Рамазоннинг фазилатларини ҳар қанча гапирсакда, шунча камдир. Айниқса, бу ойнинг таровати – рўза билан янада гўзалдир. Киши чин ихлос билан рўза тутишни ният қилар экан, бу ибодатини фақатгина Аллоҳ учун адо этаётганини аниқ англайди. Яратган розилиги учун қийинчиликларга бардош беради, сабрли бўлишни ўрганади. Шу боисдан ҳам Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда рўзанинг ажри улуғ эканини айтади: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”.
Эътибор беринг, рўза тутган киши, Аллоҳ таоло мукофотини Ўзи беришини билган ҳолда камчиликка йўл қўйиши мумкинми? Дарҳақиқат, рўзадор тутаётган рўзасини “Аллоҳ кўриб турибди” деган ихлос билан адо этади. Камчиликларга йўл қўймасликка ҳаракат қилади. Руҳиятидаги хотиржамлик тафаккурининг тиниқлашиб боришига сабаб бўлади.
Ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Улар ила суюнгай. Ифтор қилганда суюнгай ва қачон Роббисига йўлиққанда суюнгай”.
Қолаверса, бу ой буюклигининг омилларидан бири ушбу ҳадиси шарифда гўзал тарзда баён қилинади: “Қачон Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур”.
Ушбу ҳадис бу ойнинг нақадар улуғ мақомга эга эканини тасдиқлайди. Ҳадисдаги шайтонлар кишанланганлиги мўмин-мусулмонларни ушбу имкониятлардан фойдаланиб қолишга, китоб мутолаасига, эзгуликлар қилишга чорлайди.
Рамазоннинг фазилати бу ойда Қуръони карим нозил қилиниши билан боғлиқдир. Бу борада Бақара сурасининг 185-оятида шундай марҳамат қилинади:
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”.
Шунингдек, бу ой меҳр-мурувват ойи бўлиб, инсонлар бир-бирларига кўмак берадилар, муҳтожларга ёрдам қўллари узатилади, ўзаро яхшиликлар қилинади, беморлардан ҳол-аҳвол сўралади, аразлашган кишилар муборак ойнинг шарофати билан гиналарни унутадилар. Бу ойда бутун юртимизда ана шундай яхшиликлар билан, хотиржамлик ва хурсандчилик ҳукмрон бўлади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади”.
Қолаверса, ушбу ойнинг шарофати билан гуноҳлар авф этилади, рўзадорларга кўплаб ажрлар берилади.
Бу ҳақда Набийимиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келтирилган ҳадисда шундай дейилади: “Рамазон ойининг биринчи кечаси Аллоҳ таоло айтади: “Ким бизни яхши кўрса, Биз ҳам уни яхши кўрамиз. Ким Бизни талаб қилса, Биз ҳам уни талаб қиламиз. Ким Биздан мағфират сўраса, Биз унинг гуноҳларини Рамазон ҳурматидан кечирамиз”.
Рамазон ўттиз кун давом этади. бу кунларни мазмунли ўтказишга ҳаракат қилиш ҳар бир мусулмоннинг улкан имкониятидир. Эзгуликларга шошилиш чексиз савобларга мушарраф этади. Бу ойда билим олиш, китоб мутолааси илмнинг зиёда бўлишига замин яратади. Баракали кунларнинг ҳар бир лаҳзаси қимматлидир. Улардан фойдаланиб қолинг!
Бинобарин, қуйидаги ҳадисда шаҳри султоннинг нақадар буюк экани таъкидланади: “Агар умматларим Рамазон ойининг шарафини билганларида эди, йил ўн икки ой Рамазон бўлишини орзу қилар эдилар, чунки уларнинг тоати мақбул, дуолари мустажоб, гуноҳлари мағфират этилиб, жаннат рўзадорларга муҳтож бўлади”.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Ж.Кулбаев
Қўлни бўғимгача ювиш фойдалари
Маълумки, биз таҳоратни икки қўлимизни ювишдан бошлаймиз. Бунинг кўплаб фойдалари бор. Инсон қўли билан турли нарсаларни ушлайди, ўзгалар билан қўл бериб кўришади. Мана шу нарса бактериянинг тарқалиши ва унинг кўпайишига сабаб бўлади. Қўл орқали юқадиган касалликларга ич терлама, дизентерия (ичбуруғ) ва гастрит кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Исломда қўлни покиза сақлаш, тирноқларни вақтида олиб, озода бўлиб юриш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг қатъий вазифаларидан саналади.
Қўл ювилганда, бармоқ учларидан нур чиқиб, қўл атрофида доира ҳосил қилади. Бунинг натижасида бизнинг ички энергиямиз ҳаракатга келади ва қўлларимиз тоза, чиройли кўриниш касб этади.
Оғизни чайиш (мазмаза) фойдалари.
Таҳоратда аввал қўлларни ювишнинг фойдаси жуда кўп. Агар қўллар яхшилаб ювилмаса, бактериялар оғиз орқали ошқозонга ўтиб, касаллик келтириб чиқаради.
Оғизни пок тутиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унга ҳаво, озиқ-овқат ва бошқа сабаблар билан турли зарарли моддалар тушади. Агар булар вақтида тозаланмаса ёки мисвок билан покланмаса, оғизда кўплаб касалликлар, жумладан, милк ва тиш касалликлари келиб чиқади.
Таҳоратда мисвок ишлатиш суннати муаккада бўлиб, бу нарса тиббий нуқтаи назардан ҳам фойдалидир.
Замонавий илмий кашфиётлар мисвок ҳақида қуйидаги хулосаларга келди:
– арок дарахтидан олинадиган мисвок таркибида кўп миқдорда фторид бўлиб, бу модда тиш чиришининг олдини олишда катта аҳамиятга эга;
– мисвок эмал ва милкларга зарар бермаган ҳолда тишларни муваффақиятли тозалайди ва оқартиради;
– мисвок таркибидаги табиий антисептиклар оғиздаги зарарли микроорганизмларга қирон келтиради;
– мисвок таркибидаги фтор моддаси тишларнинг кариесга йўлқишининг олдини олади;
– хлор моддасига эга бўлгани сабабли тишлардан турли ранг ва доғларни кеткизади;
– ошловчи кислота (дубилъная кислота) милкни касалликлардан сақлайди;
– хлорид моддаси ҳар хил тошма ва доғларнинг кетишига ёрдам беради;
– мисвок таркибидаги силикат моддаси тишларни оқартиради;
– мисвокдаги баъзи моддалар оғиз саратони ва чиришнинг олдини олади;
– фарфор моддаси тишни чиритувчи бактериялардан ҳимоя қилади;
– мисвокдаги хушбўй ёғ сўлак ажралиб чиқишини (саливация ) кўпайтиради ва натижада ксеростомия касаллигининг олди олинади;
– мисвок умумий шамоллашнинг оддий давосидир;
– гингивит касаллигини камайтиради;
– арок дарахти экстракти билан оғиз чайилса, оғиздаги бактериялар 75% гача камайиши ўз тасдиғини топди. Мисвок билан тозалаганда ҳам шу натижага эришилади;
– милк қонашининг олдини олади;
– Мисрда олиб борилган изланишларда маълум бўлишича, мисвок билан оғиз тозалангач, унинг қолдиқлари икки кунгача (!) бактерияларни ўлдириш хусусиятини сақлаб қолар экан;
Одилхон қори Юнусхон ўғли