Ўтган йил Рамазонда...
“Ҳамма нарса синов келганда билинади – дўстлик ҳам, муҳаббат ҳам. То синовгача ҳамма ўз муҳаббати, дўстлиги ҳақида лоф ураверади...”
Менга бу сўзларни айтган одам қанчалар ҳақ экан. Бугун, рамазон ярмидан ўтган, вақт асрдан ўтиб шомга яқинлашаётган бўлса-да ёз жазирамаси озгина ҳам пасаймаган, сувнинг жилдираган (қанчалар ёқимли!) овозини эшитмаслик учун қулоқларимни кафтларим билан маҳкам ёпиб, дақиқа санаётган кунимда юқоридаги жумлалар моҳиятини англаб етяпман.
Кўзим тўла ёш, юрагим эзилгандан эзилиб боряпти, қўлимни кўтаришга мажолим йўқ, худди хаста одамдекман. Томоғим қақраб кетяпти, нимага қарамай сув бўлиб кўринади. Қачон шом бўларкин?..
Астағфируллоҳ, нималарни ўйлаяпман? Бу – миннатми? Бунақа рўзадан кун бўйи оч қолиш ва ташналикдан бошқа нима орттираман? “Бандаларимнинг одамлар кўзи тушгулик барча ишлари (намоз ўқиш, хайр-эҳсон қилиш, закот беришлари) ўзлари учун, тутадиган рўзалари эса Мен учун (Худо учун бўлмаганида эди, яширинча еб-ичиб олиш мумкин бўларди, чунки ҳеч ким кўрмайди), бинобарин, унинг мукофотини Ўзим бераман”. Шу ҳолимда, нафсим мен билан аёвсиз олишиб, муздай сувдан қониб-қониб ичишга ундаётган, ўзим ҳам шунга мойил бўлиб турганим бир пайтда бу қудсий ҳадисни ёдимга солган Улуғ Зотга ҳамду санолар бўлсин!..
Шомдан сўнг...
Ҳақиқатан ҳам ҳамма нарсанинг қадри синов келганда билинаркан. Аллоҳга муҳаббатдан, Расулуллоҳ (с.а.в.)га бўлган севгидан гапириш осон экан. Бир дўстимнинг таъбири билан айтганда, “олдин ҳам рўза тутяпмиз деб юрган эканмиз, ҳақиқий рамазон энди бўляпти” (Араб тилини яхши биладиган дўстим рамазон сўзи маъносига ҳам ишора қилди, шекилли. Чунки рамазон арабча “ар-рамад” деган сўздан олинган бўлиб, қуёш ҳароратининг жуда ошиб кетишини, “ар-рамдо” эса қуёш оламни тандирдек ловуллатиб қиздиришини билдиради. Имом Замахшарий айтганларидек: “Ҳар бир ойни номлаш вақтида шу ойдаги бирор белги ёки ўзига хос хусусиятга аҳамият қилишган. Рамазон ойи йилнинг энг иссиқ кунларига тўғри келгани учун уни жуда иссиқ, жазирама маъносида “рамазон” деб аташган”.)
Кўп нарсалар ҳикматини шу рамазонда тушуниб етаётгандекман. Масалан, шу пайтгача: “Рўзадор учун икки қувонч бор: бири – оғиз очганида, иккинчиси – рўза тутиб, ёруғ юз билан Аллоҳга йўлиққанида”, деган ҳадисни кўп бора ўқиганман. Ифторлик қувончини ҳам кўп бор ҳис қилганман, аммо... бу рамазондагичалик эмас. Ҳар гал оғиз очганимда қониб сув ичарканман, унинг томирларимга, вужудимга қувват бўлиб ёйилаётганини сезиб тураман ва бошқа рамазондагилардан фарқли равишда дил-дилимдан айтаман Расулуллоҳ (с.а.в.)дан мерос муборак жумлаларни: “Гуноҳ кетди, томирлар ҳўлланди ва, иншааллоҳ, ажр собит бўлди”.
“Ким рамазон кечаларини савобига ишониб ва унга эришиш нияти ила намоз ўқиб жонлантирса, аввалги гуноҳлари кечирилади”. Бу ҳадис ҳикматини ҳам шу рамазонда англаётгандекман. Таровеҳни қўйинг, хуфтонни саҳарликдан сал олдин ўқиб олиш маъқул кўриниб, шомдан кейиноқ уйқуга кетишни мўлжаллаётган; аммо дунёдаги очлик, ташналикдан азоб чекаётган қанчалаб инсонлар, жазирамада рўза тутаётган ота-онам, жигарларим, яқинларим ҳолини ўйлаб, улар ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларимизга мағфират сўраш, илоҳий раҳматга эришиш умиди ҳорғин вужудимга куч бериб, жойнамоз устида турган онларимда тушунаётгандекман.
Ҳар куни оғиз очарга муздай чой, шарбатлар тайёрлаб қўядиган синглимга миннатдор боқарканман: “Рўзадорга ифтор уюштириб берган одам рўзадорнинг савобидан кам бўлмаган савобни олади”, деган ҳадис ёдимга тушиб, ичим ёришади.
Бандамиз, ожизмиз, бунинг устига ишхонада ҳар хил муомала-муносабат... Жаҳлим чиққанида ташналикдан оғзим қуриб, жумлаларни келиштира олмаслигимдан хижолат чекиб эмас, урушмоқчи бўлаётганим ҳамкасбим ҳам худди мендек рўзадор эканини, қийналаётганини ўйлаб, ғазабим шафқатга айланади. Муборак жумлалар хаёлимдан ўтади: “Рўзадор ҳолингизда ёмон сўзларни гапирманг ва жаҳл отига минманг”. Қувонаман – яна бир ҳикмат...
Бу йилги Рамазон олдидан...
“Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ, 5-6).
Аллоҳнинг ваъдаси – ҳақ! Шу кунгача бирор мушкуллик билмадимки у билан бирга ёруғлигини ҳам кўрмаган бўлсам. Ўтган йилги рамазон ҳақиқий синов бўлди, лекин ўша синовнинг ёруғликлари, енгилликларини ҳар кун, ҳар лаҳзада ҳис қилиб яшадим. Ўша қувончларни яна ҳис қилиш умидида бу йилги синов остонасидаман – вужуд, қалб тайёргарлиги ва яна... қўрқув билан.
Илоҳи, Ўзинг бизни синовларга қодир қилгайсан. Улуғ фазлу марҳаматинг билан ифторликдаги севинчларни бутун борича ҳис этиш бахтини насиб қилдинг. Насиб этажагинг иккинчи қувонч, улуғ шодлик, мўмин дилнинг энг ширин орзуси – Улуғ Кунда Дийдорингга етишиш саодатидан умидвормиз. Бизга бу рамазонни ҳам муборак ва хайрли қил, Раббим!
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Кўпчиликгимиз узоқ вақт соғлом бўлиб юриш учун дорихоналардан “мўъжизавий таблетка” сотиб олишга кўплаб пул сарфлаймиз. Бу дорилар иммунитетимизни кучли қилишини ва яқинларимизни томоқ оғриғи, бронхит, гриппнинг ҳар қандай турлари ва бошқа касалликлардан ҳимоя қилади деган ишончдамиз.
Лекин, бугунги кунда фармацевтика саноати қанчалик муваффақиятларга эришган бўлишидан қатъи назар, мустаҳкам иммунитетга эга бўлиш учун уларнинг ўзи етарли эмас десак муболаға бўлмайди. Албатта, дори-дармоннинг инсон саломатлиги учун аҳамияти катта эканлигини инкор қилиб бўлмайди.
Соғлом организмли бўлиш учун дорихоналар билан бирга динимизда тарғиб қилинган, инсон саломатлигига фойдали бўлган табиий ўсимлик ва маҳсулотларга мурожаат қилиш ҳам самаралидир. Бу маҳсулотлар иммунитет тизимини ҳимоя қилишда мустаҳкам девор вазифасини ўтайди.
Ҳар бир мусулмон қиладиган кундалик ибодатлар нафақат савоб, балки саломатлик калити ҳамдир. Таҳоратнинг юрак-қон томир тизими учун фойдали эканлиги ва бундан ташқари, у рефлексологик усулларни ўзида мужассам этгани олимлар томонидан исботланганига анча йиллар бўлди. Совуқ сув билан таҳоратда юз-қўлни ювиш танани мукаммал даражада чиниқтиради. Оғиз ва бурунни мунтазам ювиш инфекцияларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Умуман олганда, ҳаммаси оддий, таҳорат қилинг ва соғлом бўлинг!
Занжабил антибактериал, яллиғланиш ва микробларга қарши, антисептик, бактерицид хусусиятлари билан машҳур. Занжабил уйимизда доимо, айниқса куз ва қиш мавсумида бўлиши керак бўлган маҳсулотдир. Бу аччиқ илдиз соғлиқ учун C, Б витаминларига бой ва инсон организмидаги зарарланган ҳужайраларни даволаш ва янгилаш қобилиятига эга бўлган ретинол моддасини ўз ичига олади. Асал занжабилнинг фойдали хусусиятларини мукаммал равишда тўлдиради.
Қуръони каримда зикр қилинган шифобахш егуликлардан бири асалдир. У иммунитетимиз учун ажралмас маҳсулотдир. Эътибор берсак, инсон қони ва асалнинг кимёвий таркиби жуда ҳам ўхшаш. Инсон қони 24 микроэлементни ўз ичига олади, табиий асали эса 22 тани.
Танани иссиқ тутиш, совуқдан ҳимоя қилиш учун табиий асалнинг ёнғоқ билан аралашмаси самаралидир.
Қора седана кучли табиий иммуномодулятор бўлиб, у организмга табиий ва юмшоқ таъсир кўрсатади. Ўсимликнинг фаол моддаси тимокинон бўлиб, тана иммунитет мудофаасини таъминлайди ва касалликларга чидамлилигини оширишда катта рол ўйнайди.
Тананинг ҳимоя хусусиятларини рағбатлантириш учун қора седана ёғини эрталаб оч қоринга, тушликда овқатдан бир соат олдин ва кечқурун ётишдан олдин ичиш тавсия этилади. Катталар учун 1 ош қошиқ меъёр ҳисобланади.
Табиблар, агар одамлар ҳелбанинг қанчалик фойдаси борлигини билганда эди, уни олтин нархига сотиб олишарди, дейишган. Олимларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли бу ажойиб ўсимликнинг фойдалари ҳақида жуда кўп маълумот айтилган, лекин негадир кўпчилик неча асрлардан буён фойдаланиб келинаётган уруғларга соғлиқни тиклаш учун эътибор бермай қўйдилар.
Шундай қилиб, ҳелба уруғлари шамоллаш, иситма ва вирусли инфекцияларнинг оқибатларидан халос бўлишга ёрдам беради. Юмшатувчи хусусиятлари туфайли бу ўсимлик шамоллашни даволашда, яллиғланишга қарши ва экспекторан сифатида ишлатилади. Бу балғамни юмшатиш ва эритиш ва лимфа тизими орқали токсинларни олиб ташлашга кўмаклашади. Шунинг учун ярим литр сувга бир ош қошиқ ҳелба уруғи солиб ичилса, шамоллашни даволайди. Бундан ташқари, қўшимча витаминлаш таъсирини таъминлаш учун кўпинча ичимликка клюква ёки лимон шарбати қўшилади.
Мақолада баён қилинган маҳсулотлар соғлиқни мустаҳкамлаш учун самарали ҳисобланади. Шифобахш маҳсулотларни истеъмол қилиш билан бирга фаол ҳаёт тарзини олиб бориш, меъёрида овқатланиш ва ибодатларни кўпайтириш ҳам керак.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.