بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Имонимизнинг комил бўлишлиги ва тоат-ибодатларимизнинг мақбул бўлишлиги эътиқодимизнинг тўғри бўлмоғлигига боғлиқдир. Шундай экан, бизлар эътиқодимизга путур етказадиган ишларни қилишдан сақланмоғимиз лозим бўлади. Бугунги жума мавъизамизда динимизда қайтарилган, эътиқодимизга зид бўлган “Сафар ойидан шумланиш” масаласи ва шу каби иллатлар ҳақида Аллоҳ қодир қилганича сўз юритамиз.
Сафар ҳижрий-қамарий сананинг муҳаррам ойидан кейин келадиган иккинчи ойи ҳисобланиб, унинг бундай номланиши борасида уламолар бир нечта сабабларни кўрсатганлар. Баъзилар сафар “бўш” деган маънони англатади, бунинг сабаби сафар ойида Макка аҳли сафарга чиқиб кетиб, шаҳар бўшаб қолганлигидан, десалар, баъзилар бу ойда араблар бошқа қабилаларга уруш қилиб, бор-йўқларини талаб, ҳеч нарсасиз қолдирганларидан, деганлар (Ибн Манзурнинг “Лисонул араб” асари).
Жоҳилият арабларида сафар ойидан шумланиш одатлари бор эди. Ислом дини келгач, Пайғамбаримиз ﷺ сафар ойидан шумланиш йўқ эканлигини эълон қилдилар. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда шундай дейилади:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لَا عَدْوَى وَ لَا صَفَرَ وَ لَا هَامَةَ" فَقَالَ أَعْرَابِيٌّ يَا رَسُولَ اللَّهِ فَمَا بَالُ الْإِبِلِ تَكُونُ فِي الرَّمْلِ كَأَنَّهَا الظِّبَاءُ فَيَجِيءُ الْبَعِيرُ الْأَجْرَبُ فَيَدْخُلُ فِيهَا فَيُجْرِبُهَا كُلَّهَا قَالَ: "فَمَنْ أَعْدَى الْأَوَّلَ" (متفق عليه
яъни: Абу Ҳурайра дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ: “Касалликни ўз-ўзидан юқиши йўқ, ирим қилиш йўқ, сафар (ойи)дан шумланиш йўқ, бойқуш (ёки маййитнинг руҳи капалакка айланиши) йўқ”, дедилар. Шунда бир аъробий туриб: “Ё Расулуллоҳ! Нега мени туяларим саҳрода ҳудди кийикдай ялтираб юради-ю, қаердандир қўтир туя келиб туяларимни орасига киргач уларга қўтирини юқтиради?” – деди. Расулуллоҳ ﷺ: “Аввалги туяга ким юқтирган экан?!” – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳалигача баъзилар сафар ойида тўй қилиб бўлмайди, сафарга чиқиб бўлмайди ва ҳ.к. гапларга ишониб, ирим қилиб юришлари эътиқоднинг тўғри эмаслигидандир. Ҳолбуки, тарихчи Ибн Исҳоқнинг ривоятига кўра, Пайғамбаримиз ﷺ Хадича онамизга сафар ойида уйланганлар, Ҳазрати Али нинг Фотима Gга уйланишлари ҳам сафар ойида бўлганлигини Ибн Касир “Сийрат” китобларида баён қилганлар. Бундан ташқари “Сифатус-сафва” китобида Язид ибн Абу Ҳубайб: “Расулуллоҳ ﷺ Маккадан ҳижрат қилиш учун сафар ойида чиқдилар ва рабиул-аввал ойида Мадинага кириб келдилар” – деганлар.
Муҳтарам азизлар! Жамиятимиздаги баъзи кишилар ружу қўйган яна бир эътиқодга зид бўлган амал фол очтириш, фолбинлик билан шуғулланишдир. Динимизда фолбинларга ишонишдан қаттиқ қайтарилган ва буни ширкка тенглаштирилган. Чунки, фолбин ғайбни билишини даъво қилади, фолбинга борган эса бунга ишонади ва оқибатта иккиси ҳам оғир гуноҳкор бўлади. Аллоҳ асрасин, бу ҳолатда, ҳатто, имондан ҳам чиқиш мумкин. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ марҳамат қилганлар:
(عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ أَتَى عَرَّافًا أَوْ كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَىَّ" (رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَ التِّرمِذِيُّ وَ النَّسَائِي وَ ابْنُ مَاجَه وَ الحَاكِمُ
яъни: Абу Ҳурайра дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Ким фолбинга борса ва унинг айтган гапига ишонса, Муҳаммад kга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Ибн Можа ва Имом Ҳоким ривояти).
Ғайбни билиш ва инсонларнинг тақдири борасидаги илмлар фақатгина Аллоҳ таолога хосдир. “Аъроф” сурасининг 188-оятида: “Айтинг: “Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди. Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман” – дейилган.
Бундан ташқари жамиятимиз учун зарарли ҳамда мўмин кишини имонидан айирадиган иллатлардан яна бири сеҳр-жоду билан шуғулланишдир. Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, баъзи кишилар орасида “илму амал” (иссиқ-совуқ) деб қилинадиган ишлар, уларга ружу қўйиш динимизда қораланади. Айниқса, сеҳр-жоду билан шуғулланиб, бошқаларга ёмонлик қилиш муқаддас динимиз таълимотига мутлақо зиддир. Пайғамбаримиз ﷺ марҳамат қилдилар:
عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رضي الله عنه، عَن النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "اجْتَنِبُوا السَّبْعَ الْمُوبِقَاتِ" قَالُوا: "يَا رَسُولَ اللَّهِ وَ مَا هُنَّ؟" قَالَ: "الشِّرْكُ بِاللَّهِ وَ السِّحْرُ وَ قَتْلُ النَّفْسِ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَ أَكْلُ الرِّبَا وَ أَكْلُ مَالِ الْيَتِيمِ وَ التَّوَلِّي يَوْمَ الزَّحْفِ وَ قَذْفُ الْمُحْصَنَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ الْغَافِلَاتِ " (متفق عليه
яъни: Абу Ҳурайра 0дан ривоят қилинади, Пайғамбар ﷺ: “Ҳалокатга элтувчи еттита катта гуноҳдан сақланинглар” – дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ ﷺ! Улар қайсилар?” – деб сўрашди. Шунда: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, ёв босганда қочиш ва иффатли, мўмина, фаҳш ишлардан йироқ аёлга туҳмат қилиш” – деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Шунга асосан динимизда сеҳрнинг ҳар қандай тури ҳаром ҳисобланиб, уни ўрганиш, ўргатиш ва шуғулланиш қатъиян тақиқланган. Уламолардан Ибн Қудома: “Сеҳрни ўрганиш ва ўргатиш ҳаромдир. Илм аҳли ўртасида бу масалада хилоф йўқ” – деб таъкидлаган. Чунки айнан сеҳр ва фолбинлик каби иллатлар туфайли одамлар орасида фитна пайдо бўлиб, ака-ука, опа-сингил, қўни-қўшни, овсинлар ўртасида шубҳа, гумон аралашиб, оқибатда қариндош-уруғ, қўшничилик ришталарига путур етмоқда.
Кейинги пайтларда айрим вилоят, шаҳар ва қишлоқ жойларда мусулмон аҳолиси ўрталарида касалликларнинг барча турларини ҳам “даволайверишни” даъво қилувчи сохта табиб ва парихону-дуохонларнинг сони кўпайиб бораётгани маълум бўлмоқда. Ушбу сохта даволовчиларнинг ўзаро сўз бириктиришиб олган махсус кишилари бўлиб, бу кишилар халққа уларни мақтаб, қўллари енгиллиги, кўплаб беморлар улардан шифо топаётганлиги тўғрисида шов-шув гаплар тарқатиб таърифу тавсифларини авжига чиқарадилар. Шифо истаб борган беморларга мозорларга атаб қўй, эчки ёки товуқларни сўйишга буюрадилар. Беморлар эса шифо топиш умидида уларга қатнаб, қўлларидан келган хайру эҳсон ва назру ниёзларини улардан аямасдан сарф қиладилар. Пайғамбаримиз ﷺ дан бу борада қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
(عَنْ عَمرِو بنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ رَفَعَهُ قَالَ: "مَنْ تَطَبَّبَ وَ لَمْ يَكُنْ بِالطِّبِّ مَعْرُوفًا فَأَصَابَ نَفْسًا فَمَا دُونَهَا فَهُوَ ضَامِنٌ" (أَخْرَجَهُ الإِمَامُ الدَّارَقُطْنِيُّ و صَحَّحَهُ الإِمَامُ الحاكمُ
яъни: Амр ибн Шуъайб отасидан, у киши бобосидан, у киши Расулуллоҳ ﷺ дан ривоят қилиб айтадилар: “Ким тиб илмини билмай туриб табиблик қилса, оқибатда бирортанинг ҳаётига ёки соғлигига путур етказиб қўйса, унга зомин бўлади” (Имом Табароний ривояти ва уни Имом Ҳоким ишончли деганлар).
Дарҳақиқат, мазкур сохта табибларга ишониб, касалликни ўз вақтида мутахассис врачларга кўрсатмасдан, оғир аҳволларга тушиб қолаётган ёки баъзида сохта дорилар қурбони бўлаётганлар ҳам борки, улардан ибрат олиб, кўзни каттароқ очмоқ ва сохта даволовчиларнинг ҳийлаю найрангларидан доимо эҳтиёт бўлиб юрмоқлик ҳар бир ақл-идрок соҳибининг муҳим вазифасидир.
Муҳтарам жамоат! Қуйида Имом Абу Ҳанифанинг “Фиқҳул акбар” китобида келган баъзи ақидавий масалаларни баён қилиб ўтамиз:
- ширк ва куфрдан бошқа гуноҳларни қилган ва тавба қилмай туриб дунёдан мўмин ҳолда ўтган кишининг иши Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола – хоҳласа жазо беради, хоҳласа афв этиб, асло дўзах азобига дучор этмайди.
- риёкорлик ва манманлик билан қилинган ҳар бир хайрли ишнинг савоби бекор қилинур.
- Имон бу – биз эътиқод қиладиган Мотуридия ақидасига кўра, тил билан иқрор ва дил билан тасдиқлашдан иборатдир. Осмонлару Ер аҳлининг имонлари имон келтирувчи нарсалар жиҳатидан кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам. Аммо ишонч ва тасдиқ жиҳатидан озайиб-кўпайиб туради. Мўминлар имонда, тавҳидда ўзаро тенгдирлар, аммо амалда бир-бирларидан ортиқ-камдирлар.
- Ислом бу – Аллоҳнинг буйруқларига таслим ва итоат этишдир. Имон билан Ислом ўртасида луғавий жиҳатдан фарқ бўлса-да, лекин Исломсиз имон, имонсиз Ислом бўлмас. Уларнинг иккиси астар билан авра ёки ич билан таш кабидир. Дин эса имон, ислом ва шариат аҳкомларининг йиғиндисидир.
- Аллоҳни барча сифатлари билан Китоби Қуръонда ўзи тавсиф этганидек ҳақиқий маърифат билан таниймиз. Лекин ҳеч ким Унга лойиқ, ҳақиқий ибодат билан ибодат қила олмайди. Лекин Ўз Китоби Қуръонда буюрганидек, Расулининг суннатида кўрсатилганидек ибодат қилиши мумкин.
- Демак, барча мўминлар маърифат – Аллоҳни танишда, ишончда, таваккулда, муҳаббатда, ризода, хавфда, умидда ва имонда тенгдирлар. Бундан ташқари амалларда эса, бир-бирларидан фарқ қилурлар.
- Аллоҳ таоло ўз бандаларига нисбатан фазлу карамли ҳамда адолатлидир: баъзида бандасига қилган ишига яраша эмас, балки бир неча баробар ортиғи билан савоб бахш этар. Гоҳида гуноҳига яраша жазо берур. Баъзан фазлига олиб, кечириб юборур.
Аллоҳ таоло барчамизни муқаддас динимиз ўргатган тўғри эътиқодда яшамоғимизда собитқадам қилсин!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббилари азза ва жалладан ҳикоя қилиб айтадилар: “Бир банда гуноҳ қилиб қўйди ва: “Аллоҳим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди”, деди. Сўнг банда яна қайтди ва гуноҳ қилди. У: “Эй Раббим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди”, деди. Сўнг банда яна қайтди ва гуноҳ қилди. У: “Эй Раббим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Шунда Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди. Хоҳлаган ишингни қил, сени мағфират қилдим!” деди”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
“Ва гуноҳ учун жазолайдиган”, яъни ўша гуноҳни қилган кишини азоблашга қодир эканини билди. Имом Бухорий ривоятида: “Бандамни мағфират қилдим” деган зиёдаси бор.
Уламолар бу ҳадисни икки хил изоҳлаганлар:
Биринчиси, ким бир гуноҳига холис тавба қилиб, унга қайтмасликка қатъий қарор қилса, унинг тавбаси мақбулдир. Шундан кейин нафси ёки шайтон ғолиб келиб, яна ўша гуноҳни қилиб қўйса-ю, сўнг иккинчи бор пушаймон бўлиб, яна қайтмаслик аҳди билан холис тавба қилса, унинг тавбаси мақбулдир. Бу жараён шу тарзда давом этаверади. Ҳадисдан мурод – ҳар гал тавба қилаётганда “унга бошқа қайтмайман” деган азму қарорда бўлиш. Чунки тавба фақат қуйидаги икки асосий шарт билан мукаммал бўлади: гуноҳни дарҳол тўхтатиш ва унга бошқа қайтмасликка қатъий қарор қилиш. Агар инсон шу ният билан, яъни ҳар сафар “бошқа қилмайман” деган чин аҳд билан тавба қилса-ю, лекин инсоний ожизлик ёки шайтон ғолиб келиб, гуноҳни такрорласа ҳам, унинг тавбаси қабул қилинаверади. Бу ҳолат юз, ҳатто минг марта такрорланса ҳам. Модомики, ҳар тавбасини бошқа унга қайтмаслик азму қарори билан қилса, Аллоҳ уни кечиради.
“Хоҳлаган ишингни қил, сени мағфират қилдим!” Банда, модомики, ҳар сафар гуноҳ қилганида пушаймон бўлиб, истиғфор айтиб, тавба қилар экан, Аллоҳ таоло уни кечираверади. Бу асло гуноҳда давом этиш дегани эмас, балки ҳар гал хатодан сўнг янги тавба билан покланиш демакдир.
Иккинчиси, бу ўринда фақатгина истиғфор – Аллоҳ таолодан мағфират сўраш назарда тутилган бўлиши мумкин. Истиғфор тушунчаси тавбадан кўра кенгроқдир. Истиғфорда, тавбадан фарқли ўлароқ, гуноҳни дарҳол тўхтатиш ёки унга қайтмаслик аҳди шарт қилинмайди, балки мағфиратнинг ўзи сўралади, холос. Ким шу маънода истиғфор айтса, унинг гуноҳи кечирилишига кафолат берилмайди. Фақат Аллоҳ таоло унга Ўз лутфи ва марҳамати билан муомала қилиб, кечиб юборадиган ҳолатлар мустасно.
Шулардан маълум бўладики, ҳадисга берилган биринчи изоҳ тўғридир. Чунки гуноҳда давом этатуриб, тилида истиғфор айтадиган кимсалар шариатда қораланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Гуноҳидан тавба қилган киши гўё гуноҳи йўқ киши кабидир. Гуноҳни тўхтатмай туриб истиғфор айтувчи кимса эса Раббисини масхара қилаётган киши кабидир” (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гуноҳни тўхтатмасдан айтилган истиғфор – ёлғончиларнинг тавбасидир”.
Ҳадисда “тавба” эмас, “истиғфор” лафзи ишлатилган бўлса-да, бу лафз кўпинча тавба маъносида қўлланилади. Гарчи луғатда “истиғфор” фақатгина “кечирим сўраш” маъносини билдирса ҳам, шаръий истилоҳда у кўпинча тавбани ҳам ўз ичига олади.
Имом Ғаззолий ва бошқа баъзи олимлар қуйидаги фикрни илгари сурганлар: “Агар инсон бирор сабабга кўра бирор гуноҳни бутунлай тарк этишга ўзида куч топа олмаётган бўлса, истиғфорни бутунлай ташлаб қўйгандан кўра, пушаймонлик ва истиғфор айтиш билан Аллоҳга юзланиб туриши афзалдир. Гарчи бундай истиғфор мағфиратни кафолатламаса-да, иншоаллоҳ, фойдадан холи бўлмайди. Зеро, бу истиғфор вақти келиб, банданинг ўша гуноҳни ҳақиқий тарк этишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай киши истиғфорни асло тарк этмаслиги керак”.
Тавбадаги нозик нукта шуки, банда тавба қилаётган пайтида ўз ихтиёри билан бу гуноҳга қайтмасликка қалбан азму қарор қилиши керак. Гарчи унинг қалбида “нафсим ғолиб келиб, мен яна шу гуноҳни қилиб қўйсам-чи?” деган хавотир бўлса ҳам, тавбанинг саҳиҳлигига путур етмайди. Муҳими – тавбани чин кўнгилдан гуноҳга қайтмаслик азму қарори билан қилиш ва унда собит туришни Аллоҳ таолодан сўраш.
Тавба орқали банда ўзининг ожизлигини ва Парвардигорининг мағфиратига муҳтож эканини изҳор қилади. Мана шу ҳақиқий бандаликдир. Шу йўл билан у Аллоҳ таолонинг мағфиратига, марҳаматига эришади, иншоаллоҳ.
“Такмилату Фатҳил мулҳим” асари асосида Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 9-сонидан