабалар юртимиздаги 3 та олий диний таълим муассасаларида бакалавр, сўнг Тошкент ислом институтида магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олишлари мумкинлиги айтиб ўтилди.
Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 17-18-октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифида берган топшириқлари ижроси юзасидан 2020-2021 ўқув йилидан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилди.
Таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 8 июнда 24-сонли гувоҳнома билан давлат рўйхатидан ўтказилди. Мазкур Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим маскани ўрта махсус диний маълумотли ислом шариати ва ҳадис илмлари мутахассиси, имом-хатиблар тайёрлайди. Таълим муассасада ўқиш муддати тўрт йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади.
Манзил: Сурхондарё вилояти, Термизий шаҳар, Шимолий Дарвоза кўчаси, 3-уй (55) 451-05-96
https://imomtermiziy.uz
t.me/termiziylar


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 14 сентябрь куни Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ўз ишини бошлади.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров ҳамда бошқа қардош ва хорижий давлатлар уламоларидан иборат нуфузли делегациялар иштирок этмоқда.
Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган муфтийлар ўз маърузаларида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқдалар:
– Кенгаш қошидаги Фатво ҳайъати фаолиятини ривожлантириш, уммат учун зарур қўшма фатволар ишлаб чиқиш ва замонавий масалаларга шаръий ечим топиш;
– диний таълим муассасаларида устоз ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий-услубий лойиҳаларни амалга ошириш;
– экстремизм, терроризм, такфирчилик, исломофобия ва мазҳаблараро низо қўзғаш каби таҳдидларга қарши якдил маърифий курашни кучайтириш.
Шунингдек, Уламолар диний-маърифий соҳадаги ана шундай ҳамкорлик бутун Туркий дунё бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Анжуман давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати