Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир”, деганлар. Ихтилоф ўзро қарама қаршилик, маъносини англатсада, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларида юз берадиган ихтилофни раҳмат, деб сифатладилар. Демак, бундан кўринадики, диндаги ихтилофлар ичида мақталадиган, уммат учун раҳмат бўладиган ихтилоф ҳам мавжуд. Бундай ихтилоф ислом умматининг ички фитнасига, улар ўртасидаги уриш жанжалларга сабаб бўладиган ихтилоф бўлмаслиги лозим. Чунки Аллоҳ таоло “Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўйингиз) кетиб қолур” (Анфол-46), деган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ўзаро низолашишдан қайтарганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: Биз қадар борасида ўзаро тортишаётган эдик, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга чиқдилар ва ғазаб қилиб, ҳатто юзлари қизариб кетди. Юзларига анор доналари сиқилганидек бўлиб кетди. Сўнг бизга юзланиб: “Сизлар шунга буйрилдингизми, мен сизларга шуни олиб келдимми?! Сизлардан олдингилар шу иш борасида низолашганлари туфайли ҳалок бўлдилар. Бу ҳақда сизлар талашиб тортишмасларингизни қасд қилдим”, дедилар. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда: “Менинг умматим залолат устида жамланмайди. Агар ихтилофни кўрсангиз саводи аъзамни (кўпчиликдан иборат тарафни) лозим тутинг”, деганлар.
Демак баъзи далиллар ихтилофни қораласа, баъзиларида ихтилоф мақталмоқда. Далиллар ўртасини мувофиқлаштириш учун уламолар уларда зикр қилинган ихтилоф ва низолашув ибораларини турлича изоҳлашган. Жумладан, “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир” деган ҳадисни қуйидагича тушунтиришган: Менинг умматларим ичидаги мужтаҳидларининг ижтиҳод жоиз бўлган фаъий-иккиламчи масалалар борасидаги ихтилофи раҳматдир. Бу ўриндаги раҳмат сўзининг маъноси, кенгчилик, енгиллик маъноларида бўлиб, ушбу иборага кўра барча мўътабар мазҳаблар гўёки алоҳида-алоҳида шариат каби бўлади ҳамда Аллоҳ таолонинг енгил ва осон дини бўлган Исломни кенгчилик йўли эканини ифодалайди.
Бундан кўринадики, ихтилоф муқаллидлар, яъни оддий мусилмонларнинг иши эмас, балки мужтаҳидларга доир вазифа бўлиб, улар ўз ижтиҳодлари билан ўзаро шариат доирасида ихтилоф қиладилар. Натижада бир масала борасида бир қанча қавллар юзага келади. Бу эса вазият тақозо қилганда, мажбурлик ўрнида бирор бир мужтаҳиднинг сўзини олиб, унга амал қилиш орқали танг вазиятдан чиқиб кетиш имконини беради.
Демак, шариатда рухсат берилган “Ихтилоф” сўзидан ‒ мақсад бир бўлиб, унга олиб борувчи йўлнинг турлича экани тушунилиши лозим. Бундай ихтилоф тарафларнинг ўзаро ҳурматига раҳна солмайди. Чунки улар бир эътиқод ва бир мақсадда бўлганлари учун ўзаро хурматни йўқотмайдилар.
Имом Бухорий номидаги
Тошкент Ислом институти
“Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси”
ўқитувчиси Я.Раззақов
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати