Қуръон тингловчиларга хушхабар!
Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсинки, қарийб бир ойдан бери давом этаётган Республика Қуръон мусобақасининг файзу футуҳи пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бошланиб кетди. Аллоҳнинг муборак Каломига ихлосманд халқимиз хушовоз қориларнинг гўзал тиловатларини қалблари тўла муҳаббат билан тингламоқда. Республика бўйлаб Қуръон мусобақасини хоҳ бевосита бўлсин, хоҳ жонли эфирда бўлсин тинглаб бораётган Қуръон мухлисларига хушхабар бермоқчимизки, Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таоло китобидан бир оятни эшитса, унга икки (кўп) савоб ёзилади”, деб марҳамат қилдилар.
Сизларга хушхабар бўлсин, Қуръондан бир ҳарф тиловат қилсангиз, Аллоҳ таоло ўнта савоб беради. Демак, бир дона оятда қанча ҳарф бўлса, уни ўн баробарича савобга эришасиз. Тинглаганингизда эса уни яна икки баробарга кўпайтиринг. Энди бир ўйлаб кўринг-чи, мусобақанинг бир кунида қанча оят тингламоқдасиз? Бундан Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган раҳмати нақадар чексизлигини англаб етасиз.
Қуръон тиловатини тинглашнинг бошқа фойдалари ҳам кўп. Абдудоим Каҳил бундай деган: “Тўлиқ соғайишни истаган бемор ҳар куни бир неча соатдан Қуръон эшитсин. Унинг маъносини англашга уринсин. Зеро, Қуръон мазмунини тушуниш ҳам шифодир”.
Дарҳақиқат, Қуръон тинглашнинг соғликка ҳам беҳисоб фойдалари борки, у билан инсон тинчланади, хотиржам бўлади. Бу эса беморнинг соғайишига кучли омил бўлади.
Қуръон тинглаган инсон охиратни эслайди, натижада ҳаётини тўғрилашга уринади, хатти-ҳаракатларини назорат қилади, Қуръон тинглаганимизда кўзимизга ёш келиши ҳам бежиз эмас...
Қориларнинг юксак мартабаси бор
Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Оиша (онамиз) олдига бориб: “Жаннатга кирганлар ичида Қуръон ўқиган билан ўқимаган орасида қандай фарқ бор?” деб сўрадим. Оиша (онамиз): “Жаннат поғоналари Қуръон оятларига тенг. Жаннатга кирганлар ичида ҳеч ким Қуръон ўқиганлардан афзал бўла олмайди”, деб жавоб берди”.
Шундай экан, қориларимизга хушхабар бўлсинки, уларнинг узоқ йиллар чеккан заҳматлари эвазига Аллоҳ таоло ўзига хос мукофот тайинлаб қўйган. У эса жаннатнинг энг юқори даражасидир.
Яна бир ривоятда: “Қорилар жаннатга кирганларидан сўнг уларга “Ўқи ва кўтарил!” деб хитоб қилинади. Қори ўқир экан, жаннатнинг даражаларидан кўтарилиб бораверади. Қаерда ўқишдан тўхтаса, ўша қават унинг жаннатдаги мақоми бўлади”. Демак, Қуръондан ким қанча ёд олса, шунга қараб ўзининг мартабасини белгилайди. У ҳолда ўз мақомимизни жаннатнинг энг юқори даражасидан тайинлаб олишимизга нима монелик қилмоқда? Аллоҳдан сўраб, янги ташкил қилинаётган “Араб тили курслари”га ёзилиб, тезроқ араб тилида саводимизни ошириб, Аллоҳнинг каломини ёд олишга киришайлик. Зеро, “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор. Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар. Қуръон ҳофизлари – инсонлар ичра Аллоҳнинг хос бандаларидир. Бундай мақомга эришишга барчамизнинг имкониятимиз бор. Биз фақат ғайрат-шижоатли бўлсак шунинг ўзи кифоя.
Қуръон аҳлининг ота-онасига хушхабар!
Қуръони каримни фарзандларимизга ўргатайлик. Мактаб дарсларидан бўшаганда Қуръон тиловат қилсин, вақти беҳуда ўтмайди. Гўдаклигидан шунга ўрганса, кўп вақт ўтмай, тўла ёдлаб олади, ахир доно халқимиз бежизга “Қатра-қатра кўл бўлур” демаган. Аллоҳнинг ҳузурига борганимизда эса бизга шафоатчи бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир инсон дунёда фарзандига Қуръон ёдлатса, қиёмат куни отасига тож кийдирилур”, деганлар. Бошқа бир ривоятда эса: “Ота-онасига бутун дунёнинг қиймати ҳам унга тенг келмайдиган кийим кийдирилади. Улар: “Буни нима сабабдан кийдик?”, деб ҳайрон бўлганларида, уларга: “Фарзандингиз Қуръонни қўлга киритгани учун” дейилади”, деб фарзандларини қори қилган ота-онага хушхабар бердилар. Донишманд халқимиз “Зар қадрини заргар билади”, деганидек, Қуръон ва қориларнинг қадрини мусобақа шарофати билан ҳамма билиб олди.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қуръон ўқийдиган мўмин худди утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин. Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмога ўхшайди. Унинг ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин. Қуръон ўқийдиган мунофиқ эса райҳон каби хушбўй, аммо мазаси аччиқ. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ ҳудди ҳанзала каби янглиғ, ҳидсиз ва таъми аччиқдир”, деганлари ривоят қилинган.
Изоҳ: “Утружжа” цитрус мева бўлиб, апельсинга ўхшаш “ширин лимон”дир. Ҳажми икки кафт миқдорича, ҳиди хушбўй ва мазаси ширин мева.
“Хурмо” дейилганда араб хурмоси назарда тутилган. Маълумингизки, араб хурмосининг мазаси тотли бўлса-да, унинг ҳиди йўқ.
“Ҳанзала” эса таъми ва ҳиди ёқимсиз бўлган ўсимлик тури. Меваси апельсиндан сал каттароқ бўлади.
“Хурмо бўлиб қолдик”
Унаштирилиши ният қилинган қори йигит ва қория қиз учрашувга чиқибди. Юзлашгани заҳоти қиз гап чўзилиб кетмасин деган андешада йигитдан: “Сиз утружжамисиз?, деб сўради. Йигит дарҳол саволнинг мазмунини англаб: “Утружжамиз-ку, аммо тўйнинг ташвишлари билан бўлиб айни кунларда хурмо бўлиб турибмиз”, деб жавоб берди. Қория қиз йигитнинг жавобидан қаноат ҳосил қилиб чиройли жилмайиб қўйди. Сўнг йигит: “Сиз-чи?” деб сўраган эди, табассум қилиб: “Биз утружжамиз”, дея жавоб берди.
Савол: “Сиз ҳам утружжамисиз?”
Аллоҳ таоло барчамизни Қуръон ҳофизларидан бўлишимизни насиб қилсин!
ЎМИ матбуот хизмати
Ислом илмларининг тараққиётида ҳадис илми жуда ҳам муҳим ўрин тутади. Бу илм нафақат шариат асосларининг саҳиҳ манбалар орқали етказилиши, балки мусулмон умматининг ақидавий, фиқҳий ва ахлоқий асосларини тўғри англаб олишда ҳам муҳим рўл ўйнайди.
Хусусан, ҳадис илмидаги энг йирик ва ишончли манбалардан бири бўлган Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари бўлиб, минглаб уламолар тарафидан бу китоб ўрганилиб, унга турли мазмун ва услубларда шарҳлар ёзганлар. Ана шундай шарҳловчи уламолардан бири сифатида Абу Юсуф Муҳаммад Яъқуб ал-Баноний ал-Лоҳурийнинг номлари алоҳида эътиборга лойиқдир.
Абу Юсуф Муҳаммад Яъқуб ал-Баноний ал-Лоҳурий, баъзи манбаларда эса бу зотнинг исмлари Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Али ал-Баноний шаклида ҳам учрайди. Бу зотнинг қачон туғулганлари борасида манбаларда аниқ маълумолар кўрсатилмаган бўлсада, ҳижрий 1098 йилда вафот этганлари очиқ баён қилинган.
Яъқуб ал-Баноний Ҳиндистоннинг илмий марказларидан бири бўлмиш Лоҳур шаҳрида таваллуд топганлар ва бутун умрларини шу ерда илмга хизмат қилишга бағишлаганлар.
Яъқуб ал-Баноний машҳур муҳаддис, фақиҳ, муфассир ва бир қанча илмларда йирик ҳанафий олимлардан ҳисобланадилар.
“Нузҳат ал-Хавотир” асарининг муаллифи шайх Яъқуб Ал-Банонийнинг таржимаи ҳолини баён қилиб айтадиларки: “У зот олим, муҳаддис Мавлоно Яъқуб Ал-Баноний Ал-Лоҳурий, Лоҳур шаҳрида туғилиб, вояга етганлар. Ўз замонасидаги етук олимлардан таҳсил олганлар ва кўплаб илмларда, хусусан ҳадис, фиқҳ ва бошқа бир қанча илмларни пухта эгаллаган машҳур олимлардан бири бўлганлар”, деб таърифлайдилар.
Бу зотнинг устозлари ҳақида аниқ маълумотлар учрамасада, энг йирик шогирдлари фазилатли шайх Муҳаммад Ғовс ибн Абу ал-Хойр ибн Абу ал-Мағфар ибн Абдуссалом ал-Ҳанафийдир. У илмли шайхлар оиласидан бўлиб, ҳижрий 1056 йилда туғилган. У ҳадис илмини шайх Муҳаммад Яъқуб ал-Баноний ал-Лоҳурийдан ўрганган.
Яъқуб ал-Баноний ҳадис илмда ҳам чуқур билим эгаси сифатида танилган олимлардандир. У зотнинг энг машҳур асари “Ал-хойр ал-Жорий фи Шарҳи саҳиҳ Ал-Бухорий” бўлиб, бу асар имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” китобига ёзилган муҳим шарҳлардан бири ҳисобланади.
Абу Юсуф Муҳаммад Яъқуб ал-Баноний ал-Лоҳурий илмий мақом ва мартаба жиҳатидан юксак мавқега эга бўлган олимлардандир. Манбаларда у зот бир қанча асарларнинг муаллифи экани қайд этилган. Қуйида уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:
Абу Юсуф Муҳаммад Яъқуб ал-Баноний ал-Лоҳурий ҳижрий 1098 йилда вафот этганлари қайд этилган.
Шунингдек, қўлёзма нусхасининг кўчирилгани ҳам бу санани тасдиқлайди. “Нузҳат ал-Хавотир” китоби муаллифи ҳам унинг 1098 ҳижрий йилда вафот этганини таъкидлаб бундай ёзади: “У ҳижрий бир минг тўқсон саккизинчи йилда вафот этди. Бу санани муфтий Валиййуллоҳ ал-Фарҳободий ўз таълиқларидан бирида очиқ баён қилган”.
Бу зот Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида вафот этганлар ва ўз уйларига дафн этилганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Абу Юсуф Муҳаммад Яъқуб ал-Баноний ал-Лоҳурий ўз даврининг йирик алломаларидан бири бўлиб, ҳадис, фиқҳ, тафсир каби илмларда чуқур билмга эга бўлган зотлардан саналадилар. У зотнинг илмий, маънавий мероси Ҳиндистон минтақасидаги исломий илмий тараққиётга катта таъсир кўрсатган ва кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам у зотнинг қолдирга илмий мерослари тадқиқотчилар учун ҳам бебаҳо манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Муҳаммад Умар Муҳаммаджонов,
Тошкент Ислом институти талабаси.