Қуръони каримни бутун оламларни ҳидоят қилиш учун нозил қилган Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб ҳамду санолар;
Ўзига нозил этилган Китобни умматларига етказиб, унга амал қилишни ўргатган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва муаттар салавоту дурудлар;
Пайғамбар алайҳиссаломдан Қуръони каримни ўта аниқлик ила ўрганиб, унга мисли кўрилмаган ихлос ила амал қилган саҳобаи киромларга Аллоҳнинг ризвонлари бўлсин.
Қуръони каримга иймон келтирган, уни ўргатган, ўрганган ва амал қилган ҳар бир мусулмонга Аллоҳнинг раҳмати, хайри баракаси ёғилсин.
Меҳрибон Раббимиз Ўзи яратган дунёда Ўзи яратган инсон қандай ҳаёт кечиришини баён қилиб бериш учун самовий китоблар нозил қилиб туришни ирода қилгани маълум. Инсоният тараққий этиши жараёнида нозил қилинган самовий китоблар – Забур, Таврот ва Инжилда Аллоҳ таоло мазкур китоблар нозил қилинаётган давр ва шарт-шароитларни эътиборга олгани ҳам аён. Яъни, ушбу китоблар инсоният тарихидаги маълум бир босқич учун кўзланган эди. Улардан аввалгиси ўз вазифасини ўтаб бўлганидан сўнг кейингиси келиб, уни амалдан қолдирар ва ўзига белгиланган вазифани адо этишга киришар эди. Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум ҳикмат борки, ана шу илоҳий китоблар туширилган халқлар ўзларига юклатилган масъулиятни муваффақият ила адо эта олмади. Улар ўзларига нозил қилинган самовий китобнинг аслиятини сақлаб қола олмади ҳамда янги самовий китоб келганида эскиси амалдан қолиши ҳақидаги илоҳий кўрсатмани бузди. Баъзи аҳли китоблар ҳасад қилган ҳолда янги самовий китобни инкор этиб, эскисини маҳкам ушлаб олди. Улар ўзлари ихтиро этган ботилни тўғри қилиб кўрсатиш учун илоҳий китобга ўзгартиш киритишдан ҳам қайтмади. Шу тарзда ҳозирда сақланиб қолган эски илоҳий китоблар ҳақни ботилдан ажратиб бўлмайдиган ҳолга келиб қолди.
Ўзи яратган инсониятни гўдаклигидан тарбия қилиб келган Аллоҳ таоло инсоният камолга етганида унга энг мукаммал, қиёматгача амалда қолувчи, ҳар замон ва ҳар маконда инсонни икки дунё саодатига бошловчи ҳамда абадий мўъжиза бўлмиш китобини – Қуръони каримни нозил этишни ирода қилди. Ҳакийму Хобийр сифатига соҳиб бўлган Зот – Аллоҳ таоло мазкур китобини нозил этиш учун энг муносиб вақтни, энг муносиб жойни, энг муносиб тилни ва энг муносиб халқни ихтиёр қилди.
Энг муносиб вақт деганда, инсониятнинг Қуръони каримга эҳтиёжи роса тушиб турган вақтни кўзда тутмоқдамиз. Чунки ўша вақтда инсоният батамом жоҳилият ботқоғига ботиб қолган, самовий китоблар ўз вазифасини ўтаб бўлган, инсониятни ҳидоятга бошловчи янги илоҳий таълимотга эҳтиёж кучайган бир вақт эди. Аллоҳ таоло ана шундай бир вақтда ўзининг мукаммал ҳидоят маёғи бўлмиш Қуръони каримни нозил этди.
Энг муносиб жой деганда, Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил этиш учун танлаган макон: Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара ва уларга боғлиқ ерларни кўзда тутмоқдамиз. Бутун олам учун ҳидоят маёғи бўлмиш Аллоҳнинг охирги Китобининг айнан шу маконда нозил қилиниши беҳикмат бўлмаган. Аллоҳ таоло ўз Қуръонини нозил этиш учун ихтиёр қилган жой бир қанча ўта муҳим омиллар қатори Қуръон даъватининг оламшумуллигидан ҳам келиб чиққан эди. Қуръон даъвати Аллоҳ таолонинг охирги ва ҳамма инсоният учун қиёматгача кўзланган бир даъвати эди. Бундай даъватнинг маркази қилиб Маккаи Мукарраманинг танланиши эса, у муқаддас шаҳар қуруқликнинг қоқ марказида жойлашган эди. Бу ҳикматни инсоният Қуръон оятларини ўрганиш жараёнида яқинда англаб етди. Қуръони каримнинг Анъом сурасидаги: «Бу – Биз туширган китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул Қуро(шаҳарлар онаси)ни ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир...» оятини илмий равишда ўрганаётган жўғрофия олимлари Уммул Қуро номи ила машҳур бўлган Маккаи Мукаррама ернинг қоқ марказида жойлашганини кашф қилдилар. Демак, бутун ер юзи учун мўлжалланган илоҳий китоб Қуръони каримни нозил қилишга энг муносиб жой деб ер куррасининг қоқ ўртаси ихтиёр қилинган экан.
Энг муносиб тил деганда, Аллоҳ таоло ўзининг охирги ва мукаммал рисоласи маъноларини ифода этиш учун ихтиёр қилган тилни – араб тилини кўзда тутмоқдамиз. Дарҳақиқат, Қуръони каримдек қиёматгача боқий қолиши лозим бўлган илоҳий дастур учун ўзига хос имкониятларга эга бўлган тил керак эди. Қуръони каримдек ҳидояти бутун инсониятни қиёматгача икки дунё саодатига бошлаши лозим бўлган илоҳий китоб учун мазкур масъулиятни адо эта оладиган тил керак эди. Қуръони каримдек ҳар бир лафзи, ибораси, жумласи ва ояти ҳамда уларнинг маънолари илоҳий мўъжиза бўлган китоб учун алоҳида хусусиятларга эга тил керак эди. Ана ўша тил – араб тили эди. Қуръони карим нозил бўлгандан ҳозиргача барча илмий баҳсларда Аллоҳнинг охирги ва мукаммал каломининг баёни учун фақат араб тили муносиб тил экани қайта-қайта таъкидланмоқда.
Энг муносиб халқ деганда ўша, Қуръони карим нозил бўлган даврда Арабистон ярим оролида яшаб турган арабларни кўзда тутмоқдамиз. Дунёдаги барча халқлар қатори ўша вақтдаги арабларнинг ҳам яхши ва яхши бўлмаган томонлари бор эди. Аллоҳ таолонинг ҳикмати ила Ул Зот Қуръони каримни биринчи бўлиб қабул қилиб олишга танлаган халқнинг – арабларнинг яхши сифатлари ҳам, яхши бўлмаган сифатлари ҳам Қуръони карим учун хизмат қиладиган бўлди. Араблар ўша даврнинг энг жоҳил, энг илмсиз, энг урушқоқ, энг тартибсиз халқи эди. Улар Қуръони карим нозил бўлганидан сўнг қисқа муддат ўтиши билан энг маданиятли, энг билимдон, энг одобли ва энг тартибли халққа айланди. Ана шу Қуръони каримнинг мўъжизаларидан бири эди. Агар Аллоҳ таоло ўзининг охирги китобини ўша даврнинг энг билимдон, энг маданиятли ва қадимдан етакчилик қилиб келаётган халқига нозил қилганида ушбу мўъжизани инсонлар англай олмас эди. Кишилар бу халқ азалдан илмли, маданиятли, интизомли ва одобли, пешқадам халқ эди, энди бизга илоҳий калом тушди, деб даъво қила бошлади, дер эди. Арабларнинг Қуръони каримни қабул қилиб олиши учун хизмат қилган яхши сифатларидан бири, уларнинг ёдлаш қобилиятларининг кучлилиги эди. Улар ўқиш-ёзишни билмаганларидан ҳамма нарсани – тарихни, насабларини, турли қасидаларни ёдлаб олиб, авлоддан авлодга ўтказиб келишар эди. Ана ўша хислат Қуръони каримни ҳам ўта аниқлик билан ёдлаб олиб, авлоддан авлодга ўтказишга хизмат қилди. Албатта, Аллоҳ таоло ўз Қуръонини арабларга бевосита туширавергани йўқ. Балки уларнинг ичидан, нафақат арабларнинг ичидан, балки бутун инсоният ичидан энг афзалини – Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаб олиб, ўша зотга нозил қилди. У зот эса, ўз умматларига Аллоҳнинг каломини етказдилар. Чунки Аллоҳ таолонинг бу борадаги одати шу эди. Ана ўша урф бўлиб қолган одатга биноан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илоҳий каломни Жаброил алайҳиссалом келтириб турдилар. Олам тарихидаги энг муҳим ҳодиса Ҳиро ғорида рамазон ойининг ўн еттинчи кунида содир бўлди. Ўша куни тарихдаги энг улуғ иш – Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал китоби нозил бўла бошлади.
М.САИДЖАЛОЛОВА,
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот-ресурс маркази раҳбари
Унинг илмий мероси ва таълимоти то бугунга қадар бардавом бўлиб келмоқда. Ҳатто бу таълимот, Имом Ашъарий таълимоти билан бирга, бугунги кунда аҳли сунна вал-жамоа деб танилган мусулмонларнинг тўқсон фоизини ташкил этади. Мотуридийликка мансуб мусулмонлар эса аҳли суннанинг қарийб тенг ярмидан иборат.
Мовароуннаҳр диёри ислом оламининг етук алломалари вояга етадиган муборак замин бўлган. Хусусан, Бухоро ва Самарқанд каби мўътабар шаҳарлари ўз даврида жаҳон зийнати, одамларни ўзига оҳанрабодек тортган илм-фан ва олимларнинг қароргоҳи бўлиб, илмга ташна инсон борки дунёнинг турли бурчакларидан бу ўлкага унинг олимлари ичра муродини ҳосил қилиш учун сафар қилар эди. Ким нақл илми – яъни ҳадис ва ривоятларни истаса, Имом Бухорий ва Имом Термизий сингари муҳаддислар бор. Ким ақл ва мантиқий илмларга талабгор бўлса, у Мотуридий, Насафий, Собуний, Сиғноқий ва Пешоғарий каби мутафаккирларни топарди. Тилшунослик, тафсир ва адабиётшунослик илмларини излаганлар Замахшарий ва унинг мактабидан, фалсафа ва ҳикмат илми талабидагилар эса Форобий, Ибн Сино ва бошқа зотлардан баҳра олишар эди.Ҳар бир талабгор бу диёрда ўз истагини топгани учун ҳам Самарқанд “Илм Каъбаси” – номини олган. Инсонларнинг қалблари Аллоҳнинг Байтини тавоф қилса, уларнинг ақллари Самарқанд атрофида парвонадек чарх урар эди.
Шу боис ўзбек халқи ўзининг улуғ олимлари билан фахрланади ва уларни ислом илмлари соҳасининг барча йўналишларида кўрсатган буюк хизматлари учун эъзозлайди. Ўзбекистон ҳукумати ўзбек халқининг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга вазифадор бўлган. Буни биз Янги Ўзбекистон Президентининг бу улуғ юртдан чиққан етук олимларга кўрсатган эътибор ва эътирофида яққол кўриб турибмиз.
Ўзбекистон раҳбарияти халққа унинг миллий ўзлиги ва ислом цивилизациясини қайтаришни мақсад қилди. Давлат раҳбари “Янги Ўзбекистон” ва “Жаҳолатга қарши маърифат” шиорларини илгари сурди. Ҳеч қайси миллат ўзининг теран илдизлари ва асосларисиз замонавийлик ва цивилизация поғоналарида юксалиб, тараққий этолмайди. Шунинг учун ҳам бу юрт олимлари улкан ҳисса қўшган ислом илмларини қайтариш – тараққиёт учун зарурат ва юксалишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Президент ўз раҳбарлиги даврида амалга оширган дастлабки ишларидан бири – илмий-тадқиқот марказларини ташкил этиш бўлди. Булар орасида Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номлари билан аталган марказлар алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, пойтахт Тошкент шаҳрида, мазкур юртнинг ислом маданияти ва инсоният тафаккурига қўшган ҳиссасини намоён этувчи Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди.
Ушбу йўналишда яна бир муҳим қадам – ислом олами уламолари билан фикр алмашиш бўлди. Бу мақсадда ўнлаб илмий анжуманлар ташкил этилди. Улар исломий илмларнинг ақлий ва нақлий йўналишларини чуқур ўрганиш, уларнинг мазкур юрт тараққиётига қандай ҳисса қўша олиши ва мамлакатни янада юксалтиришдаги ўрнини белгилашга қаратилган эди. Бу орқали Ўзбекистон нафақат ислом оламида, балки бутун дунёда илмий-маънавий етакчига айланиши кўзда тутилган.
Қолаверса, ушбу йўналишда ташкил этилган энг муҳим анжуманлардан бири – 2020 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган халқаро илмий конференция бўлди. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан юздан ортиқ ислом уламолари иштирок этди. Анжуманда ал-Азҳар шайхи, доктор Аҳмад Таййиб ҳам қатнашди. Мазкур анжуманнинг муҳим тавсияларидан бири – Имом Мотуридий номидаги илмий марказни ташкил этиш бўлди. Бу марказ мотуридийлик уламолари меросини тадқиқ этиш, уларни кенг жамоатчиликка танитиш ва илмий меросларидан фойдаланиш мақсадида илм нурини сочувчи маскан сифатида фаолият юритиши назарда тутилди.
Марказ томонидан ўзбек ва араб тилларида ўнлаб китоблар нашр этилди. Уларнинг энг муҳимлари – “Таъвилот ал-Қуръон”, Имом Мотуридийнинг “Китоб ат-Тавҳид” ва “Рисолатун фи ат-тавҳид” асарларининг араб тилидаги илмий матни ва ўзбек тилидаги таржималари бўлди.
Шунингдек, Марказ томонидан илмий мақолаларни ўз ичига олган ва исломшунослик ҳамда мотуридийлик таълимотларига бағишланган олим ва мутахассислар тадқиқотларини чоп этувчи илмий-таҳлилий чораклик “Мотуридийлик” журнали таъсис этилди. Марказ халқаро миқёсда кўплаб анжуман ва илмий учрашувлар ўтказди. Унинг қошида ислом оламининг турли минтақаларидан етук олимлар ва мутахассислардан иборат халқаро илмий кенгаш фаолият олиб бормоқда.
Санаб ўтилган муҳим босқичлардан кейин, жорий йилда Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг юбилейи нишонланмоқда. Шу муносабат билан унинг илмий ва ақидавий меросини қайта ёдга олиш ҳамда қадрлаш давлат ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан юксак эҳтиром билан қабул қилинган қарорга мувофиқ, Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини нишонлашга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Ушбу қарорга асосан турли давлат идоралари ва ташкилотлари ҳамкорлигида бир қатор тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Энг муҳим воқеалардан бири – 2025 йили Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган халқаро конференция бўлиб, унга ислом оламининг етакчи уламолари ҳамда исломшунослик соҳасида фаолият юритувчи машҳур шарқшунос олимлар иштирок этишидир. Мазкур анжуман Имом Мотуридийнинг ислом оламидаги юксак мақомини муносиб тарзда ёритишни кўзлаб, “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида ўтказилади.
Шунингдек, тадбирлар доирасида қуйидаги йўналишларда бир қатор танловлар ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган:
– хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов;
– Ўзбекистоннинг диний таълим муассасалари барча босқич талабалари ўртасида Имом Мотуридий таълимотига бағишланган танлов;
– имом-хатиблар ва ислом таълим муассасалари талабалари ўртасида мотуридийлик таълимоти ва манбалари юзасидан мусобақалар.
Шу қаторда, Ўзбекистон бўйлаб танлов ғолиблари иштирокида маданий-маърифий учрашувлар, ўқув-семинарлар ва тарғибот тадбирлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-Тавҳид” асарлари ҳамда мотуридийлик таълимотини таништирувчи бошқа муҳим асарларнинг ўзбек ва бошқа тиллардаги илмий-академик таржималари нашр этилиши режалаштирилган.
Санаб ўтилганлардан ташқари, юбилей санасини муҳрловчи эсдалик буюмлари, Имом Мотуридий ва мотуридийлик уламоларининг ҳаёти ва илмий мероси билан боғлиқ ноёб манбаларни тизимли ўрганиш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва таҳлил қилиш, юксак сифатли медиа маҳсулотлар, ҳужжатли фильмлар ва аудиовизуал материаллар тайёрлаш, уларни маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларида, интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш бўйича зарур чоралар кўрилиши белгиланди.
Энг қувонарлиси, Президент қарорининг Имом Абу Мансур Мотуридий мақбараси жойлашган Самарқанддаги Чокардиза зиёратгоҳи қайта таъмирланиб, ободонлаштирилиши, бу жой яхлит композицияга эга ёдгорлик мажмуасига айлантирилиши хусусидаги банди бўлиб, барчамиз узоқ кутган бу янгилик қалбимизга бетакрор фараҳ бахш этди...
Бу юртда янги бир руҳият уфуриб турибди. Бу руҳият ҳозирги замонни ўтмиш билан боғлайди, келажакни бунёд этишга сафарбар этади. Бу – илм ва маърифат қудрати, фикр ва ақл қуввати, тараққиёт ва тамаддун кучи, бирлик ва бағрикенглик кучи, қалб ва ахлоқ кучи, таъсир ва бунёдкорлик кучидир. Бу янги руҳ – миллий илдизларга суянган ҳолда тараққиётга йўл очувчи, чуқур ва теран бир тафаккурнинг ифодасидир. Чунки, ҳар қандай тамаддуннинг пояси маданиятдир.
Миллат ўз тамаддунини қадрламас экан, юксалмайди. Ўз тафаккурини, қадриятларини бой манба сифатида дунёга таклиф эта олмас экан, у ҳар тарафдан ўзлаштиришга муҳтож бўлиб қолади. Аммо бизда дунёни бойитишга қодир фикр, маданият ва куч мавжуд.
Аждодлар қолдирган илм ва маданият омонати ёш авлод қалбига илғор тарзда сингдирилиши ва ўз тарихидан фахрланиш руҳида тарбияланиши зарур. Президент қарори ва унинг ила амалга ошириладиган ишлар айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Аллоҳ ҳар бир бунёдкор қўлни, ҳар бир оқилона қарорни ва ҳар бир авлодни улуғ аждодлар билан боғлаётган сўзни хайрли қилсин – шоядки, улар ўз буюк ўтмишларини қайта тиклаб, инсоният карвонини яна маърифат, мўътадиллик, бағрикенглик сари бошлаб бора олгайлар!
Доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий,
мотуридийшунос олим.
ЎзА