Кеча, 6 декабрь куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов Оққўрғон туманида оила вакиллари, маҳалла фаоллари, устоз-мураббийлар ҳамда ўқувчи-талабалар билан “Фаровон оила – саодат қасри” мавзуидаги мулоқотда иштирок этди.
Тадбирда Хайруллоҳ домла Турматов ота-она ва аёлларни ардоқлашнинг аҳамияти, оилада эркак кишининг вазифалари, оила саодатида меҳр-мурувват ва оқибатнинг ўрни, сўзлашиш ва кийиниш бобида ҳаёнинг долзарблиги, жиноятчиликнинг олдини олиш, интернет, хусусан, телефондан нотўғри фойдаланиш оилавий ажрим ва қатор ахлоқсизликларга замин яратаётгани борасида маъруза қилди.
Қатнашчиларнинг чанқоқ ва илиқ нигоҳлари, айтилган сўзлар таъсиридан юзларни нам айлаган кўз ёшлари ҳамда билдирилган муносабатлардан аҳоли ўртасида бу каби тадбирларни ташкил этиш нечоғлик аҳамиятли экани эътироф этилди. Шунингдек, муқаддас ислом динимизда яхшилик ва эзгулик сари чорлаш, нотўғри йўллардан огоҳ этишнинг фарз экани ҳам бежиз эмаслиги аниқ ва равшан тушунтирилди.
Тадбир сўнгида вилоят бош имом-хатиби томонидан кенг жамоатчик фойдаланиши учун илмий ва тарбиявий-ахлоқий мазмундаги турфа адабиятлар совға қилинди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Оилада фарзанд тарбияси” китоби ҳам шулар жумласидандир.
ЎМИ матбуот хизмати
Юртимизда эзгу анъанага айланган ҳашар тадбирлари бугун нафақат ободончилик, балки халқимизнинг жипслиги ва олижаноблигини ифодаловчи умуммиллий ҳаракат сифатида намоён бўлмоқда.
Хотира ва қадрлаш куни ҳамда муборак Қурбон ҳайити байрамлари олдидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг қабристонларни обод қилиш ва зиёрат одоблари юзасидан аҳолига қилган мурожаатига ҳамоҳанг тарзда хайрия ҳашарлари ўтказилди.
«Поклик — иймоннинг ярмидир», деган ҳадиси шарифга амал қилган ҳолда, республика бўйлаб 2 160 та масжид, қабристонлар ва 195 та зиёратгоҳ ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Мазкур хайрли тадбирлар доирасида тизимдаги ташкилотлар томонидан ҳудудларда 257 мингдан ошиқ бир йиллик ва кўп йиллик гул кўчатлари ўтқазилди. 3 млн. квадрат метрдан зиёд майдон тозаланиб, тартибга келтирилди. Дарахтлар парваришига ҳам алоҳида урғу берилиб, 56 752 дона дарахт ва қарийб 138 минг квадрат метр деворлар оқланиб, кўркам ҳолатга келтирилди. Тозалик ишларини сифатли ташкил этиш мақсадида 1 266 та махсус техника жалб этилиб, 23 минг тоннадан ортиқ чиқинди олиб чиқилди.
Ушбу савобли тадбирларда соҳа ходимлари ва кўнгилли юртдошларимиздан иборат 142 000 нафар иштирокчи фаол қатнашиб, муносиб ҳиссаларини қўшди.
Бу каби амаллар ҳудудларнинг кўркам қиёфа касб этиши билан бирга, жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати