Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Июл, 2026   |   7 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:29
Қуёш
05:03
Пешин
12:34
Аср
17:38
Шом
19:55
Хуфтон
21:26
Bismillah
21 Июл, 2026, 7 Сафар, 1448

Ҳаё йўқолмасин дунёда

14.01.2018   7071   1 min.
Ҳаё йўқолмасин дунёда

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳеч шубҳа йўқ, ҳар бир диннинг ўзига хос хулқи бор. Ислом динининг ўзига хос хулқи ҳаёдир”. Ҳаё – кишини инсоний ахлоққа тўғри келмайдиган ҳар қандай нарсадан тийилишга ундовчи сифат. Ҳаё хижолат чекиш, истиҳоладан фарқ қилади. Чунки хижолат чекиш ҳамиша ҳам ижобий хислат ҳисобланмайди. Баъзан у салбий оқибатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Ҳаё бир вақтнинг ўзида жоиз бўлмаган иш ва сўзлардан қайтаргани каби, яхши ишларга ундовчи ҳамдир. Бу гўзал хислат одамлар орасида ҳам, ўзи ёлғиз қолганида ҳам эгасининг иккиюзламачилик қилишига йўл қўймайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаёнинг ҳаммаси яхшидир”, деганлар.

Ҳаё инсоннинг икки дунёси, шунингдек, атрофидагилар учун ҳам фойдали фазилат. Уламоларимиз ҳаё ҳақида: “Ҳаё ёмон, қабиҳ иш ва қилиқларни тарк этишга ундайдиган, ҳақдор кишининг ҳақига путур етказишдан қайтарадиган яхши сифатдир”, дейишган.

Имонимизнинг бир бўлаги – ҳаё биздан узоқлашиб, бегонасираб кетишига йўл қўймайлик.

 

Ёрмуҳаммад ЭШНАЗАРОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ота – оила устуни

21.07.2026   917   2 min.
Ота – оила устуни

Ота – оиланинг суянчи, фарзанднинг қалқони, жамиятнинг устуни. Фарзанд тарбияси – бу фақат онанинг эмас, балки отанинг ҳам вазифасидир. Чунки оила икки қанот, соғлом бўлсагина, тўғри парвоз эта олади. Аллоҳ таоло каломида бундай дейди: “Эй мўминлар, ўзларингизни ва оилангизни дўзах ўтидан сақланг!” (Таҳрим сураси, 6-оят).  Бу оятдан маълумки, Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмон эркакни ўз оиласи, хусусан, фарзандлари учун жавобгар қилиб қўйган. Уларнинг маънавий-ахлоқий даражада юксак бўлиши бир томондан отанинг ҳам вазифасидир.

Ота – оиланинг имомидир, у намоздаги имомдек, оиласини тўғри йўлга бошлаши керак. Чунки бир жиҳатдан, оятда зикр этилганидек, улар аёлларга ҳам раҳбардирлар, ўз ҳукмронлиги мустаҳкам бўлган оилада, албатта, фарзандлар ҳам ақлли, фаросатли бўлиб етишади. Ёш боланинг қалби оппоқ саҳифага ўхшайди. Ота бу саҳифага қандай сўзлар ёзса, фарзанднинг келажаги шунга кўра шаклланади. Демак, болага иймон, ҳалоллик, сабр, меҳр-оқибат, фидойилик каби фазилатларни бериш отанинг биринчи навбатдаги бурчидир.

Афсуски, айрим оталар фарзандининг жисмоний таъминотини қилиб, ахлоқий ва маънавий тарбиясини унутмоқда. Меҳрсиз гўзал оқибат шаклланмайди. Фарзандга янги телефон, кийим олиш эмас, уни намозга ўргатиш, ҳалол-ҳаромни англатиш, Аллоҳ севгисини юрагига солиш муҳимроқ. Чунки бола ота нима қилса, ўша йўлдан юради. Болалар оталарини ўзларига “қаҳрамон” сифатида танлашади. Ота тонгда бомдодга турса, фарзанд ҳам тонгда уйғонишни ўрганади. Ота ҳалол меҳнат қилса, фарзанд ҳалолликни қадрлайди. Фарзандлар оталарнинг виждони, уларнинг пок эътиқод натижасидир.

Ота – ўз ҳаёти билан дарс берадиган инсон. Ислом оламининг етук намояндаси Фотима Самарқандиянинг отаси – буюк муҳаддис ва фақиҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандийнинг ўзаро муносабатларида кўрамиз. Фотима Самарқандия ёшлигидан илм ўрганди. Отаси уни нафақат дунё илмларига, балки Қуръон, фиқҳ ва ҳадисга ошно қилди. Фотима илмда отасининг энг яқин шогирди, ҳаётда эса энг содиқ ёрдамчиси эди. Устоз сифатида отаси уни буюк аллома сифатида тарбиялади. Отаси унга ўз қўли билан фиқҳий масалалар ёзилган дафтарини ишониб топширган. Бу нафақат илмий ишонч, балки оталик эътибори ва муҳаббатининг ёрқин белгиси эди.

Фарзандингиз сизга Аллоҳнинг омонати. Уни фақат дунёвий эмас, ахлоқий ва диний тарбия билан ҳам бойитинг. Ҳар бир ўргатган дуоингиз, ҳар бир қилган меҳрибонлигингиз, ҳар бир амалингиз – сиз учун садақаи жориядир. Бу дунёдан ўтганингиздан сўнг ҳам сизга ажр бўлиб қайтаверади. Унутманг, яхши фарзанд бу – отанинг энг буюк меросидир.

Маҳфуза БОЗОРОВА,
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан

Мақолалар