Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2025   |   22 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:02
Пешин
12:24
Аср
16:44
Шом
18:38
Хуфтон
19:51
Bismillah
14 Сентябр, 2025, 22 Рабиъул аввал, 1447

Хушхабар: «Ҳадис илми Олий мактабини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси тайёрланди

22.09.2017   9077   6 min.
Хушхабар: «Ҳадис илми Олий мактабини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси тайёрланди

ЛОЙИҲА 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

Ҳадис илми Олий мактабини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби, муқаддас ислом динини ўрганиш, аждодлар меросини қайта тиклаш ва келажак авлодларга етказиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Таъкидлаш лозимки, буюк аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш мақсадида мамлакатимиз диний таълим тизимида ҳам ислоҳотлар амалга оширилаётганини ижобий баҳолаш мумкин.

Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк муҳаддислар Имом Доримий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ибн Ҳиббон, Хайсам ибн Кулайб Шоший, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барокотий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий ва Абд ибн Ҳумайд Кешийлар томонидан катта ҳадис мактабига асос солинган бўлиб, ушбу илму маърифат ва зиё масканлари ҳадис илми ривожи ҳамда дунё илм-фан тараққиётида ўчмас из қолдирган.

“Ҳадис илмининг султони” мақомини олган буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг “Ал жомеъ ас-саҳиҳ” китоби мусулмон дунёсида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба бўлиб, ислом дини эътиқодига кўра, у башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланади.

Муқаддас ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда ислом дини асослари ва ҳадис илмини мукаммал ўзлаштирган олий маълумотли етук мутахассис-кадрларни етиштириб чиқариш мақсадида:

  1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий халқаро маркази негизида Ҳадис илми Олий мактабини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
  2. Қуйидагилар Ҳадис илми Олий мактабининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

- “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳужжатлари ва таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий приципларига таянган ҳолда ислом дини соҳасида фундаментал билим ва тушунчалар, тарихий ва замонавий анъаналар, инновация технологияларини, динлар тарихи ва назариясини чуқур эгаллаган, ислом дини асосларини, ҳадис илмини мукаммал ўзлаштирган, дунёга машҳур ҳадис уламолари томонидан битилган олти ишончли ҳадис тўпламларини пухта ўзлаштирган, турли оқимларнинг ёт ғояларига қарши раддиялар бера оладиган ҳамда ҳадис ва ҳадис илми бўйича олий диний маълумотга эга бўлган етук мутахассис-кадрларни тайёрлаш;

- ёшларни миллий қадриятларимизга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мустақил дунёқарашга ва фикрларга эга бўлган маънавий бой ва ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантириш;

- Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий ва бошқа юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис алломалар меросини ҳар томонлама ўрганиш ва улар асосида илмий тадқиқот ва таржима ишларини олиб бориш;

- юртимизда асрлар давомида шаклланган “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттириш мақсадида ҳадис, калом илми, тафсир, фиқҳ, араб тили фанлари бўйича замонавий модуль тизимига асосланган дарс ва тўгараклар ташкил этиш ва улар фаолиятига юртимизда ва жаҳонда кўзга кўринган уламоларни жалб қилиш;

- ҳадис ва ҳадис илми бўйича етук мутахассис кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, кадрлар соҳасида халқаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш.

  1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ҳадис мактабида сиртқи, қайта тайёрлаш ёки масофавий ўқиш шакли, диний соҳадаги илмий ва илмий-педагогик кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлашга қаратилган олий ўқув юртидан кейинги таълим учун тегишли илмий даражаларни бериш юзасидан Илмий кенгаш ташкил этилсин.
  2. Ҳадис илми Олий мактаби Низоми 1-илова, ташкилий-бошқарув тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  3. 5. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Ҳадис илми Олий мактаби билан ҳамкорликда “Ҳадис сабоқлари” телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар бериб борилишини таъминласин.
  4. 6. Қуйидагилар Ҳадис илми Олий мактаби фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

- Ўзбекистон мусулмонлари идораси;

- Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси;

- маҳаллий ҳамда хорижий мамлакатлар жисмоний ва юридик шахсларининг ҳомийлик хайрия маблағлари;

- маҳаллий ва халқаро молия ташкилотлари грантлари;

- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

  1. Самарқанд вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Ҳадис илми Олий мактабининг педагог-ўқитувчилари ва илмий ходимларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Имом Бухорий халқаро маркази илмий ходимлари учун фойдаланишга топширилган 10 та коттежни Ҳадис илми Олий мактаби ходимлари фойдаланиши учун расмийлаштирилишини таъминласин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 23 майдаги “Имом Бухорий халқаро марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-875-сон Қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
  3. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М.Султонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси                                   Президенти Ш. Мирзиёев

 

Қарор лойиҳаси бўйича таклифларингизни 2017 йил 5 октябрь кунига қадар religions@umail.uz манзилига юборишингиз мумкин!

Масъул - С.Шерхонов, Тел.: 239-49-41, 

 

Бошқа мақолалар

Расулуллоҳнинг ﷺ минбарлари

23.10.2024   8388   2 min.
Расулуллоҳнинг ﷺ минбарлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларида устун бўлиб турувчи хурмо дарахтининг ёғочлари бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ёғочлардан бирининг ёнида туриб хутба қилардилар. Баъзан узоқ муддат тик туриб қолардилар. Шунинг учун устида ўтириладиган бирор нарса ясаб бермоқчи бўлиб, бир ансорий аёл: “Ё Расулуллоҳ! Менинг дурадгор қулим бор Сизга минбар ясаб берайликми?” деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Майлин, агар (шуни) хоҳласанг” дедилар. Минбар ясаб бердилар.

Келаси жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқмоқчи бўлдилар, шунда хурмо дарахти худди ёш бола каби баланд овозда йиғлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги ёғочни силаб юпатдилар. Шундан кейин тинчланди.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ қачон шу ҳадисни айтиб берсалар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнидан кетганларига бир ёғоч йиғлади-я, биз йиғламаслигимиз мумкинми?” деб, йиғидан соқоллари ҳўл бўлиб кетарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу минбарлари ҳижратнинг сакккизинчи йили ясалган.

Минбарнинг учта поғонаси бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбада оёқларини иккинчи поғонага қўйиб минбарнинг устида ўтирганлар.

Кейинчалик Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу хутбада ўтирганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одоб юзасидан иккинчи поғонага ўтириб оёқларини энг пастки поғонага қўйганлар.

Умар розияллоҳу анҳу ҳам хутбада ўтирганларида биринчи поғонага ўтириб, оёқларини ерга қўйиб турганлар. Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳам шу ҳолат давом этган.

Кейинчалик Муовия розияллоҳу анҳу минбарга поғоналар қўшдирган ва уларнинг сони тўққизтага етган.

Ҳижрий 654 йилда содир бўлган масжид ёнғинида минбар ҳам куйиб кетди.

Ҳижрий 658 йилда Яман подшоҳи Малик Музаффар томонидан ясаттирилган минбар ўрнатилган. Аммо кейинчалик яна бир неча марта бошқа-бошқа минбарлар қўйилган.

Ҳижрий 998 йилда Султон Мурод III Усмоний томонидан юборилган минбар Масжиди Набавийга қўйилган охирги минбар саналади. Минбар мармардан ясалган бўлиб, гўзал нақшлар билан безатилган, тепасида тўртта устунли қуббаси ҳам бор.

Минбарнинг эшиги ҳам бўлиб, эшигидан ташқарисида учта, ичкарисида тўққизта поғонаси бор. Ҳозирда ушбу минбар Масжиди Набавийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари ўрнида турибди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйим билан минбаримнинг орасида жаннат боғларидан бири бор. Минбарим эса ҳовузимнинг устидадир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга жаннат боғларидан бир боғ бўлган муборак Равзада такрор-такрор ибодат қилиш бахтига муваффақ қилсин.

Даврон НУРМУҲАММАД