22 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Ҳаж-2017” мавсумида зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳи йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев, ЎМИ раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, ЎМИ раиси ўринбосари И. Иномов, ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими мудири М-А.Шакиров ва “Ҳаж-2017” мавсумида зиёратчиларга хизмат қилувчи ишчи гуруҳи, тиббиёт гуруҳи ҳамда ошпазлар гуруҳи иштирок этишди.
Тадбирда ишчи гуруҳи томонидан риоя этиладиган қонун-қоидалар, уларнинг бурч ва масъулиятлари, ҳаж ибодати рукнлари, сафарга жўнаб кетиш ҳамда Саудия Арабистонидаги ташкилий ишларнинг ишчи гуруҳига тааллуқли бўлган жиҳатлари атрофлича ёритилди.
Шунингдек, сафарга доир ҳужжат ишларида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ва гуруҳдаги зиёратчилар билан ишлаш давомида уларнинг паспорт ва бошқа ҳужжатларини юритиш қоидалари борасида ҳам маълумот берилди.
Тадбир якунида мутасаддилар гуруҳ раҳбарлари томонидан берилган барча саволларга батафсил жавоб бердилар.


Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати