Шаввол ойида олти кун рўза тутиш суннат (мустаҳаб) бўлиб, фарз эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
من صام رمضان ثمّ أتبعه ستا من شوّال كان كصيام الدهر
«Кимки Рамазон рўзасини тутса, сўнг унга Шавволдан олти кун (нафл) қўшса, худди бир йиллик рўза каби бўлади», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиснинг мазмуни мутлақ келгани учун бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайити эртасига бошласа ҳам бўлади ёки бир неча кун ўтказиб кейин рўза тутса ҳам бўлади. Шаввол ойида олти кун рўза тутса, бўлди.
Баъзи уламолар хайрли ишларни қилишга шошилиш лозимлиги, мусобақа қилиш афзаллигини инобатга олиб, ҳайит эртасига Шавволнинг рўзасини тутишни бошлаш керак, деб ҳисоблайдилар. Одамлар ҳам шунга ўрганиб қолишган.
Баъзи уламолар эса, (Бу уламолар орасида Имом Абу Юсуф ва Имом Молик ҳам бор) одамлар бу ҳам Рамазон рўзаси таркибига киради ёки тутмаса бўлмас экан, деган фосид хаёлларга бормасликлари ва асосийси, насронийлар каби фарз рўзаларга ўз ихтиёрлари билан рўзалар қўшиб олганларига ўхшамаслик учун ҳайитдан бир неча кун ўтказиб тутишни маъқул кўрадилар ва ҳайит эртасига бошлаб, улаб тутишни кариҳ кўрадилар. Бу «Шарҳи Виқоя»да ҳам ўз ифодасини топган. Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоий шунга фатво берган. Демак, эҳтиётан ҳайитдан сўнг бир-икки кун ўтказиб Шаввол рўзасини тутишга киришмоқ маъқул.
Шаввол ойида рўза тутишга одатланиш вожиб эмас, балки афзал ва маъқул ишдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
أحبّ العمل الى الله ما دام عليه صاحبه وان قلّ
«Аллоҳга амалларнинг энг севимлиси амал эгаси, гарчи у оз бўлса-да, доим бажариб юрганидур», дедилар.
Шаввол ойида рўза тутиш, шунингдек, Рамазондан бошқа ойларда рўза тутиш нафл ибодат бўлгани учун уни бажармаса, қазо тутиб ўтирмайди. Чунки у ихтиёрий ибодатдир.
Шавволда рўза тутмаса бўлмайди, албатта тутиш керак, дейиш, шунингдек, тутмаганларни маломат қилиш, Шаввол рўзасини тутганлик билан фахрланиш ёмон иллат бўлгани учун ҳатто Имоми Аъзам Шавволда рўза тутишни кариҳ кўрган эканлар. («Мавсуъат ул-фиқҳийя»).
islom.uz
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати