Табиийки, киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватани Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: “Агар қавмим мени чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим”, деганлари сийрати набавия китобларида баён этилган.
Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.
Буюк аллома Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги сўзида она-Ватанини севувчи садоқатли ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади:
Ватан таркини бир нафас айлама,
Ани ранжи – ғурбат, ҳавас айлама.
Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Ватан ҳимояси барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Диний-маънавий қадриятларимиз қайтадан халқимизга қайтарилди. Имон-эътиқодимиз ва эртанги кунга бўлган ишончимиз мустаҳкамланди. Шаҳару қишлоқларимиз кўркам ва обод бўлди. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир.
1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида муҳим воқеа юз берди. Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни”, деб эълон қилинди.
Ана ушбу шонли сананинг 26 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз.
Ушбу қутлуғ сана билан юрагида Ватан ва халқ севгиси маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар, юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган ака-укаламиз қатори, юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида турли соҳаларда хизмат қилаётган барча ватандошларимизни муборакбод этамиз.
Абдуғулом МЕЛИБОЕВ,
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мудирининг маънавият-марифат ишлари бўйича ўринбосари
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган масжид имом-хатиблари ва имом-ноиблари ўртасида Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами муносабати билан спортнинг стол тенниси бўйича мусобақа ташкил этилди.
Нукус олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб ўтган мусобақа якунига кўра:
1-ўрин: И.Аметниязов (Тахтакўпир тумани «Абдулкарим охун» жоме масжиди имом-хатиби);
2-ўрин: Р.Комилжонов (Тўрткўл тумани «Ғоиб ота» масжиди имом-ноиби);
3-ўрин: О.Машалов (Беруний тумани «Султон увос бобо» жоме масжиди имом-ноиби).
Мусобақа сўнгида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари А.Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиси Б.Разов ва Нукус «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом билим юрти директори Ж.Абдираззақовлар иштирокчиларни ғалаба билан табриклаб, келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилашди.
Ғолибларга «Вақф» хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон филиали томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати