Муҳтарам жамоат! Муқаддас Ислом динимизда қўшничилик ҳақлари риоя қилиниши лозим бўлган муҳим амаллардан саналади. Зеро, инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамланишида қўшнилар ҳаққини адо этиш ҳам муҳим ўрин тутади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзигагина ибодат қилишга буюриш асносида жамиятдаги барча тоифа инсонлар қаторида қўшниларга ҳам яхшилик қилишга буюргандир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
(وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا (سورة النساء/36
яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси, 36-оят).
Пайғамбаримиз ﷺ ҳам кўплаб ҳадисларида биз умматларини бунга тарғиб этганлар. Қуйида қўшничилик ҳақларига оид ҳадислар билан таништириб ўтамиз.
(عَنْ ابنِ عُمَرَ وَ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنهُمَا قَالاَ، قَالَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم: "مَا زَالَ جِبْريلُ يُوصِيني بِالجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أنَّهُ سَيُورِّثُهُ" (مُتَّفَقٌ عَلَيهِ
яъни: Ибн Умар ва Оиша дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Жаброил доимо менга қўшнига яхшилик қилишга буюраверганидан охир оқибат уни меросхўр қилиб қўяди, деб ўйлаб қолдим” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Демак, қўшнининг ҳаққи буюк ва жиддий аҳамият берилиши лозим бўлган ҳақлардан экан. Бошқа бир ҳадисда эса:
(عن أَبي ذر رضي الله عنه قَالَ : قَالَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم: "يَا أَبَا ذَرٍّ، إِذَا طَبَخْتَ مَرَقَةً، فَأكثِرْ مَاءهَا، وَتَعَاهَدْ جِيرَانَكَ" (رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمُ
яъни: Абу Зар дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Эй, Абу Зар! Қачон шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ солгин ва қўшниларнингга ҳам илингин” (Имом Муслим ривояти). Ушбу ҳадисда қўшниларга эътиборли бўлиш, инсон ўзидаги арзимас нарсани ҳам қўшнисига илинишга тарғиб этиш маъноси бор. Айнан шу маънодаги бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:
(عَن أَبيِ هُرَيرَةَ رضي الله عنه قَالَ، قَالَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم: "يَا نِسَاء المُسْلِمَاتِ! لاَ تَحْقِرَنَّ جَارةٌ لِجَارَتِهَا وَلَوْ فِرْسِنَ شَاة" (مُتَّفَقٌ عَلَيهِ
яъни: Абу Ҳурайра дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Эй, муслима аёллар! Ҳеч бир қўшни қўшнисига қўйнинг туёғини беришга ҳам орланмасин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бу ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ хусусан, аёлларга мурожаат қилаётганларининг боиси аёллар орасида бир-бирларини камситиш одати мавжуд. Шунинг учун аёллар арзимас нарсани бир-бирларига эҳсон қилиб бераётган ёки олаётган бўлсалар буни камситиш, деб билмасликларига чақирилмоқда. Оддий қилиб айтганда, егандан ортган таомни, қотган нонни, ҳатто сўйилган қовун-тарвузни ҳам увол бўлмаслиги учун қўни-қўшнига беришнинг айби йўқ.
Муҳтарам азизлар! Пайғамбаримиз ﷺ бир нечта ҳадисларида қўшничилик ҳақларини имон билан боғлаганлар. Яъни, кишининг имонининг бутунлигига қўшнисига қилган муомаласига қараб баҳо берилади. Масалан, қуйидаги ҳадиси шарифда шундай дейилади:
(عَن أَبيِ هُرَيرَةَ رضي الله عنه أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "واللهِ لا يُؤْمِنُ، وَاللهِ لا يُؤْمِنُ، وَاللهِ لا يُؤْمِنُ! قِيلَ: "مَنْ يَا رَسُول الله؟" قَالَ: "الَّذِي لا يَأمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ!" (مُتَّفَقٌ عَلَيهِ
яъни: Абу Ҳурайра дан ривоят қилинади, Пайғамбар ﷺ дедилар: “Аллоҳга қасамки, мўмин эмас, мўмин эмас, мўмин эмас!” Сўрашди: Ким, Ё, Расулуллоҳ? Дедилар: “Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган кимса” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса:
(عن أنس رضي الله عنه، قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلّم: «مَا آمَنَ بِي مَنْ بَاتَ شَبْعَان وَ جَارُهُ جَائِعٌ إِلَى جَنْبِهِ وَهُوَ يَعْلَمُ بِهِ» (رَوَاهُ الإِمَامُ الْبَزَّارُ
яъни: Анас ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Ён қўшниси оч эканлигини била туриб, тўқ ухлаган кимса менга имон келтирмабди” (Имом Баззор ривояти). Демак, мўмин киши ҳеч қачон фақат ўзини ўйламайди, балки ён атрофидаги қўни-қўшниларининг ҳолидан доимо хабардор бўлади, бирор мушкули бўлса, осон қилишга шошилади, муаммосини биргалашиб, ҳал этишга кўмаклашади. Яхшилик қилиш қўлидан келмаганда, ҳеч бўлмаса, ёмонлик қилмасликка, зиён-заҳмат етказмасликка ҳаракат қилади. Имом Бухорий “Адабул-муфрад” китобларида ва Имом Абу Довуд “Сунан” китобларида қуйидаги ривоятни келтирадилар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ 5 قَالَ، جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَشْكُو جَارَهُ فَقَالَ: "اذْهَبْ فَاصْبِرْ" فَأَتَاهُ مَرَّتَيْنِ أَوْ ثَلَاثًا فَقَالَ: "اذْهَبْ فَاطْرَحْ مَتَاعَكَ فِي الطَّرِيقِ" فَطَرَحَ مَتَاعَهُ فِي الطَّرِيقِ، فَجَعَلَ النَّاسُ يَسْأَلُونَهُ فَيُخْبِرُهُمْ خَبَرَهُ فَجَعَلَ النَّاسُ يَلْعَنُونَهُ، فَعَلَ اللَّهُ بِهِ ، وَفَعَلَ وَفَعَلْ ، فَجَاءَ إِلَيْهِ جَارُهُ فَقَالَ لَهُ : ارْجِعْ لَا تَرَى مِنِّي شَيْئًا تَكْرَهُهُ" (رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِي وَ الإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ
яъни: Абу Ҳурайра ﷺ ривоят қиладилар: “Бир киши Пайғамбар k нинг ҳузурларига қўшнисидан шикоят қилиб келди. Расулуллоҳ k унга: “Бор, сабр қил”, дедилар. У киши яна икки-уч марта келгач, Расулуллоҳ ﷺ унга: “Боргинда, уйингдаги нарсаларни кўчага олиб чиқиб ташла”, дедилар. У уй жиҳозларини кўчага улоқтириб ташлади. Кўчадан ўтган одамлар бунинг сабабини сўраганларида, у бўлган воқеани уларга айтиб берар, одамлар эса озор бераётган қўшнига Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўрар, эдилар. Оқибатда қўшниси келиб, уйингга қайт, бундан кейин мендан ҳеч ҳам ёмонлик кўрмайсан, деб ялиниб ёлворди”.
Ибн Абу Шайба w ривоят қиладилар, Абдуллоҳ ибн Амр 0: “Мен сизларга учта фалокатни айтайми?” – дедилар. Айтинг, дейишди. Шунда у зот: “Яхшилик қилсанг миннатдор бўлмайдиган, ёмонлик қилсанг кечирмайдиган золим раҳбар. Яхшиликни кўрса, яширадиган, ёмонликни кўрса, фош қиладиган ёмон қўшни. Олдида бўлсанг ғазабингни қўзғатадиган, йўғингда хиёнат қиладиган ёмон хотин”, дедилар.
Динимизда кишининг яхши ёки ёмонлиги унинг ўз қўшниларига бўлган муносабатига қараб ҳам баҳоланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз k дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
(عَن عَبدِ اللهِ بنِ عَمَرو رَضِيَ اللهُ عَنُهمَا قَالَ، قَالَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم: "خَيْرُ الأَصْحَابِ عِنْدَ الله تَعَالَى خَيْرُهُمْ لِصَاحِبِهِ، وَخَيرُ الجِيرَانِ عِنْدَ الله تَعَالَى خَيْرُهُمْ لِجَارِهِ" (رواه الإِمَامُ الترمذي
яъни: Абдуллоҳ ибн Амр дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Аллоҳнинг наздида дўстларнинг энг яхшиси ўз дўстига яхши муносабатда бўлгани, Аллоҳнинг наздида қўшниларнинг энг яхшиси ўз қўшнисига яхши муносабатда бўлганидир” (Имом Термизий ривояти). Ҳадисларда баён қилинишича тўрт тарафдан қирқта хонадон бир-бирига қўшни ҳисобланади. Қўшниларнинг ичида эҳсон қилинишига энг ҳақлиси энг яқин қўшнидир. Қўшнилардан қариндош ва диндоши энг ҳаққи кўп қўшни саналади. Қариндош бўлмаган ғайридин қўшнининг ҳам қўшнилик ҳаққини риоя қилиш лозим бўлади.
Азиз намозхонлар! Юқоридаги оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, олимларимиз ўз фиқҳий китобларида қуйидаги қўшничилик ҳақларини санаб ўтганлар:
Аллоҳ таоло дунёдаги барча халқлар ўртасидаги дўстлик-биродарлик ришталарини мустаҳкам қилсин. Қўни-қўшнилар билан самимий алоқаларимиз янада яхшиланиб боришини Аллоҳ таоло барчаларимизга насиб айласин. Омин!
Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.
28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.
Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.
– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.
Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.
– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.
Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.
2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.
Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.
Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.
– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.
Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.
Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.
Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.
Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.
– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.
Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати