Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Октябр, 2026   |   9 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:21
Қуёш
06:40
Пешин
12:08
Аср
15:52
Шом
17:39
Хуфтон
18:54
Bismillah
20 Октябр, 2026, 9 Жумадул аввал, 1448

Рамазон ўргатади...

13.04.2023   7088   2 min.
Рамазон ўргатади...

Рамазон доимо муносиб вақтда келади. Уни бизга Роббимиз дунё хароб қилган ҳаётимизни яна бир бор тузатиш, қадамларимизни мувозанатга солиш, уни янгидан Ўзи томон олиб борадиган йўлга йўллаш учун юборади. Муҳими, У бизга бунга қодирлигимизни эслатади.

1. Рамазон бизга ҳар кеча бир пора Қуръон ўқиш қийин эмаслигини, аммо дунё бизни эгаллаб олганини ўргатади!

2. Рамазон бизга ҳар ой уч кун рўза тутишни қийин иш эмаслигини, аммо биз бурч ва мажбуриятларимиз қолиб Аллоҳ бизга аниқ ёзиб қўйган нарсалар билан банд эканимизни ўргатди.

3. Рамазон бизга кечалари туриб икки ракат намоз ўқиш қийин иш эмаслигини, ибодатлар машаққат бўлмаслигини, аммо бизнинг қалбимиз хароб бўлганини ўргатди.

4. Рамазон бизга Аллоҳ учун бир нарсаларни тарк қила олишимизни, уларни тарк қилишда лаззат борлигини, бу лаззатни уларни тарк қилмай топиб бўлмаслигини, бизнинг тарк қилишдан ожиз эмаслигимизни, озгина қўрқоқ эканлигимизни ўргатди.

5. Рамазон бизга йилнинг истаган пайтида садақа қила олишимизни, фақирларни қалбан ҳис қилишимиз мумкинлигини, уларни эслаш учун ошқозонни бўшатиш шарт эмаслигини ўргатди.

6. Рамазон бизга бомдод намозига туриш шайтон васваса қилганидек оғир иш эмаслигини, уни муаззин айтганидек "уйқудан яхшироқ" эканлигини ўргатди.

7. Рамазон бизга масжидга қадам босиш лаззат эканини, саодат фақатгина Аллоҳ билан бирга бўлишда эканини ўргатди.

8. Рамазон бизга энг илиқ макон уйимиз эканини, оила аъзоларимизнинг бир жойда ифторда жамланиши оилага жон ато қилишини ўргатди.

9. Рамазон бизга қўшнига бир идишда овқат жўнатиш меҳр-оқибатни зиёда қилишини, улардан бир идишда овқат қабул қилиш эса муҳаббат мактубига менгзалишини ўргатди.

10. Рамазон бизга хонадонимиз аёлларимиз сабри устига бино қилингани, биз эркаклар куннинг охирида силламиз қуриб дам олаётганимизда аёлларимиз ошхонада тинмаслигини, улар ҳақиқатда бизнинг эҳтиромимизга муносиб эканини ўргатди!

Абдулқодир ПОЛВОНОВ

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тил ҳам Аллоҳнинг оят-аломатларидан

20.10.2026   4046   2 min.
Тил ҳам Аллоҳнинг оят-аломатларидан

Ҳар йили 21 октябрь куни юртимизда она тилимизнинг байрами катта шодиёна билан нишонланади. Бу сана биз учун нафақат миллий ўзликни англаш, балки Парвардигоримиз томонидан инъом этилган улуғ неъмат, сўзлаш иқтидори ҳақида тафаккур қилишга чорлов фурсатидир.

Аллоҳ таоло Рум сурасининг 22-оятида: "Осмонлар ва ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлиши Унинг оят-аломатларидандир", деб марҳамат қилади. Ушбу илоҳий ҳикматдан кўринадики, инсонларнинг турли тилларда сўзлашиши ва ҳар бир халқнинг ўз она тилига эга бўлиши Яратганнинг инсониятга берган бебаҳо бойлигидир.

Асрлар давомида Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби кўплаб алломаларимиз ўзбек тили ривожига беқиёс ҳисса қўшганлар. Хусусан, Алишер Навоий ҳазратлари ўз асарлари орқали туркий тилнинг нақадар бой ва балоғатли эканини исботлаб, унда илоҳий ишқ, гўзал ахлоқ ва маърифатни бетакрор тарзда тараннум этганлар.

Қолаверса, она тилимизда битилган ё ўзбекчага ўгирилган минглаб диний-маърифий, ахлоқий манбалар халқимизнинг иймон-эътиқодини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.

Динимиз сўзга ўта масъулиятли бўлишга чақиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки сукут сақласин", деб огоҳлантирганлар.

Она тилимизни асраб-авайлаш фақатгина унинг луғат бойлигини сақлаш эмас, балки тилни беадаб сўзлардан, ғийбат ва ёлғондан пок тутиш, ундан хайрли ва маърифий ишларда фойдаланиш билан бўлади.

Демак, бизнинг она тилимиз ҳам Аллоҳнинг бизга берган омонати. Бу омонатни асраш, уни келажак авлодга соф ва гўзал ҳолда етказиш, фарзандларимизга она тилимизда эзгулик ва покликни ўргатиш инсоний бурчимиздир. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, она тилимизни ҳамиша бой ва жарангдор айласин!
 

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

Кун мавзуси