Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу улуғ саҳобий бўлиш билан бирга умматнинг энг энг сара қориларидан ҳам эдилар. Қуръони каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганиб, уни ўқишга қаттиқ бел боғлаганди.
Ибн Аббос, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Соиб, Абдуллоҳ ибн Айёш ибн Робиаъ, Абу Абдураҳмон Суламий каби улуғ саҳобийлар ва улуғ тобеинлардан кўплари у зотдан Қуръони каримни ўрганган.
Сувайд ибн Ғофала, Абдураҳмон ибн Абзо, Абу Муҳаллаб, Абу Аълия Риёҳий, Зирр ибн Ҳубайш, Утайя Саъдийлар эса Убай ибн Каъбдан ҳадис ривоят қилган.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қатнашган барча ғазотларда ҳозир бўлган.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ҳақида бир нечта ҳадислар ривоят қилинган. Улардан баъзиларини қуйида зикр қиламиз.
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу умматнинг энг раҳм-шафқатлиси Абу Бакр (бўлса), энг қориси Убай ибн Каъбдир”, дедилар”.
Унинг даражаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло наздида ҳам улуғ бўлган. Бунга қуйидаги ҳадис далолат қилади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга:
– Аллоҳ таоло менга сен учун Қуръон ўқиб беришимни буюрди, – дедилар.
Шунда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу:
– Аллоҳ таоло сизга мени номимни зикр қилдими? – деб сўради.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Ҳа, – деб жавоб бердилар.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу:
– Оламларнинг Раббисининг ҳузурида зикр қилиндимми? – деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Ҳа, – деб жавоб бердилар. Шу чоқ Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг кўзлари ёшга тўлди (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қуръоний таълимни имтиҳон шаклида бериб қўярдилар. Буни ўзларидан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда кўришимиз мумкин.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Мунзир, сенинг наздингда Аллоҳ таолонинг китобидаги энг улуғ оят қайси?” дедилар. “Аллоҳ ва Расули билувчироқ”, деб айтдим. Яна сўрадилар: “Эй Абу Мунзир, сенинг наздингда Аллоҳ таолонинг китобидаги энг улуғ оят қайси?” деб сўрадилар.
(Бу сафар) «Оят ал курси”, деб жавоб бердим. Шунда мамнунлик ила елкамга қоқиб: “Эй Абу Мунзир, Аллоҳ сенга илмни осон қилсин”, дедилар» (Муслим ривояти).
Абу Мунзир – Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг кунялари бўлган.
Убай ибн Каъбнинг саҳобийлар ичида ҳам ҳурматлари баланд бўлган.
Ибн Абу Малик бундай дейди:
“Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг: “Қозиликка энг ҳақли кишимиз – Али, Қуръонни энг кўп билувчимиз – Убайдир” , деганини эшитганман”.
Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Қуръонни тўрт кишидан ўрганинглар: Абдуллоҳ ибн Масъуддан, Абу Ҳузайфанинг мавлуси Солимдан, Муоз ибн Жабалдан ва Убай ибн Каъбдан», дедилар.
Юқоридаги ҳадислар шу кунимизгача етиб келган қорилар силсиласининг энг улуғ қориларидан бири бўлмиш Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг даражалари нақадар юксак эканини кўрсатиб турибди. Ҳаттоки Ибн Аббос розияллоҳу анҳудек муфассир саҳобий ҳам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан таълим олган экан. Бу эса Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг қорилар султони эканига далолат қилади.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг вафоти тўғрисида уламолар ўртасида ихтилофлар бор. Уларнинг энг саҳиҳи Абу Нуаймнинг гапидир. У зот: “Убай ибн Каъб Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик йилларида ҳижрий 30-йилда ўлган”, дейди ва бу гапига Зирр ибн Ҳабийш Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу билан Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳалифалик даврида учрашганини далил қилиб келтиради.
Убай ибн Каъбдан бошқа қори саҳобийлар ҳам кўп бўлган.Уларнинг барчаси Қуръони каримни ёдлаш билан бир қаторда Қуръонга қандай амал қилиш кераклигини ҳам кўрсатиб берган. Бугунги кунда биз мусулмонларнинг вазифамиз бу муборак зотларнинг умр йўлларини ўрганиш ва баҳоли қудрат ўз ҳаётимизга татбиқ қилишдир. Зероки, улар ўз ҳаёти билан ҳақиқий ислом қандай бўлишини келажак умматларга кўрсатиб, ўргатиб кетган муаллим зотлардир.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни саҳоба розияллоҳу анҳумлардек Қуръонга муҳаббатли, Қуръонга амал қиладиган солиҳ бандалардан қилсин!
Хушвақтов Абдулҳай,
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати