Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Август, 2026   |   18 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:25
Қуёш
05:48
Пешин
12:23
Аср
17:03
Шом
19:02
Хуфтон
20:21
Bismillah
31 Август, 2026, 18 Рабиъул аввал, 1448

24.11.2017 й. Мавлиди Набий муборак!

21.11.2017   12501   15 min.
24.11.2017 й. Мавлиди Набий муборак!

Муҳтарам жамоат! Оламларнинг Раббиси бўлмиш Аллоҳ таолонинг ҳабиби, оламларга раҳмат қилиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг таваллуд ойлари барчамизга муборак бўлсин! Маълумки, Рабиул аввал ойининг 12 куни жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.) таваллуд топган кунларидир.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) милодий сананинг 571 йилида Маккаи Мукаррамада араблар орасида обрўли саналмиш Қурайш қабиласида таваллуд топганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) комил инсон бўлиб, у то қиёмат кунигача келадиган бутун инсоният учун энг мукаммал ва энг гузал намунадир.

Расулуллоҳ (с.а.в) нинг ҳаётлари биз мўмин-мусулмонлар учун катта ибрат мактабидир. Оқил инсон ҳаёти давомида солиҳ кишиларнинг фазилатли жиҳатларидан ўрнак олиб яшайди. Бизлар ҳам бирор табаррук, аҳли солиҳ инсон билан учрашиб қолганимизда, ёки унинг яхши хислатларини зикр қилганимизда ҳавас қилиб, “бизга ҳам сизнинг йўлингизни берсин”, “фалончига ўхшаб юрайлик” деган ибораларни ишлатамиз. Аслида мўмин-мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот Муҳаммад (с.а.в) бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

 لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

яъни: “(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” – деб марҳамат қилган (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Шунингдек, яна Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилган:

(وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ  (سُورَةُ الأنبياء/107

яъни: (Эй Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси, 107-оят). Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Уларни билиш учун Муҳаммад (с.а.в.)нинг ахлоқ-одоблари, сийрат ва шамоиллари, шариатларининг бағрикенглиги, ҳатто, куфр ва ширк аҳлига ҳам зулмни раво кўрмаслиги, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлар манбаи эканидан хабардор бўлиш зарур.

Буюк ватандошимиз Абу Лайс ас-Самарқандий “Баҳрул улум” номли тафсир китобларида “оламларга раҳмат” жумласининг тафсирида: жин ва инсга, умуман жамики халоиққа раҳматдир. Мўминларга ҳидоят қилиш билан раҳмат, мунофиқларга ўлимдан омонлик бериш билан раҳмат, кофирларга азобни охиратга қолдириш билан раҳматдир, деганлар ва қуйидаги ривоятни келтирганлар:

(حكي أن النبي  صلى الله عليه وسلم  قال لجبريل  عليه السلام: "هَلْ أَصَابَكَ مِن هَذِهِ الرَّحمَةِ شَيءٌ؟ قَالَ: نَعَمْ ، كُنتُ أَخشَى العَاقبَِةَ فَأَمَنتُ لِثَنَاءِ اللهِ عز وجل عَلَيَّ بِقَولِهِ: {  ذِي قُوَّةٍ عِنْدَ ذِي الْعَرْشِ مَكِينٍ  مُطَاعٍ ثَمَّ أَمِينٍ}" (سورة التكوير/20-21

яъни: Ҳикоя қилинишича, Пайғамбар (с.а.в.) Жаброил а.с.га: “Сизга ҳам ушбу раҳматдан бирор насиба етганми?” – деб сўрадилар. Шунда Жаброил (а.с.): Ҳа, мен оқибатим қандай бўлишидан қўрқувда эдим. Аммо, Аллоҳ азза ва жалла мен ҳақимда: (Жаброил) қувватли, Аршнинг соҳиби (Аллоҳ) наздида мартабали, у жойда (фаришталар томонидан) итоат этилувчи ва ишончли зотдир”, деб тасанно айтганидан кейин хотиржам бўлдим, дедилар.

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг раҳмат элчиси эканликлари У зотнинг ахлоқларида ҳам намоён эди. Қуйидаги ҳадиси шариф шунга далолат қилади:

(عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ، قِيلَ: "يَا رَسُولَ اللَّهِ  ادْعُ عَلَى الْمُشْرِكِينَ  قَالَ: إِنِّي لَمْ أُبْعَثْ لَعَّانًا وَ إِنَّمَا بُعِثْتُ رَحْمَةً" (رواه الإمام مسلم

яъни: Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилиб айтадилар: Ё Расулуллоҳ! Мушрикларни дуойибад қилинг, – дейишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мен лаънатловчи қилиб эмас, раҳмат қилиб юборилганман”, деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).

Муҳтарам жамоат! Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг оламларга раҳмат қилиб юборилганликлари У зотга нозил қилинган шариат аҳкомларида ҳам намоён бўлади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

أَوَلَمْ يَكْفِهِمْ أَنَّا أَنْزَلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ يُتْلَى عَلَيْهِمْ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَرَحْمَةً وَذِكْرَى لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ  

(سُورَةُ العنكبوت/51).

яъни: “Ахир, уларга тиловат қилинаётган (шу) Китобни Биз Сизга нозил қилганимиз улар учун етарли эмасми?! Албатта, бу (Китоб)да имон келтирадиган қавм учун раҳмат (мўъжиза) ва эслатма бордир. (Анкабут сураси, 51-оят).

 Дарҳақиқат, Ислом шариати олийжаноб, бағрикенг ва мўътадил шариат эканлиги билан барча замон ва маконга мос келади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

(يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ  (سُورَةُ البقرة/185

яъни: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят). Бошқа бир оятда:

(وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ  (سُورَةُ الحج/78

яъни: “ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади”, дейилган (Ҳаж сураси, 78-оят). Ривоят қилинишича Расулуллоҳ (с.а.в.) Муоз ибн Жабал ва Абу Мусо ал-Ашъарийни Яманга элчи қилиб юбораётганларида:

(عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: يسِّرا ولا تعسِّرا وبشِّرا ولا تنفِّرا وتطاوعَا ولا تختلِفا (رواه البخاري ومسلم

яъни: “Динни енгил қилиб кўрсатинглар қийин қилманглар, динга қизиқтиринглар нафратлантирманглар, бир-бирингизга итоат этинглар ихтилоф қилманглар”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Шунингдек, Муҳаммад мустафо (с.а.в.)нинг сизу биз умматлари ҳам энг адолатли ва яхши уммат бўлиб, барча инсониятга яхшилик тарқатадиган, яхшилик ишларда ўрнак ва намуна бўладиган умматдирмиз. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:

كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ

(سُورَةُ آل عمران/110).

яъни: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят). Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ҳам бу ҳақда қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

(عن درة بنت أبي لهب قالت: قام رجل إلى النبي صلى الله عليه وسلم وهو على المنبر فقال: يا رسول الله أيّ الناس خير؟ فقال: "خَيْرُ النَّاسِ أقْرَؤهُمْ وأتقاهم للهِ وآمَرُهُمْ بِالمعروفِ وأنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَأَوْصَلُهُمْ لِلرَّحِمِ" (رواه الإمام أحمد

яъни: Дурра бинт Аби Лаҳаб айтадилар, Пайғамбар (с.а.в.) минбарда турган эдилар, бир киши ўрнидан туриб: Ё Расулуллоҳ! Одамларнинг қандайи яхши? – деб сўради. Шунда, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Одамларнинг энг яхшиси кўп ва хўб қироат қиладигани, Аллоҳга энг қўп тақво қиладигани, яхшиликка энг кўп буюрадигани, мункар ишдан энг кўп қайтарадигани ва қариндошлик риштасини маҳкам тутадигани”, деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривояти).

Азизлар! Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукрлар бўлсинким, сизу бизларни охирзамон пайғамбари Муҳаммад мустафо (с.а.в.)га уммат бўлиш бахтига муяссар этди. Зеро, Қуръони каримда марҳамат қилинади:

(وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُول عَلَيْكُمْ شَهِيدًا  (سُورَةُ البقرة/143

яъни: “Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик” (Бақара сураси, 143-оят). “Ўрта уммат” – умматларнинг яхшиси демакдир. Зеро, ҳар бир нарсада ўртаҳоллик яхшидир.

Буюк муфассирлардан Ибн Жарир ат-Табарий “Жомеъ ал-баён фи таъвил ал-Қуръон”да Аъроф сурасининг 150-ояти тафсирида қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Мусо (а.с.): Ё Раббим, мен лавҳда одамларга чиқарилган умматнинг энг яхшиси бўлган, амри маъруф, наҳйи мункар қиладиган умматни топдим. Уларни менга уммат қилгин, деди. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, - деди. Мусо: Ё Раббим, мен лавҳда  ҳаммадан кейин яратилиб, жаннатга биринчи бўлиб кирадиган умматни топдим. Уларни менга уммат қилиб бергин, деб сўради. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, деди. Мусо: Ё Раббим, мен лавҳда Қуръонларини қалбларига жойлаб олиб ўқийдиган умматни топдим, уларни менга уммат қилиб бер, деди. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, деб жавоб берди. Мусо: Ё Раббим, мен лавҳда қилган садақотларидан ўзлари ҳам  ейдиган ва бунга ажр ҳам оладиган умматни топдим, менга уларни уммат қилиб бер, деб сўради. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, деб жавоб берди. Мусо: Ё Раббим, мен лавҳда бир яхшиликни ният қилиб уни амалга ошира олмаса битта савоб, агар амалга оширса ўнтадан етти юз баробаргача савоб бериладиган умматни топдим, уларни менга уммат қилиб бергин, деб сўради. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, деб жавоб берди. Мусо: Ё Раббим, мен лавҳда тўғри йўлга чақирилса лаббай деб қабул қиладиган ҳамда дуолари ижобат бўладиган умматни топдим, уларни менга уммат қилиб бергин, деди. Аллоҳ: Улар Муҳаммаднинг уммати, деди. Шунда Мусо Лавҳларни улоқтириб ташлаб: Ё Аллоҳим, мени ҳам Муҳаммаднинг умматидан қилгин, деб дуо қилди”.

Бугунги кунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) таваллуд топган муборак кунларини нишонлаш ва у зотнинг сийрати санияларини ўқиб-ўрганиш ва эшитиш билан бирга, бутун оламга раҳмат этиб юборилган Росулуллоҳ (с.а.в.) ҳаёт тарзлари, хулқ-ободларидан ўрнак олиб яшамоқлигимиз керак. Юртимиз равнақи ва тараққиёти, халқимизнинг тинч ва осойишталиги йўлида баракали меҳнат қилишимизда Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) гўзал одоб ахлоқлари илм олишга тарғиботлари, хайр-у саҳоватлари, инсонийлик фазилатлари бизларга ҳамиша илҳом бериши лозим.

Шуни таъкидлаш керакки, баъзан кишилар орасида аслида мавлид ўқиш шартми, бу хақида Қуръони каримда, ҳадиси шарифда ҳам кўрсатма йўқ-ку деган фикрларга бориб, уни бидъат дейишади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) вафотларидан 6-7 аср ўтгандан сўнг ўша замонанинг машҳур уламолардан баъзилари Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг номи шарифларига ҳурмат кўрсатиш, хотирлаб туриш мақсадида у зотнинг таваллуд топган кунини мавлид куни деб атай бошладилар. Ислом тарихида биринчи марта Ибн Ҳажар Асқалоний, Жалолиддин Суютий кейинчалик имом Жаъфар Барзанжий томонидан қасидалар ўқиш, у зот  (с.а.в.)ни ёд этиш дурустлиги хусусида фатво беришган.

Бутун дунёда бўлганидек, диёримиз мусулмонлари орасида ҳам қадимдан мавлид кунини байрам қилиш одат тусига кирган. Шу муносабат билан робиъул аввал ойи келгач, барча жоме масжидларимизда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг сийратлари, юксак одоб-ахлоқлари ва олий фазилатлари ҳақида мавъизалар қилинади, мавлиди шарифлар ўқилади.

Бу каби хайрли тадбирларнинг ўсиб келаётган ёш авлодни гўзал ахлоққа йўғрилган азалий қадриятларимиз руҳида тарбиялашда, уларнинг маънан баркамол бўлиб етишишларидаги аҳамиятлари беқиёсдир.

Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га уммат бўлиш айни пайтда сизу бизларнинг зиммамизга масъулият ҳам юклайди. Бу масъулият У зот келтирган динни мусаффолигини сақлаб, келажак авлодга омонат билан етказиш, турли хилдаги бидъат ва хурофотларга берилмай, бузуқ эътиқодларга эргашмай, аксинча, адашганларни тўғри йўлга солиб, чин мўмин-мусулмон бўлиб яшашдан иборатдир.

 

И Л О В А

Муҳтарам жамоат! Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз оилаларидаги кундалик юмушларида ҳам бизга намуна бўлганлар. У зот ғоят тавозеъли, кибрдан узоқ киши эдилар. Ўзлари учун одамларни подшоҳлар учун тургандек туришдан қайтарардилар. Мискинлар ҳолидан хабар олардилар, камбағал-мискинлар билан бирга ўтирардилар, қулнинг чорловини ҳам қабул қилардилар, асҳоблари ичида улардан бири каби ўтирардилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Ўз пойабзалларини ямар, кийимларини тикар, сизлардан бирингиз ўз уйида нима ишларни қилса, у зот ҳам шуни қилардилар. Оддий инсон эдилар, кийимларини ўзлари тозалар, эчкиларини соғар, ўз юмушларини ўзлари қилар эдилар».

Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га уммат бўлиш айни пайтда сизу бизларнинг зиммамизга масъулият ҳам юклайди. Бу масъулият У зот келтирган динни мусаффолигини сақлаб, келажак авлодга омонат билан етказиш, турли хилдаги бидъат ва хурофотларга берилмай, бузуқ эътиқодларга эргашмай, аксинча, адашганларни тўғри йўлга солиб, чин мўмин-мусулмон бўлиб яшашдан иборатдир.

Азиз мусулмонлар! Ушбу мавлид ойи бўлмиш Рабиул аввал ойида мусулмон юртларида, шу жумладан, бизнинг юртимизда ҳам кўп асрлардан буён Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг таваллудларига шодлик изҳор қилиш, шу кунларни хурсандчиликда ўтказиш маъносида йўлга қўйилган. Яқин тарихимизни ўрганадиган бўлсак, мавлид йиғинларида айнан шу кайфият ва ҳолат бизнинг юртимиздаги мусулмонлар орасида яққол сезилиб келади. Умуман олганда, жуда кўп муътабар олимлар мавлид ойи келганда Мавлид ўқиш, масжидларда жамаот билан буни кенг нишонлашга рухсат беришган.    

Муҳтарам азизлар! Бугунги жума кунимизда билишими лозим бўлган одоблардан яна бири бу Пайғамбаримиз (с.а.в.)га салавот айтиш одобларидир. Улар қуйидагилар: 

  1. Мусулмон киши умрида бир марта салавот айтиш фарздир.
  2. Намознинг охирги ташаҳҳудидан кейин салавот айтиш суннатдир.
  3. Намоздан ташқари барча вақтларда салавот айтиш мустаҳабдир.
  4. “Аллоҳумма солли ъала Муҳаммад ва ъала оли Муҳаммад” деб салавот айтиш афзалроқдир.
  5. Салавот айтиб туриб, ортидан у зотнинг аҳли байтига, асҳоблари ва тобеинларига ҳам айтиш авлодир.
  6. Жума куни салавотни кўп айтиш афзал.
  7. Ҳар дуонинг аввали ва охирида салавот айтиш тарғиб қилинган.
  8. Салавот айтиш асносида таҳоратли, оғизнинг тоза ва хўшбўй ҳолда бўлиши мустаҳабдир.
  9. Аврат жойлар ёпиқ ва тўсилган бўлиши.
  10. Қалби ва хаёли зикр ва салавот айтишга ҳозирланиши.
  11. Салавот айтганда тадаббур ва хаёлан мушоҳада қилиш.

 

Аллоҳ таоло барчамизни оламларга раҳмат бўлмиш зотга чин уммат бўлиб, аҳил ва иноқликда умргузаронлик қилмоғимизни насиб айласин. Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт”

28.08.2026   19795   10 min.
“Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт”

“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.

Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси

Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.

Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.

Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.

Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.

Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, ­эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.

Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.

Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.

Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий ­номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.

Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.

Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.

Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш

Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.

Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.

Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.

Диний соҳа ходимларига бугунгидек ­эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.

Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:

“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).

Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.

Буюк саодатнинг ифодаси

Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.

Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.

Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.

Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.

Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.

Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:

“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).

Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.

Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!

Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби

Мақолалар