بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Имонимизнинг комил бўлишлиги ва тоат-ибодатларимизнинг мақбул бўлишлиги эътиқодимизнинг тўғри бўлмоғлигига боғлиқдир. Шундай экан, бизлар эътиқодимизга путур етказадиган ишларни қилишдан сақланмоғимиз лозим бўлади. Бугунги жума мавъизамизда динимизда қайтарилган, эътиқодимизга зид бўлган “Сафар ойидан шумланиш” масаласи ва шу каби иллатлар ҳақида Аллоҳ қодир қилганича сўз юритамиз.
Сафар ҳижрий-қамарий сананинг муҳаррам ойидан кейин келадиган иккинчи ойи ҳисобланиб, унинг бундай номланиши борасида уламолар бир нечта сабабларни кўрсатганлар. Баъзилар сафар “бўш” деган маънони англатади, бунинг сабаби сафар ойида Макка аҳли сафарга чиқиб кетиб, шаҳар бўшаб қолганлигидан, десалар, баъзилар бу ойда араблар бошқа қабилаларга уруш қилиб, бор-йўқларини талаб, ҳеч нарсасиз қолдирганларидан, деганлар (Ибн Манзурнинг “Лисонул араб” асари).
Жоҳилият арабларида сафар ойидан шумланиш одатлари бор эди. Ислом дини келгач, Пайғамбаримиз k сафар ойидан шумланиш йўқ эканлигини эълон қилдилар. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда шундай дейилади:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لَا عَدْوَى وَ لَا صَفَرَ وَ لَا هَامَةَ" فَقَالَ أَعْرَابِيٌّ يَا رَسُولَ اللَّهِ فَمَا بَالُ الْإِبِلِ تَكُونُ فِي الرَّمْلِ كَأَنَّهَا الظِّبَاءُ فَيَجِيءُ الْبَعِيرُ الْأَجْرَبُ فَيَدْخُلُ فِيهَا فَيُجْرِبُهَا كُلَّهَا قَالَ: "فَمَنْ أَعْدَى الْأَوَّلَ" (متفق عليه
яъни: Абу Ҳурайра 0 дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ k: “Касалликни ўз-ўзидан юқиши йўқ, ирим қилиш йўқ, сафар (ойи)дан шумланиш йўқ, бойқуш (ёки маййитнинг руҳи капалакка айланиши) йўқ”, дедилар. Шунда бир аъробий туриб: “Ё Расулуллоҳ! Нега мени туяларим саҳрода ҳудди кийикдай ялтираб юради-ю, қаердандир қўтир туя келиб туяларимни орасига киргач уларга қўтирини юқтиради?” – деди. Расулуллоҳ k: “Аввалги туяга ким юқтирган экан?!” – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳалигача баъзилар сафар ойида тўй қилиб бўлмайди, сафарга чиқиб бўлмайди ва ҳ.к. гапларга ишониб, ирим қилиб юришлари эътиқоднинг тўғри эмаслигидандир. Ҳолбуки, тарихчи Ибн Исҳоқнинг ривоятига кўра, Пайғамбаримиз k Хадича онамизга сафар ойида уйланганлар, Ҳазрати Али 0нинг Фотима Gга уйланишлари ҳам сафар ойида бўлганлигини Ибн Касир w “Сийрат” китобларида баён қилганлар. Бундан ташқари “Сифатус-сафва” китобида Язид ибн Абу Ҳубайб: “Расулуллоҳ k Маккадан ҳижрат қилиш учун сафар ойида чиқдилар ва рабиул-аввал ойида Мадинага кириб келдилар” – деганлар.
Муҳтарам азизлар! Жамиятимиздаги баъзи кишилар ружу қўйган яна бир эътиқодга зид бўлган амал фол очтириш, фолбинлик билан шуғулланишдир. Динимизда фолбинларга ишонишдан қаттиқ қайтарилган ва буни ширкка тенглаштирилган. Чунки, фолбин ғайбни билишини даъво қилади, фолбинга борган эса бунга ишонади ва оқибатта иккиси ҳам оғир гуноҳкор бўлади. Аллоҳ асрасин, бу ҳолатда, ҳатто, имондан ҳам чиқиш мумкин. Зеро, Пайғамбаримиз k марҳамат қилганлар:
(عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ أَتَى عَرَّافًا أَوْ كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَىَّ" (رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَ التِّرمِذِيُّ وَ النَّسَائِي وَ ابْنُ مَاجَه وَ الحَاكِمُ
яъни: Абу Ҳурайра 0дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ k дедилар: “Ким фолбинга борса ва унинг айтган гапига ишонса, Муҳаммад kга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Ибн Можа ва Имом Ҳоким ривояти).
Ғайбни билиш ва инсонларнинг тақдири борасидаги илмлар фақатгина Аллоҳ таолога хосдир. “Аъроф” сурасининг 188-оятида: “Айтинг: “Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди. Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман” – дейилган.
Бундан ташқари жамиятимиз учун зарарли ҳамда мўмин кишини имонидан айирадиган иллатлардан яна бири сеҳр-жоду билан шуғулланишдир. Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, баъзи кишилар орасида “илму амал” (иссиқ-совуқ) деб қилинадиган ишлар, уларга ружу қўйиш динимизда қораланади. Айниқса, сеҳр-жоду билан шуғулланиб, бошқаларга ёмонлик қилиш муқаддас динимиз таълимотига мутлақо зиддир. Пайғамбаримиз k марҳамат қилдилар:
عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رضي الله عنه، عَن النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "اجْتَنِبُوا السَّبْعَ الْمُوبِقَاتِ" قَالُوا: "يَا رَسُولَ اللَّهِ وَ مَا هُنَّ؟" قَالَ: "الشِّرْكُ بِاللَّهِ وَ السِّحْرُ وَ قَتْلُ النَّفْسِ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَ أَكْلُ الرِّبَا وَ أَكْلُ مَالِ الْيَتِيمِ وَ التَّوَلِّي يَوْمَ الزَّحْفِ وَ قَذْفُ الْمُحْصَنَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ الْغَافِلَاتِ " (متفق عليه)
яъни: Абу Ҳурайра 0дан ривоят қилинади, Пайғамбар k: “Ҳалокатга элтувчи еттита катта гуноҳдан сақланинглар” – дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ k! Улар қайсилар?” – деб сўрашди. Шунда: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, ёв босганда қочиш ва иффатли, мўмина, фаҳш ишлардан йироқ аёлга туҳмат қилиш” – деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Шунга асосан динимизда сеҳрнинг ҳар қандай тури ҳаром ҳисобланиб, уни ўрганиш, ўргатиш ва шуғулланиш қатъиян тақиқланган. Уламолардан Ибн Қудома w: “Сеҳрни ўрганиш ва ўргатиш ҳаромдир. Илм аҳли ўртасида бу масалада хилоф йўқ” – деб таъкидлаган. Чунки айнан сеҳр ва фолбинлик каби иллатлар туфайли одамлар орасида фитна пайдо бўлиб, ака-ука, опа-сингил, қўни-қўшни, овсинлар ўртасида шубҳа, гумон аралашиб, оқибатда қариндош-уруғ, қўшничилик ришталарига путур етмоқда.
Кейинги пайтларда айрим вилоят, шаҳар ва қишлоқ жойларда мусулмон аҳолиси ўрталарида касалликларнинг барча турларини ҳам “даволайверишни” даъво қилувчи сохта табиб ва парихону-дуохонларнинг сони кўпайиб бораётгани маълум бўлмоқда. Ушбу сохта даволовчиларнинг ўзаро сўз бириктиришиб олган махсус кишилари бўлиб, бу кишилар халққа уларни мақтаб, қўллари енгиллиги, кўплаб беморлар улардан шифо топаётганлиги тўғрисида шов-шув гаплар тарқатиб таърифу тавсифларини авжига чиқарадилар. Шифо истаб борган беморларга мозорларга атаб қўй, эчки ёки товуқларни сўйишга буюрадилар. Беморлар эса шифо топиш умидида уларга қатнаб, қўлларидан келган хайру эҳсон ва назру ниёзларини улардан аямасдан сарф қиладилар. Пайғамбаримиз kдан бу борада қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
(عَنْ عَمرِو بنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ رَفَعَهُ قَالَ: "مَنْ تَطَبَّبَ وَ لَمْ يَكُنْ بِالطِّبِّ مَعْرُوفًا فَأَصَابَ نَفْسًا فَمَا دُونَهَا فَهُوَ ضَامِنٌ" (أَخْرَجَهُ الإِمَامُ الدَّارَقُطْنِيُّ و صَحَّحَهُ الإِمَامُ الحاكمُ
яъни: Амр ибн Шуъайб отасидан, у киши бобосидан, у киши Расулуллоҳ kдан ривоят қилиб айтадилар: “Ким тиб илмини билмай туриб табиблик қилса, оқибатда бирортанинг ҳаётига ёки соғлигига путур етказиб қўйса, унга зомин бўлади” (Имом Табароний ривояти ва уни Имом Ҳоким ишончли деганлар).
Дарҳақиқат, мазкур сохта табибларга ишониб, касалликни ўз вақтида мутахассис врачларга кўрсатмасдан, оғир аҳволларга тушиб қолаётган ёки баъзида сохта дорилар қурбони бўлаётганлар ҳам борки, улардан ибрат олиб, кўзни каттароқ очмоқ ва сохта даволовчиларнинг ҳийлаю найрангларидан доимо эҳтиёт бўлиб юрмоқлик ҳар бир ақл-идрок соҳибининг муҳим вазифасидир.
Муҳтарам жамоат! Қуйида Имом Абу Ҳанифанинг “Фиқҳул акбар” китобида келган баъзи ақидавий масалаларни баён қилиб ўтамиз:
- ширк ва куфрдан бошқа гуноҳларни қилган ва тавба қилмай туриб дунёдан мўмин ҳолда ўтган кишининг иши Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола – хоҳласа жазо беради, хоҳласа афв этиб, асло дўзах азобига дучор этмайди.
- риёкорлик ва манманлик билан қилинган ҳар бир хайрли ишнинг савоби бекор қилинур.
- Имон бу – биз эътиқод қиладиган Мотуридия ақидасига кўра, тил билан иқрор ва дил билан тасдиқлашдан иборатдир. Осмонлару Ер аҳлининг имонлари имон келтирувчи нарсалар жиҳатидан кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам. Аммо ишонч ва тасдиқ жиҳатидан озайиб-кўпайиб туради. Мўминлар имонда, тавҳидда ўзаро тенгдирлар, аммо амалда бир-бирларидан ортиқ-камдирлар.
- Ислом бу – Аллоҳнинг буйруқларига таслим ва итоат этишдир. Имон билан Ислом ўртасида луғавий жиҳатдан фарқ бўлса-да, лекин Исломсиз имон, имонсиз Ислом бўлмас. Уларнинг иккиси астар билан авра ёки ич билан таш кабидир. Дин эса имон, ислом ва шариат аҳкомларининг йиғиндисидир.
- Аллоҳни барча сифатлари билан Китоби Қуръонда ўзи тавсиф этганидек ҳақиқий маърифат билан таниймиз. Лекин ҳеч ким Унга лойиқ, ҳақиқий ибодат билан ибодат қила олмайди. Лекин Ўз Китоби Қуръонда буюрганидек, Расулининг суннатида кўрсатилганидек ибодат қилиши мумкин.
- Демак, барча мўминлар маърифат – Аллоҳни танишда, ишончда, таваккулда, муҳаббатда, ризода, хавфда, умидда ва имонда тенгдирлар. Бундан ташқари амалларда эса, бир-бирларидан фарқ қилурлар.
- Аллоҳ таоло ўз бандаларига нисбатан фазлу карамли ҳамда адолатлидир: баъзида бандасига қилган ишига яраша эмас, балки бир неча баробар ортиғи билан савоб бахш этар. Гоҳида гуноҳига яраша жазо берур. Баъзан фазлига олиб, кечириб юборур.
Аллоҳ таоло барчамизни муқаддас динимиз ўргатган тўғри эътиқодда яшамоғимизда собитқадам қилсин!
Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.
28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.
Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.
– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.
Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.
– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.
Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.
2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.
Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.
Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.
– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.
Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.
Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.
Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.
Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.
– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.
Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати