Парвардигоримизга шукрки, юртимиздаги тинчлик, омонлик ҳамда муқаддас динимиз, бебаҳо қадриятларимизни асраб авайлашга бўлган давлат даражасидаги эътибор сабаб, масжидларимиз кўркам қиёфа касб этмоқда. Зеро, бугунги кунда дунёнинг баъзи ҳудудларида инсон номига муносиб бўлмаган кимсаларнинг масжидларга қилаётган тажовузларини кўриб, бизнинг масжидларимиздаги бунёдкорликлар учун беҳад шукр қиламиз ва Аллоҳ таолодан дунёга тинчликни сўраймиз.
Тошкент шаҳрининг Файзиобод маҳалласида жойлашган “Валихўжа ўғли Норхўжа” жоме масжиди дастлаб 1962 йилда қурилган. Собиқ иттифоқ даврида масжид деярли фаолият юритмаган. Мустақиллигимизнинг илк йиллари - 1991-1992 йилларда Файзиобод маҳалласида истиқомат қилган Валихўжа ўғли Норхўжа ҳожининг хайрли ташаббуси ҳамда маҳалла аҳли ва фаоллари иштирокида ҳашар йўли билан қайта тикланиб, таъмирланган. 1997-йилда масжидга “Валихўжа ўғли Норхўжа” жоме масжиди номи берилган. 1999-йилдан жоме масжид сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Ўтган давр мобайнида масжид биноси эскирганлиги, бугунда таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги туфайли маҳлла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини олға суришди.Ва бу хайрли ташаббус қуллаб қувватлангач шу йилнинг Август ойида қайта қуриш ишлари бошлаб юборилган эди.
Жорий йилнинг 2 декабрь куни масжидининг янгидан қурилиши режалаштирилган биноси учун биринчи ғишт қўйилди.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, мутасадди ташкилотлар вакиллари, масжид ташаббускорлари ва маҳалла фаоллари қатнашди. Ушбу хайрли Мавлид ойида амалга оширилаётганлиги кўнгилларни шод этди. Нуроний оталаримиз Ватан равнақи, юрт тинчлиги, осмонимиз мусоффалиги ва масжидларнинг ободолигини сўраб дуои хайрлар қилишди.







ЎМИ матбуот хизмати
Юртимизда эзгу анъанага айланган ҳашар тадбирлари бугун нафақат ободончилик, балки халқимизнинг жипслиги ва олижаноблигини ифодаловчи умуммиллий ҳаракат сифатида намоён бўлмоқда.
Хотира ва қадрлаш куни ҳамда муборак Қурбон ҳайити байрамлари олдидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг қабристонларни обод қилиш ва зиёрат одоблари юзасидан аҳолига қилган мурожаатига ҳамоҳанг тарзда хайрия ҳашарлари ўтказилди.
«Поклик — иймоннинг ярмидир», деган ҳадиси шарифга амал қилган ҳолда, республика бўйлаб 2 160 та масжид, қабристонлар ва 195 та зиёратгоҳ ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Мазкур хайрли тадбирлар доирасида тизимдаги ташкилотлар томонидан ҳудудларда 257 мингдан ошиқ бир йиллик ва кўп йиллик гул кўчатлари ўтқазилди. 3 млн. квадрат метрдан зиёд майдон тозаланиб, тартибга келтирилди. Дарахтлар парваришига ҳам алоҳида урғу берилиб, 56 752 дона дарахт ва қарийб 138 минг квадрат метр деворлар оқланиб, кўркам ҳолатга келтирилди. Тозалик ишларини сифатли ташкил этиш мақсадида 1 266 та махсус техника жалб этилиб, 23 минг тоннадан ортиқ чиқинди олиб чиқилди.
Ушбу савобли тадбирларда соҳа ходимлари ва кўнгилли юртдошларимиздан иборат 142 000 нафар иштирокчи фаол қатнашиб, муносиб ҳиссаларини қўшди.
Бу каби амаллар ҳудудларнинг кўркам қиёфа касб этиши билан бирга, жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати