Бугунги кун давр талаби барча соҳалар каби диний соҳа вакиллари олдига ҳам бир қатор муҳим вазифа ва талабларни қўймоқда. Ана шундай янгиланиш ва ислоҳотларнинг баъзилари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти (ТИИ)да амалга оширилаётганига гувоҳ бўлишингиз мумкин;
Махсус сиртқи бўлим;
Махсус сиртқи бўлим бу йил яъни 2017-2018 ўқув йилидан илк бор ўз фаолиятини бошлайди. Бундан асосий мақсад Республикамизда фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот марказлари, масжид ва зиёратгоҳларнинг ўрта махсус билимга эга бўлган имом-хатиб, имом ноиби, зиёратгоҳ масъули каби мутахассисларини олий маълумотли кадрлар билан таъминлашдан иборат. Махсус сиртқи бўлимда ўқиш муддати 3 йилдан иборат бўлиб, унга ҳужжат топширмоқчи бўлганлар ўрта махсустаълим муассасасини тугатган, Ўзбекистон мусулмон идораси (ЎМИ) тизимида маълум муддат давомида фаолият олиб бораётган бўлиши талаб этилади. Махсус сиртқи бўлим талабалари учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиб берилади. Уларга ТИИнинг юқори малакали, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган профессор-ўқитувчилари дарс беришлари кўзда тутилмоқда. Талабалар институт махсус фан ва ўқув аудиторияларидан, ахборот ресурс марказидаги дарсликлар, манба ва адабиётлардан, компютер хоналаридан фойдаланишлари мумкин. Улар ўқув машғулотлари пайтида бепул тушлик билан таъминланадилар. Қисқа қилиб айтганда кундузги бўлим талабаларига қандай имтиёз ва шарт-шароитлар яратилган бўлса, махсус сиртқи бўлим талабалари ҳам улардан бемалол фойдаланишлари мумкин бўлади. Махсус сиртқи бўлимни тугатган талабаларга диний олий маълумот даражасидаги ТИИ дипломи берилади.
Қайта тайёрлаш курслари;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида имом-хатиб, педагог-ўқитувчи вазифаларида фаолият олиб бораётган ўрта махсус диний маълумот билан биргаликда олий дунёвий маълумотга эга ўқитувчилар сони кўпчиликни ташкил этади. Ушбу мутахассислар тўлиқ олий диний маълумотга эга бўлишлари учун Тошкент ислом институтида диний мутахассисликка йўналтирилган 6 ойлик қайта тайёрлаш курслари ташкил этилиши ҳам режалаштирилган.
Докторантура;
Замон талаблари ва хорижий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда, ЎМИ диний таълим тизимини тўлиқ шакллантириш, таълимнинг узвийлигини таъминлаш мақсадида Республикамизда биринчи маротаба ТИИ да олий диний ўқув юртидан кейинги таълим – ислом фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини беришни назарда тутувчи таянч докторантура ҳамда ислом фанлари бўйича фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини беришни назарда тутувчи докторантура тизими ташкил этилмоқда.
Бу орқали Республикамиздаги диний таълим муассасалари педагог ходимларининг илмий салоҳиятини янада ошириш ҳамда Ислом цивилизация маркази ва бир қатор илмий марказлар - Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис маркази ва Республикамиз вилоят марказларида ташкил этилаётган илмий марказларни малакали илмий ходимлар ва фан докторлари билан таъминлаш имкони яратилади.
Қорилар мусобақаси:
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом мажмуасидаги ташрифи чоғларида Қуръон мусобақаларини ўтказиш ҳақида ўзларининг таклиф ва тавсияларини берган эдилар. Дарҳақиқат, ҳозирда Қуръонни тўлиқ ёд олишни ўргатадиган таълим даргоҳи Тошкент ислом институтининг “Таҳфизул Қуръон” кафедраси Республикамизда ягона бўлиб турибди. Шундай бўлсада, қориларимиз жаҳон миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда олий ўрин соҳиблари бўлмасаларда, Юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқдалар. Алломалар юрти, бухорийлар, термизийлар юртидан келган қорилар сифатида Эрон Ислом Республикаси, Иордания Ҳошимийлар қироллиги, Саудия Арабистони, Индонезия, Кувайт ва Россия Федерацияси каби мамлакатларда ислом институти ва ўрта махсус билим юрти талабалари шу кунга қадар иштирок этиб келишаётган эди. Худо хоҳласа, Ислом цивилизация маркази ташкил этилиши билан жаҳон миқёсидаги қорилар мусобақаси алломалар юртида ҳам ташкил этилади. Ўшанда мураттаб ва мужаввид қориларимиз аждодларига муносиб ворис сифатида юртимиз довруғини жаҳонга ёйишади, Қуръон тиловати таралаётган Юртда Яратганнинг баракотлари ёғилади, иншааллоҳ. Бундан ташқари Ислом цивилизация марказидаги конференциялар залида илмий-амалий, диний-марифий йўналишдаги халқаро конференциялар ўтказилади.
Онлайн дарслар;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти кўрсатмаси ва бевосита раҳнамолигида “muslim uz.” порталида диний-маърифий онлайн дарслар ташкил этилганлиги “жаҳолатга қарши маърифат” ғоясининг яна бир кўриниши бўлди. Тафсир, ақида, ҳадис, фиқҳ, ислом тарихи ва араб тили фанларидан юртимизнинг кўзга кўринган олимлари ва ТИИ ўқитувчилари динимиз асосларини халқимизга холисона етказиб беришда ўз билим ва салоҳиятларини аямаяптилар. Бу эса халқимизни дину диёнатни тўғри англайдиган, ёт ғояларга алданиб қолмайдиган, илм-маърифатли шахслар бўлиб тарбияланишларига хизмат қилади.
Яратилган шарт-шароитлар;
Яратганга чексиз шукроналар, сабабчи инсонларга миннаддорлик билдиришга арзигулик хушхабарлардан яна бири ТИИ ва ўрта махсус ислом билим юртларига берилган квоталар сони ошириб берилганидир. Мир Арааб олий мадрасасининг 2017-2018 ўқув йилида иш бошлагани қувончимизга қувонч қўшади. Бу ҳам келажакда олий ва ўрта маълумотга эга диний мутахассислар етарли даражада бўлишига олиб келади.
Шунингдек, Тошкент ислом институти ҳамда ўрта ислом таълим муассасалари ўқув режа ва фан дастурлари янада такомиллаштирилди. Унга кўра мутахассислик фанларининг соатлари кўпайтирилди. Бу эса диний ходимнинг ўз мутахассислиги бўйича кўпроқ ва чуқур илмга эга бўлган етук кадр бўлиб етишишига олиб келади.
ТИИнинг ахборот ресурс марказида (АРМ) бугунги кунда 20 мингдан ошиқ диний, илмий, бадиий китоб ва дарсликлар, 1000 дан ортиқ электрон шаклдаги адабиётлар ва 200 дан ортиқ тошбосма ва қўлёзма манба ва адабиёт мавжуд. Бундан ташқари АРМда 800 дан ошиқ институт битирувчилари томонидан ёзилган битирув малакавий ишлари сақланади. АРМ доимий равишда профессор-ўқитувчилар ва талабалар хизматида.
ТИИда 2017-2018 ўқув йили учун ўқув аудиториялар сони етарли даражада кўпайтирилди, аудиторияларда дарс ўтиш учун барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилган .
Битирувчиларни иш билан таъминланганлик даражаси;
Тошкент ислом институти битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида ЎМИнинг Кадрлар бўлими билан доимий ҳамкорлик олиб борилмоқда. Ҳамкорлик доирасида институт битирувчилари ЎМИ ва унинг жойларидаги вакилликлари, ЎМИ тасарруфидаги масжид ва таълим муассасаларида ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар. Шунингдек, институт битирувчи талабалари магистратура ва иккинчи мутахассислик йўналишларида ҳам таҳсил олаётганлари бор.
Бугунги кунда барча ТИИ ни битирган мутахассислар тўлиқ иш билан таъминланган.
Яратгандан умид қилган сўраймизки, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устоз ва талабалари яратилган бу имкониятлардан унумли фойдаланишади, илм ва тажрибаларини кишилар диёнати, Ватан равнақи, Юрт ободлиги, халқ фаровонлиги учун сарфлайдилар ва келажакда аждодларига муносиб ворислар бўлиб етишадилар.
ТИИ ўқув ва илмий ишлар
бўйича проректори
Ибодулла Аҳроров
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 55 йиллиги муносабати билан ўтказилган республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.
«Долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар» мавзусида ўтказилган республика илмий-амалий анжуманида маълум қилинишича, 2017 йилдан буён 5300 дан ортиқ «хатмул кутуб» (муайян диний-илмий асарни устоз раҳбарлигида бошидан охиригача ўқиш, унинг мазмунини ўрганиш ва шарҳлаш) амалга оширилган, классик исломий манбаларни тўлиқ ўқиш ва ижоза бериш анъаналари қайта тикланган, ҳанафий фиқҳи бўйича магистратура йўналиши ташкил этилган.
Шунингдек, анжуманда диний таълим тизимидаги ушбу натижалар маълум қилиниб, замонавий ақидавий ва фиқҳий масалаларга илмий асосланган ечимлар ишлаб чиқиш, тадқиқотларни кенгайтириш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази ва халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, уламолар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда имом-хатиблар иштирок этди.
Анжуманнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, «Муфтий Бобохоновлар» жамғармаси директори Жамолиддин Бобохонов ва бошқалар маъруза қилди.
Нотиқлар институтнинг ташкил топиш тарихи, диний таълим ривожига қўшган ҳиссаси, ушбу даргоҳда фаолият юритган уламоларнинг илмий мероси ҳамда мутахассислар тайёрлаш тажрибасига тўхталди.
«5300 дан ортиқ хатмул кутуб амалга оширилди»
Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров муассасанинг ярим асрдан ортиқ фаолияти давомида шаклланган таълим анъаналари ва сўнгги йилларда жорий этилган илмий йўналишлар ҳақида маълумот берди.
«2017 йилдан бошлаб қадимий анъаналаримиз, мадрасаларимизнинг таълим бериш усуллари орқали мўътабар устозларимиз ва алломаларимизнинг китобларини ўқитиш, “Саҳиҳ ал-Бухорий”, “Сунан ат-Термизий”, Имом Мотуридийнинг китоблари, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”си ва бошқа асосий ислом илмлари манбаларини тўлиқ ўқиш, хатмул кутуб ва якунда ижоза бериш тизими қайта тикланди. Бугунги кунга қадар 5300 дан ортиқ хатмул кутуб амалга оширилди», — деди Уйғун Ғафуров.
Ректор институтда ҳанафий фиқҳи бўйича магистратура ташкил этилгани, мотуридийлик ақидаси, тафсир ва ҳадис илмлари йўналишларида мутахассислар тайёрланаётганини ҳам қайд этди.
Келгусида ушбу йўналишларда докторантура ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу эса классик исломий илмларни чуқур тадқиқ қилиш ва илмий кадрлар тайёрлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Мураккаб тарихий шароитда шаклланган илмий даргоҳ
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров Тошкент ислом институтининг ташкил топиш шароити ва диний таълим тарихидаги ўрнига эътибор қаратди.
Олимнинг таъкидлашича, институт мураккаб тарихий даврда фаолият бошлаган бўлса-да, нафақат Ўзбекистон, балки собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги мусулмон жамоалари учун диний мутахассислар тайёрлашда муҳим вазифани бажарган.
«Шунга қарамасдан, институт ярим аср давомида минглаб ҳам диний илмларни яхши биладиган, ҳам бугунги тушунчадаги академик таҳсил олган, яъни диний ва дунёвий билимларни ўзаро уйғунлаштирган кўп сонли мутахассислар тайёрлади. Улар сиёсий-ижтимоий барқарорлик, маънавий-маърифий йўналишдаги жараёнларга ўзининг ҳаётбахш, бунёдкор таъсирини кўрсатиб келмоқда. Мамлакатда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар институтнинг илмий ва таълимий имкониятларини кенгайтирмоқда, айни пайтда мутахассислар тайёрлаш борасидаги масъулиятини ҳам оширмоқда», — деди Зоҳидулла Мунавваров.
Замонавий ақидавий масалаларга илмий ёндашув
Анжуманнинг илмий дастури икки шўъба доирасида давом этди.
«Долзарб ақидавий масалалар ва уларнинг илмий ечимлари» мавзусидаги биринчи шўъбада Саидафзал Сайджалолов, Абдулазиз Яхшиликов, Давронбек Абдуқодиров ва Ботиржон Абдуллаев маърузалар билан қатнашди.
Муҳокамаларда суннийлик манбаларида раддияга оид қарашлар, замонавий эътиқодий масалалар ҳамда Абу Райҳон Берунийнинг илмий меросида акс этган диний қарашларга оид тадқиқотлар тақдим этилди.
Маърузачилар тарихий диний манбаларни илмий асосда ўрганиш, улардаги қарашларни тадқиқ этиш ва бугунги кунда юзага келаётган эътиқодий масалаларни таҳлил қилишнинг аҳамиятига тўхталди.
Фиқҳий масалалар: анъанавий манбалар ва амалий ечимлар
«Замонавий фиқҳий масалалар: янги муаммолар ва амалий ечимлар» деб номланган иккинчи шўъбада Абдувоҳид Аҳмадалиев, Муҳаммадмусо Набижонов, Алижон Равшанов, Абдулаҳад Содиқов, Акмалжон Ғаниев, Сойибжон Жўраев, Хуршида Усманова, Санжар Бердиев ва Сирожиддин Шодмонов ўз тадқиқотларини тақдим этди.
Унда ҳанафий мазҳаби уламоларининг фиқҳий ёндашувлари, Қуръон ва суннатни талқин қилиш масалалари ҳамда замонавий ҳаётда юзага келаётган фиқҳий муаммолар муҳокама қилинди.
Иштирокчилар анъанавий манбаларни чуқур таҳлил қилиш, илмий асосланган хулосалар ишлаб чиқиш ва диний таълимда тадқиқот натижаларидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Илмий тавсиялар ва махсус тўплам тайёрланади
Анжуманнинг якуний қисмида Тошкент ислом институтининг 55 йиллиги муносабати билан ўтказилган мақолалар танлови ғолиблари ҳамда Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида ташкил этилган IV халқаро олимпиадада совринли ўринларни қўлга киритган талабалар тақдирланди.
Анжуман якунида долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар юзасидан илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда сараланган мақолаларни махсус илмий тўплам шаклида нашр этиш бўйича келишувга эришилди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 55 йиллигига бағишланган анжуман диний таълимнинг тарихий тажрибасини сарҳисоб қилиш билан бирга, классик исломий манбаларни чуқур тадқиқ этиш, замонавий ақидавий ва фиқҳий масалаларни илмий ўрганиш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболларини белгилашга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати