Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Сентябр, 2025   |   3 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:55
Қуёш
06:13
Пешин
12:20
Аср
16:28
Шом
18:19
Хуфтон
19:31
Bismillah
25 Сентябр, 2025, 3 Рабиъус сони, 1447

Соғлом эътиқод сабоқлари рукнидан: Қуръони карим ҳақида эътиқодимиз

04.02.2018   13646   7 min.
Соғлом эътиқод сабоқлари рукнидан: Қуръони карим ҳақида эътиқодимиз

Қуръон сўзи луғатда “ўқиш”, “жамлаш”, “бир-бирига қўшиш” каби маъноларни англатади. Улумул Қуръон истилоҳида Қуръони каримга бундай таъриф берилган: 

اَلْقُرْآنُ كَلاَمُ اللهِ تَعَالَى اَلْمُنَزَّلُ عَلَى مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ اَلْمُتَعَبَّدُ بِتِلاَوَتِهِ.

“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ҳамда тиловати ибодат саналадиган Аллоҳ таолонинг каломи Қуръон деб аталади”[1].

Қуръони карим олдинги илоҳий китоблардан бир қанча жиҳати билан фарқ қилади:

– Олдинги илоҳий китоблар маълум бир қавмларга хослаб туширилган, Қуръони карим эса бутун башариятга умумий қилиб туширилган;

– Олдинги илоҳий китобларнинг асл ҳолида сақланиши Аллоҳ томонидан тайин қилинмаган, Қуръони карим эса сақланиши тайин қилинган. Бунинг сабаби шуки, олдинги  китоблардаги ҳукмлар муайян замон ва қавмларга хос бўлган;

  • Олдинги илоҳий китоблардан кейин яна илоҳий китоблар тушаверган, Қуръони каримдан кейин эса илоҳий китоб асло тушмайди, чунки у қиёматгача башариятга дастуруламал бўладиган охирги илоҳий китобдир.

Қуръони каримда 114 та сура бўлиб, улар турли воқеа ва муносабатлар билан 23 йил давомида босқичма-босқич Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга туширилган.

Ҳар бир мусулмон Қуръони каримнинг бандаларга нозил қилинган охирги илоҳий дастур эканига иймон келтириши лозим. Бу эса қуйидаги маъноларни билиш ва уларга шак-шубҳасиз ишониш орқали юзага чиқади: 

  1. Қуръони карим нозил қилинган китобларнинг энг охиргиси, ўзидан олдинги китобларда келтирилган илоҳий таълимотларни тасдиқловчи ва уларни мувофиқлаштирувчи китобдир:

وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ مُصَدِّقًا لِمَا بَيْنَ يَدَيْهِ مِنَ الْكِتَابِ وَمُهَيْمِنًا عَلَيْهِ

“Сизга (эса, эй Муҳаммад!) ўзидан олдинги Китоб(лар)ни тасдиқ этувчи ва у (китоблар)ни мувофиқлаштирувчи сифатида Китоб (Қуръон)ни ҳақиқатан нозил қилдик” (Моида сураси, 48-оят).  

Ушбу оят тафсирида Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу китоб бошқа китоблар устидан назоратчи этиб нозил қилинган, чунки бу китоб бошқа китобларнинг тўғри ва аниқлигига гувоҳлик беради”, деган. 

  1. Қуръони каримга инсоният тарафидан бирор ўзгартириш киритилмаган ва киритилиши мумкин ҳам эмас, чунки у Аллоҳ таоло томонидан муҳофаза қилинувчи китобдир:

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

“Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз” (Ҳижр сураси, 9-оят). 

Ушбу оят тафсирида муфассирлар: “Аллоҳ таоло ушбу Қуръонни муҳофаза қилишни ўз зиммасига олган. Шунга кўра бошқа китобларда бўлгани каби унга бирор нарсани қўшиб қўйишга ёки ундан бирор нарсани олиб ташлашга ёки унинг бирор жойини алмаштиришга ё ўзгартиришга ҳеч кимнинг кучи етмайди”, деганлар.   

  1. Қуръони карим азиз, яъни кучли ва иззатли китобдир, шунинг учун унга куфр келтирганлар кучсиз ва хор бўладилар:

وَإِنَّهُ لَكِتَابٌ عَزِيزٌ

“Шубҳасиз, у азиз Китобдир” (Фуссилат сураси, 41-оят). 

Яъни Қуръони карим ҳар қандай инкор қилувчини мот қилиб қўядиган ҳужжати кучли тенгсиз китобдир. 

  1. Қуръони каримга ботил нарсалар, яъни ёлғон ва беҳуда нарсалар мутлақо яқинлаша олмайди. У доимо мусаффо ҳолатида илоҳий мўъжиза бўлиб тураверади:

لَا يَأْتِيهِ الْبَاطِلُ مِنْ بَيْنِ يَدَيْهِ وَلَا مِنْ خَلْفِهِ تَنْزِيلٌ مِنْ حَكِيمٍ حَمِيدٍ

“Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил (ноҳақлик) келмас. (У) ҳикмат ва ҳамд эгаси (томони)дан нозил қилингандир” (Фуссилат сураси, 42-оят).    

Яъни Қуръони каримга бирор тарафдан ҳам ботил кела олмайди, уни инкор қилишнинг умуман иложи йўқдир. 

  1. Қуръони карим тақводор бандаларни икки дунё саодатига йўлловчи ҳидоятдир:

ذَلِكَ الْكِتَابُ لَا رَيْبَ فِيهِ هُدًى لِلْمُتَّقِينَ

   “Ушбу Китоб (Қуръон) шубҳадан холи ва тақводорлар учун ҳидоят (манбаи)дир” (Бақара сураси, 2-оят).

Яъни, ушбу китобнинг Аллоҳ таоло ҳузуридан туширилганига шак-шубҳа йўқ. Бу китоб буйруқларига бўйсуниш ва қайтариқларидан қайтиш билан Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқадиган бандаларга ҳидоятдир. 

  1. Қуръони карим намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга аниқ ишонадиган ихлос билан амал қилувчи бандаларга ҳидоят ва раҳматдир:

هُدًى وَرَحْمَةً لِلْمُحْسِنِينَ (3) الَّذِينَ يُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَهُمْ بِالْآخِرَةِ هُمْ يُوقِنُونَ (4)

“Эзгу амал қилувчилар учун ҳидоят ва раҳмат (манбаи экани) жиҳатидан. Улар намозни баркамол адо этадилар, закотни (ўз жойига) берадилар ва охиратга аниқ ишонадилар” (Луқмон сураси, 3-4 оятлар).    

  1. Қуръони карим мўмин бандаларнинг барча моддий ва маънавий касалликларига шифо ва раҳматдир. Унга иймон келтирмай золим бўлганларга эса зиёнларини зиёда қилгувчидир:

وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ وَلَا يَزِيدُ الظَّالِمِينَ إِلَّا خَسَارًا

“(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим (кофир)ларга фақат зиённи орттирур” (Исро сураси, 82-оят).   

  1. Қуръон қалбларни жонлантирадиган илоҳий зикр бўлиб, унинг тиловати руҳларга ҳузур бахш этади:

ص وَالْقُرْآنِ ذِي الذِّكْرِ

“Сод. Зикр манбаи бўлмиш Қуръонга қасамёд этаман!” (Сод сураси, 1-оят).     

  1. Қуръон инсоннинг бахтли ҳаёт кечириши учун лозим бўлган маънавий руҳдир:

وَكَذَلِكَ أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ رُوحًا مِنْ أَمْرِنَا

“(Эй Муҳаммад!) Шундай қилиб, амримиз билан Сизга Руҳни (Қуръонни) ваҳий қилдик” (Шуро сураси, 52-оят).    

Аллоҳ таоло Қуръони каримни руҳ деб номлади, чунки бу китобнинг ичида банданинг нафсини жаҳолат ўлимидан сақлайдиган ҳаёт бор. Молик ибн Динорнинг қуйидаги сўзлари буни тушунишимизга яқиндан ёрдам беради: “Эй Қуръон аҳли, Қуръон қалбларингизга нимани экди? Ёмғир ернинг баҳори бўлгани каби Қуръон ҳам қалбларнинг баҳоридир”.

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин! 

Абдулқодир Абдур Раҳим

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

[1] Манноъ Қаттон. Мабаҳис фи улумил Қуръон. – Байрут: “муассасату кутубис сиқофия”, 1980. – Б. 21.

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Ҳаж – 2026” мавсуми зиёратчилари учун нимча тайёрлаб берувчи корхоналар ўртасида танлов

24.09.2025   3348   1 min.
“Ҳаж – 2026” мавсуми зиёратчилари учун нимча тайёрлаб берувчи корхоналар ўртасида танлов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Ҳаж – 2026” мавсуми зиёратчилари учун нимча (камзул) тайёрлаб берувчи корхоналар ўртасида танлов эълон қилади.

I. Танловда қатнашиш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

  1. Танловда иштирок этиш бўйича хат;
  2. Корхона гувоҳномаси ва раҳбарининг паспорт нусхаси;
  3. Банкдан К-2 шаклидаги маълумотнома;
  4. Эркак ва аёллар учун биттадан нимча намунаси;
  5. Тижорат таклифи;
  6. Корхонанинг сўнгги бир йилда банкдаги пул маблағлари айланмаси ҳақида маълумот;
  7. Боғланиш учун телефон номерлари;

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ зарурат бўлса қўшимча ҳужжатлар талаб этилиши мумкин.

II. Маҳсулотлар (эркаклар ва аёллар нимчаси) учун қўйилган талаблар:

  1. Нимчалар 50, 52, 54, 56 ва 58 ўлчамларда тикилиши лозим.
  2. Нимчаларнинг олди қисми тугмали бўлиши шарт.
  3. Нимчанинг орқа юқори қисмида Ўзбекистон Республикаси байроғи акс эттирилган бўлиши керак.
  4. Байроқнинг тепа қисмида, орқа томонда лотин алифбосида “UZBEKISTAN” ёзуви жойлаштирилиши талаб қилинади.
  5. Ҳар бир нимчанинг оғирлиги 190–220 грамм зичликдаги матодан тайёрланган бўлиши керак.
  6. Нимчалар мовий (оч кўк) рангда бўлиши лозим.
  7. Олд қисмида учта чўнтак бўлиши: икки томонда (ён чўнтаклар) ва юқори чап қисмида битта қўшимча чўнтак.
  8. Олд юқори чап чўнтак устки қисмида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Ҳаж” ва “Умра” маркази логотипи жойлаштирилган бўлиши шарт.

Танловда иштирок этиш истагида бўлган корхона ва ташкилотлар 2025 йил 31 октябрь кунига қадар юқоридаги талаблар асосида ҳужжатларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тақдим этишлари мумкин.

Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қорасарой кўчаси, 47-уй. Телефон: 71-240-04-75, 98-140-04-75

Янгиликлар