Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз! Эй, имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир (Бақара, 152-153).
Саид ибн Жубайр айтади: “Зикр – Аллоҳ таолога итоат қилишдир. Ким тасбеҳ, таҳлил, Қуръон қироатини кўп қилсада Аллоҳ таолони эслмаса, у Аллоҳга итоат қилмабди”. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга итоат қилса Аллоҳ таолони зикр қилган бўлади. Агар унинг (нафл) намози, рўзаси ва Қуръон тиловати кам бўлса ҳам. Ким гуноҳ қилса, Аллоҳ таолони унутган бўлади. Агар унинг (нафл) намози, рўзаси ва Қуръон тиловати кўп бўлсада”, дедилар (Имом Байҳақий).
Бир киши Абу Усмонга “Аллоҳ таолони зикр қиламиз, лекин қалбимизда ҳаловатни сезмаймиз”, деб савол берди. Абу Усмон: “Аллоҳ таоло битта аъзойингни тоат билан зийнатлаб қўйганига ҳамд айтгин”, деди.
Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бандаларни Аллоҳ таолонинг азобидан нажот топишига Аллоҳ таолони зикр қилишдан ўзга амал йўқ”.
Яхшиликни билиб, у ҳақида гапириш шукрдир. Шукр луғатда “зоҳир қилиш”, “очиқ-ойдин қилиш”, каби маъноларни англатади. Банданинг Аллоҳ таолога мақтов айтиши ва берилган неъматларни эътироф этиб, тоат-ибодат қилиши шукрдир. Шунингдек, банда берилган инъомларга тил ила шукр, қалб билан иқрор қилади.
Шукр неъматларнинг зиёда бўлишининг омилидир. Банда берилган неъматга шукр қилса Аллоҳ таоло уни кўпайтириб беради. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
“Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман” (Иброҳим, 7).
Гарчи ушбу оятда шукр қилиш ва ношукрлик оқибатлари Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, лекин унинг ҳукми умумий бўлиб, то қиёматга қадар келадиган барча инсонларга тегишлидир. Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқ, қийналган кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади.
Ношукрлик инсонлараро муносабатларда ҳам ўзининг салбий натижаларини беради. Яхшиликни қадрлаб, имкони бўлса қайтариш айнан олижанобликдир (Шайх Абдулазиз Мансур).
Аллоҳ таоло бандаларини сабр билан ёрдам сўрашга буюрмоқда. Чунки сабр ботиний амалларнинг оғирларидан биридир. Инсон нафснинг шаҳватларидан сақланишида сабр муҳим ўринга эга.
Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)га қўшнининг ҳақи тўғрисида савол берилганда: “Қўшнига озор бермаслик билан бир қаторда, унинг озорига сабр қилиш”, деганлар. Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажаришда ҳам, қайтарган ишларидан тийилишда ҳам сабр ёрдам беради. Аллоҳ таоло бандаларини нафснинг шаҳватларидан тийилишга ва ибодатларга буюради. Бандалар бу ишларда ҳам сабрга муҳтож бўладилар. Инсон машаққатларни енгиб, сабр қилса, Аллоҳ таоло Ўз каломига мувофиқ бу банда билан бирга бўлади. Унинг ишларида ёрдамчи бўлиб дуоларини ижобат қилади. Банда солиҳ амалларни бажаришда бардавом, собит бўлса ва сабр қилса нажот топади. Чунки сабр инсоннинг қиёмат куни зафар қучиши учун омилидир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни намоз билан ёрдам сўрашга буюрди. Чунки намоз мўминларнинг руҳлари оламлар Раббисига кўтариладиган ва У Зотга муножат қилинадиган ибодатлар онасидир.
Манбалар асосида
Баҳриддин ПАРПИЕВ
тайёрлади
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббилари азза ва жалладан ҳикоя қилиб айтадилар: “Бир банда гуноҳ қилиб қўйди ва: “Аллоҳим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди”, деди. Сўнг банда яна қайтди ва гуноҳ қилди. У: “Эй Раббим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди”, деди. Сўнг банда яна қайтди ва гуноҳ қилди. У: “Эй Раббим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Шунда Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди. Хоҳлаган ишингни қил, сени мағфират қилдим!” деди”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
“Ва гуноҳ учун жазолайдиган”, яъни ўша гуноҳни қилган кишини азоблашга қодир эканини билди. Имом Бухорий ривоятида: “Бандамни мағфират қилдим” деган зиёдаси бор.
Уламолар бу ҳадисни икки хил изоҳлаганлар:
Биринчиси, ким бир гуноҳига холис тавба қилиб, унга қайтмасликка қатъий қарор қилса, унинг тавбаси мақбулдир. Шундан кейин нафси ёки шайтон ғолиб келиб, яна ўша гуноҳни қилиб қўйса-ю, сўнг иккинчи бор пушаймон бўлиб, яна қайтмаслик аҳди билан холис тавба қилса, унинг тавбаси мақбулдир. Бу жараён шу тарзда давом этаверади. Ҳадисдан мурод – ҳар гал тавба қилаётганда “унга бошқа қайтмайман” деган азму қарорда бўлиш. Чунки тавба фақат қуйидаги икки асосий шарт билан мукаммал бўлади: гуноҳни дарҳол тўхтатиш ва унга бошқа қайтмасликка қатъий қарор қилиш. Агар инсон шу ният билан, яъни ҳар сафар “бошқа қилмайман” деган чин аҳд билан тавба қилса-ю, лекин инсоний ожизлик ёки шайтон ғолиб келиб, гуноҳни такрорласа ҳам, унинг тавбаси қабул қилинаверади. Бу ҳолат юз, ҳатто минг марта такрорланса ҳам. Модомики, ҳар тавбасини бошқа унга қайтмаслик азму қарори билан қилса, Аллоҳ уни кечиради.
“Хоҳлаган ишингни қил, сени мағфират қилдим!” Банда, модомики, ҳар сафар гуноҳ қилганида пушаймон бўлиб, истиғфор айтиб, тавба қилар экан, Аллоҳ таоло уни кечираверади. Бу асло гуноҳда давом этиш дегани эмас, балки ҳар гал хатодан сўнг янги тавба билан покланиш демакдир.
Иккинчиси, бу ўринда фақатгина истиғфор – Аллоҳ таолодан мағфират сўраш назарда тутилган бўлиши мумкин. Истиғфор тушунчаси тавбадан кўра кенгроқдир. Истиғфорда, тавбадан фарқли ўлароқ, гуноҳни дарҳол тўхтатиш ёки унга қайтмаслик аҳди шарт қилинмайди, балки мағфиратнинг ўзи сўралади, холос. Ким шу маънода истиғфор айтса, унинг гуноҳи кечирилишига кафолат берилмайди. Фақат Аллоҳ таоло унга Ўз лутфи ва марҳамати билан муомала қилиб, кечиб юборадиган ҳолатлар мустасно.
Шулардан маълум бўладики, ҳадисга берилган биринчи изоҳ тўғридир. Чунки гуноҳда давом этатуриб, тилида истиғфор айтадиган кимсалар шариатда қораланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Гуноҳидан тавба қилган киши гўё гуноҳи йўқ киши кабидир. Гуноҳни тўхтатмай туриб истиғфор айтувчи кимса эса Раббисини масхара қилаётган киши кабидир” (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гуноҳни тўхтатмасдан айтилган истиғфор – ёлғончиларнинг тавбасидир”.
Ҳадисда “тавба” эмас, “истиғфор” лафзи ишлатилган бўлса-да, бу лафз кўпинча тавба маъносида қўлланилади. Гарчи луғатда “истиғфор” фақатгина “кечирим сўраш” маъносини билдирса ҳам, шаръий истилоҳда у кўпинча тавбани ҳам ўз ичига олади.
Имом Ғаззолий ва бошқа баъзи олимлар қуйидаги фикрни илгари сурганлар: “Агар инсон бирор сабабга кўра бирор гуноҳни бутунлай тарк этишга ўзида куч топа олмаётган бўлса, истиғфорни бутунлай ташлаб қўйгандан кўра, пушаймонлик ва истиғфор айтиш билан Аллоҳга юзланиб туриши афзалдир. Гарчи бундай истиғфор мағфиратни кафолатламаса-да, иншоаллоҳ, фойдадан холи бўлмайди. Зеро, бу истиғфор вақти келиб, банданинг ўша гуноҳни ҳақиқий тарк этишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай киши истиғфорни асло тарк этмаслиги керак”.
Тавбадаги нозик нукта шуки, банда тавба қилаётган пайтида ўз ихтиёри билан бу гуноҳга қайтмасликка қалбан азму қарор қилиши керак. Гарчи унинг қалбида “нафсим ғолиб келиб, мен яна шу гуноҳни қилиб қўйсам-чи?” деган хавотир бўлса ҳам, тавбанинг саҳиҳлигига путур етмайди. Муҳими – тавбани чин кўнгилдан гуноҳга қайтмаслик азму қарори билан қилиш ва унда собит туришни Аллоҳ таолодан сўраш.
Тавба орқали банда ўзининг ожизлигини ва Парвардигорининг мағфиратига муҳтож эканини изҳор қилади. Мана шу ҳақиқий бандаликдир. Шу йўл билан у Аллоҳ таолонинг мағфиратига, марҳаматига эришади, иншоаллоҳ.
“Такмилату Фатҳил мулҳим” асари асосида Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 9-сонидан