Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Май, 2025   |   19 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:27
Қуёш
05:03
Пешин
12:24
Аср
17:26
Шом
19:40
Хуфтон
21:10
Bismillah
17 Май, 2025, 19 Зулқаъда, 1446

Тилни сақлаш

12.01.2018   7259   3 min.
Тилни сақлаш

Тил инсоннинг энг мукаррам, шу билан бирга энг хатарли  азоси ҳамдир. Агар  инсон уни яхшиликга  ишлатса, улкан ажр-мукофотларга эга бўлади, бордию ёмонликга ишлатса уни ортидан маломатга қолиши тайин. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллоллоҳу аълайҳи васаллам: “Одам боласининг кўпчилик хатолари тилидан” [1]  деганлар.

Инсонни абадий саодатга эришишиб жаннатга кириши, ёки бахтсиз бўлиб дўзахга киришишининг ҳам асосий сабабчиси тилидир. Абу Ҳурайра розиёллоҳу аънҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллоллоҳу аълайҳи васаллам, инсонларни жаннатга киритадиган амалларнинг кўпроғи ҳақида сўралганларида: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ” дедилар. Инсонларни дўзахга киритадиган нарсаларнинг аксари ҳақида сўралганларида эса: “Оғиз ва фарж” [2] дедилар. Демак инсоннинг нажот топишига Аллоҳга бўлган тақвоси ва чиройли хулқи сабабчи бўлса, ҳалокатга учрашига тилини лағвдан, авратини зинодан сақламаслиги сабаб бўлар экан. Жобир розиёллоҳу аънҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллоллоҳу аълайҳи васаллам: “ Ким менга икки жағи ва икки оёғи ўртасидаги нарсани сақлашни кафолатини берса, мен унга жаннат кафолатини бераман. Бирор бир садақа Аллоҳ азза ва жаллага яхши сўздан кўра маҳбуброқ эмас” [3]   дедилар.

Сўзнинг аҳамияти шунчалик муҳимки инсон биргина сўзи билан мусулмон бўлиши ёки диндан чиқиши, инсонлар ўртасини ислоҳ қилиши ёки бузиши мумкин. Шундай экан Аллоҳ таъоло неъмат қилиб берган тилларимизни фақат хайрли амалларга ишлатмоғимиз ва уни Аллоҳ ва Росули қайтарган нарсалардан тиймоғимиз лозим. Анас розиёллоҳу аънҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллоллоҳу аълайҳи васаллам: “Токи тилини сақламагунича бирортангиз ҳам иймоннинг ҳақиқатига ета олмайди” [4] дедилар. Росулуллоҳ соллоллоҳу аълайҳи васаллам ҳадиси шарифда марҳамат қилганларидек иймоннинг ҳақиқатига етиш мақсадида тилимизни ундан сақлашимиз керак бўлган нарсаларни яна бир бор эслатиб ўтишни лозим деб билдик. Чунки Аллоҳ таоло: “ (Эй, Муҳаммад соллоллоҳу аълайҳи васаллам) Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур[5] деган. 

 “Ислом нури” жоме  масжиди имом хатиби,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси  А. Собиров.

 

 

[1] Табароний ва Ибн Абуддунё ривояти.Ваҳид Абдуссалом  Болий. Ҳифзуллисан 5-бет.1990-йил Макка-и мукаррама.

[2] Термизий ривоят қилиб саҳиҳ деган 3.245 Ваҳид Абдуссалом Болий. Ҳифзуллисан 5-бет. 1990-йил Макка-и мукаррама.

[3] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 4915- ҳадис. 1990-йил  Байрут. Дарул кутубил иълмийя.  

[4] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 5005- ҳадис. 1990-йил Байрут.  Дарул кутубил иълмийя.  

[5] Зориёт сураси 55-оят.Шайх Абдулазиз Мансур.  Қуръони карим маъноларининг таржимава тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Масжиди Набавийдаги 5 меҳроб

14.05.2025   4034   3 min.
Масжиди Набавийдаги 5 меҳроб

Масжиди Набавий Мадина шаҳрида жойлашган бўлиб, Ислом тарихидаги энг муқаддас жойлардан биридир. Масжид Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан ҳижратнинг биринчи йилида, 622 йили барпо этилган ва мусулмонлар учун Маккадаги Масжидул Ҳаром ва Қуддусдаги Масжидул Ақсодан кейинги учинчи муқаддас масжид ҳисобланади. Масжиди Набавийдаги меҳроблар масжиднинг тарихий ва маънавий аҳамиятини акс эттиради.

Меҳроб – масжидда намоз вақтида имом турадиган ва қиблани кўрсатувчи жой. Масжиди Набавийдаги кенгайтиришлар ва қайта қуриш жараёнларида меҳроблар ўзгариб борган. Масжиднинг дастлабки кўриниши содда шаклда бўлиб, меҳроб ҳам бирор бир нарса билан белгиланмаган. Кейинчалик, Умавийлар, Аббосийлар, Усмонийлар ва Саудийлар даврида меҳроблар нақшинкор санъат намуналари билан безатилди.

1. Пайғамбар меҳроби. Меҳроби Набавий Масжиди Набавийдаги энг муҳим ва асосий меҳробдир. Меҳроб Равзада, Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабрлари ва минбарлари орасида жойлашган. Пайғамбар алайҳиссалом даврларида У зот намоз ўқиган жойда бирор белги бўлмаган, 707-710 йилда илк бор Умавий халифаси Валид ибн Абдулмалик томонидан бу жойга биринчи меҳроб ўрнатилган.

Масжидда ҳозирги шаклдаги меҳроб 1482 йилда Мамлук султони Қайтбей томонидан қурилган бўлиб, кейинчалик Усмонлилар ва Саудия подшоҳи Фаҳд даврларида таъмирланган. Меҳроб тилла билан қопланган хаттотлик ёзувлари ва гўзал нақшлар билан безатилган.

2. Усмоний меҳроби. Меҳроби Усмоний ҳозирда кўп фойдаланиладиган асосий меҳроб бўлиб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврида 651 йилда масжид кенгайтирилганидан қурилган. Қибла деворининг марказида жойлашган Усмон ибн Аффон меҳроби ўрнида дастлаб белги бўлган.

3. Меҳроби таҳажжуд. Меҳроб Пайғамбар алайҳиссалом таҳажжуд намозини ўқиган жойни билдиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги намозларини Масжиди Набавийнинг устунларидан бири ёнида ўқир эдилар. Кейинчалик бу устун ёнида меҳроб қурилди, аммо сўнгги йиллардаги қайта таъмирлаш ишларида олиб ташланди ва унинг ўрнига Қуръони карим мусҳафлари учун китоб жавони ўрнатилган.

4. Сулаймоний меҳроби. Меҳроби Сулаймоний Ҳанафий меҳроби деб ҳам номланади. Сулаймоний меҳроби Равзадан ташқарида, Пайғамбар алайҳиссалом минбарларининг ўнг томонида жойлашган. Бу меҳроб ҳанафий мазҳабидагиларнинг намозгоҳи бўлган. 1532 йили Султон Сулаймон I буйруғи билан бунёд этилди.

5. Фотима меҳроби. Фотима роҳияллоҳу анҳо уйлари яқинида, таҳажжуд меҳробининг жанубида, Набий алайҳиссалом ҳужралари атрофида жойлашгани, мақбара ўралгани боис меҳроб кўринмайди.

Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.