Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июн, 2025   |   26 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
22 Июн, 2025, 26 Зулҳижжа, 1446

Қайси витаминлар етишмаётганини аниқлаш йўллари

07.06.2017   53410   7 min.
Қайси витаминлар етишмаётганини аниқлаш йўллари

Инсон организмида заифлик, терининг қуруқлиги ва тирноқларнинг синувчанлиги фойдали моддалар етишмаётганидан дарак беради.  Бунда киши организмига қандай витаминлар етишмаётганини аниқлаш йўллари устида тўхталмоқчимиз. Организмда қандай витаминлар етишмаётганини аниқлаш учун киши ўз танаси ташқи кўринишига – сочлари, териси ва тирноқлари  ҳолатига эътибор бериши лозим, улар инсон соғлиғи ҳақида аниқ маълумот беради.

1. Агар бирон аъзойингизни қаттиқ нарсага енгил уриб олганда, кўкариш пайдо бўлса, ва у узоқ вақт тузалмаётган бўлса, организмда С, К ва Р витаминлари етишмаётганидан дарак беради.

Бу витаминлар: цитрус меваларида, рангли карамда, кўк қалампирда, турли меваларда ва помидорларда мавжуд.

2. Тез-тез бош айланиши, қулоқ шанғиллаши В3 ва Е витаминлари, калий ва магний моддалари етишмаслигидан хабар беради. Бу витаминлар истеъмол қилинганда фаоллиги С витамини билан қўшилса, таъсири янада кучаяди.

 Бундай ҳолатда ёнғоқ, турли баргли (лавлаги, сабзи каби) сабзавотлар, яшил нўхот, тухум, цитрус мевалари, банан ва кунгабоқар пистаси каби нози-неъматлар истеъмол қилиш тавсия этилади.

3. Кўзлар қизариши, уларнинг қуруқшаши ва ачишиши, қоронғига мослашишнинг қийин кечиши А ва В2 витаминлари етишмовчилигидан хабар беради. В2 витамини ёғ-мой маҳсулотлари билан ўзлаштирилади.

Бунда сабзи, зайтун ёғи, жигар, балиқ, тухум, сариёғ, яшил сабзавот, салат, сут ва пишлоқ истеъмол қилиш тавсия этилади.

У ёки бу витамин нима учун хизмат қилиши, улар қайси неъматларда бўлиши ва инсон саломатлигининг қайси жиҳатлари учун жавоб бериши ҳақида нималарни билиш зарур? Қуйида шу ҳақда суҳбат юритмоқчимиз.

Витаминлар ҳақида нималарни билиш лозим

Инсон ҳаётида витамин (дармондори)лар муҳим роль ўйнайди.  Улар инсон саломатлигининг умумий ҳолатига, тери, соч ва тирноқларнинг соғлом ва кўркамлигига, ички аъзолар фаолиятининг меъёрда ишлаб туришига, иммунитет меъёрида бўлишига ва бошқа ҳолатларга жавоб берадилар.

С витамини терининг кўркам ва силлиқлигини, мустаҳкам иммунитетни, яхши кайфиятни, соч ва тишлар саломат бўлишини таъминлайди.

Бу витамин укропда, цитрус меваларида, наъматакда, чаканда мойи (облепиха)да, қизил рангли меваларда, рангли карамда, яшил нўхотда, фасолда, турпда ва  кивида мавжуд.

Бу нози-неъматлар пишириш жараёнида фойдали хусусиятларини йўқотади.

Бир суткада инсон организми учун зарур бўлган меъёри 70 мг/ ёки 1-2 та апельсин истеъмол қилиш кифоя.

В6 витамини организм ёшлигини, асаб тизими мустаҳкамлигини, қон томирлари соғлом бўлишини таъминлайди.

Бу витамин бошоқли ўсимликларда, буғдойнинг янги ундирилган ниҳолларида, кўк салатда, карамда, бананда, ёнғоқда, буғдой кепагида, лосос балиғида ва гўштда мавжуд.

Ёруғликнинг давомли тушишида  ўз таъсир кучини йўқотади. Бир суткада инсон организми учун зарур бўлган меъёри: 1,6-2 мг/  ёки 300 грам мол гўшти истеъмол қилиш етарли бўлади.

К витамини жароҳатларнинг тез битишини, қон сифати ва унинг ивувчанлигининг  меъёрда бўлишини таъминлайди.

Бу витамин  исмалоқда, қичитқи ўтда, наъматакда, турли хил карамларда, сабзида, помидорда, қулупнайда ва  кўк чойда  мавжуд.

Витамин узоқ муддат офтоб таъсири ёки оловда пиширилишида  яроқсиз ҳолга келади.

Бир суткада инсон организми учун зарур бўлган меъёри  2 ош қошиқ петрушка истеъмол қилиш етарли бўлади.

Д витамини умумий саломатлик ва суяклар мустаҳкамлигини, қоннинг меъёрда ивувчанлигини, шамоллашдан ҳимояланишни, заҳарли моддаларнинг организмдан чиқиб кетишини, яхши кайфиятни, юрак қон томирлар саломатлигини  таъминлайди. 

Бу витамин: пишлоқда, сариёғда, творогда, тухумнинг сариғида, балиқда, денгиз маҳсулотларида, картошкада, ўсимлик ёғида, мол гўштида мавжуд, шунингдек, организмдан қуёш нури таъсирида ажралиб чиқади.

Бу витамин оловда пиширилишида ва ишқор таъсирида яроқсиз ҳолга келади.

Бир суткада инсон организми учун зарур бўлган меъёри: 2-5 мг/ ёки 2 та тухум истеъмол қилиш етарли бўлади.

Витамин В2 ҳужайралар янгиланиши ва мушакларнинг меъёрда ишлашини таъминлайди..

Бу витамин: сутда, бодомда, қўй гўштида, тухумда, қўзиқоринда, гречкада, творогда, хамиртурушда ва гўштда кўпроқ учрайди.

Ёруғликнинг узоқ вақт таъсири остида бу витамин яроқсиз ҳолга келади.

Бир суткада инсон организми учун зарур бўлган меъёри: 1,3-3 мг2-5 мг/ёки  2 та тухум истеъмол қилиш кифоя қилади.

Шунингдек, қоракесак қўй гўшти ёки тухумдан бироз истеъмол қилиш етарлидир.

В 12 витамини меъёрдаги тана вазни, мустаҳкам иммунитет, соғлом хотира ва шунингдек, ичаклар тизими соғлом бўлишини таъминлайди.

Бу витамин салатда, турли балиқ маҳсулотларида, сутда, пишлоқда, тухум сариғида кўпроқ учрайди.

Ёруғликнинг давомли ва ўткир таъсирида, давомли муддат иситилишида яроқсиз ҳолга келади.

Бир суткада меъёри: 2-5 мг ёки  100 г лосос балиғидан истеъмол қилиш лозим.

В15 витамини  мустаҳкам хотира, яхши кайфият, касалликдан сўнг саломатликнинг тезда тикланиши, қон томирлари саломатлиги, юрак фаолиятининг меъёрда бўлишини таъминлайди.

Бу витамин гўштда, парранда гўштида, тухум сариғида, сут маҳсулотларида, балиқ икрасида, ёнғоқда, хамиртурушда, сулида, гречкада ва гуручда учрайди.

Қайта музлатилганида ва музлатилгач, эритилганида  яроқсиз ҳолатга келади.

Бир суткалик меъёри 5 мг ёки қўй жигаридан  100 г истеъмол қилиш лозим.

Е витамини организм ёшлигини сақлашни, репродуктив (насл қолдириш) тизим фаолиятини, кайфиятнинг яхши бўлишини, ташқи салбий таъсирлардан ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Бу витамин гўштда, кунгабоқар, жўхори, қовоқ, зайтун ёғларида, сариёғда, ёнғоқда, сут маҳсулотларида ва жигарда мавжуд.

Яроқсиз ҳолга келиши: узоқ муддат сақланишида.

Бир суткалик меъёри 30-50 мг/ 1 ош қошиғидаги оқланмаган ёғ истеъмол қилиш етарли бўлади.

А витамини терининг кўркамлиги ва ёшлигини, соч гўзаллигини, тирноқлар саломатлигини, кўриш қувватининг кучлилигини, суяклар бақувватлигини,   репродуктив (насл қолдириш) тизим фаолиятини, яхши кайфият ва ташқи таъсирлардан ҳимояланишни таъминлайди.

Бу витамин сабзида, цитрус меваларида, пишлоқнинг қаттиқ навларида, творогда, сутда, тухумда, балиқда, жигарда ва петрушкада учрайди.

Юқори ҳарорат таъсирида ва узоқ муддат сақланишида яроқсиз ҳолатга келади.

Суткалик меъёри: 0,4-1 мг; ёки мол жигаридан  бир неча бўлак истеъмол қилиш кифоя қилади..

Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади

7 июнь 2017 йил

Табобат
Бошқа мақолалар

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳаётидан ибратли 10 қисса

28.07.2020   11670   6 min.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳаётидан ибратли 10 қисса

 

Энг кўп қандай дуо қиласиз?

Марвазий: “Энг кўп қайси дуони қиласиз?”.

Имом Аҳмад: “Аллоҳ таоло бизни одамлар ўйлаганларидек солиҳлардан қилсин ва биз ҳақимизда билмаганларини мағфират этсин”[1].

 

Қандай тонг оттирдингиз?

Имом Аҳмад Аллоҳдан қаттиқ қўрқарди, Унинг азоби ва иқобидан доимо хавфдан бўларди.

Кунларнинг бирида талабаларидан бири Нажийб Марвазий устозининг ҳолидан хабар олиш учун унинг олдига кириб: “Қандай тонг оттирдингиз?” деб сўради.

Имом Аҳмад лаблари титраб: “Роббиси фарз ибодатларни, Набийи суннат амалларни, фаришталар солиҳ амалларни, иблис фаҳш ишларни, ўлим фариштаси жон олишни, аҳли-аёли нафақасини талаб қилган ҳолда тонг оттирдим”.

 

Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Халиф Восиқнинг ҳузурига кирди.

Имом Аҳмад: “Ассалому алайкум, эй мўминлар амири”.

Восиқ: “Сенга Аллоҳнинг саломи бўлмасин”.

Имом Аҳмад: “Эй мўминлар амири, жуда беодоб экансиз. Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай буюрган-ку: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз(Нисо сураси, 86-оят).

Аллоҳга қасамки мен учун бундан гўзалроқ ва яхшироқ нарса йўқ.

Имом Аҳмад: “Қуръон ҳақида нима дейсиз?”.

Восиқ: “Махлуқ”.

Имом Аҳмад: “Қуръон махлуқ эмаслигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳазрат Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳум билишган-ку?! Ёки улар билмаган деб ўйлайсиз-ми?”.

Восиқ: “Улар билишмаган”.

Имом Аҳмад: “Субҳаналлоҳ! Набий алайҳиссалом, хулафои рошидийн розияллоҳу анҳум билмаган нарсани сиз биласиз-ми?”.

Халифа бироз хижолат бўлиб: “Билишган, аммо одамларни унга даъват этишмаган”, деди.

Имом Аҳмад: “Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?”.

Шундан сўнг, Восиқ ўзи ёлғиз ўтирадиган хонасига кириб кетди. Имом Аҳмад айтган гапларни ҳаёлидан такрор-такрор ўтказди. Ниҳоят, унга айтилган гапларнинг ростлиги аён бўлди. Халифа дарҳол ўрнидан туриб, имомдан кишанларни ечишни, тўрт юз динор танга беришни ҳамда озод қилишни буюрди.

 

Ғийбатчини афв этди

Мўминлар амири Мутаваккил Имом Аҳмадни кўп ғийбат қилувчи бир кишини тутиб олди. Ва имомга: “Агар истасанг ўзим унинг адабини бераман, хоҳласанг уни сенга бераман”, деди.

Имом Аҳмад: “Уни кечирдим”, деди.

Мутаваккил: “Наҳотки, сени шунча ғийбат қилиб, чақимчилик қилган одамни кечирсанг?!” деди.

Имом Аҳмад: “Эҳтимол, унинг ёш фарзандлари бўлса, уларга бундан махзунлик етади”[2].

 

Мукофоти Аллоҳнинг зиммасида

Кеч тушди. Атрофни зимистон эгаллади. Имом Аҳмад уйғониб, кун ёришгунча хўнграб йиғлади. Шогирдларидан бири: “Устоз нима сабабдан кечаси кўп йиғладингиз?” деб сўради.

Имом Аҳмад: Муътасимнинг берган азоблари Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тиловат қилганимда ёдимга тушди: “(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас” (Шуро сураси, 40-оят).

Шунда Аллоҳга сажда қилиб уни кечиришини дуо қилиб сўрадим. 

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари

Фазл ибн Робиънинг фарзандлари зиндонда ётган Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳни кўргани келишди. Имом Аҳмадга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларидан учта тола беришди. Буни кўрган имомнинг кўзлари ёшга тўлди. Чуқур-ҳурмат ва эҳтиром билан сочларни кўзларига суртди. Агар имом бемор бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларини сувга солиб ичар ва тезда тузалиб кетарди.

Имом Аҳмад вафотидан олдин: “Вафот этсам, икки кўзимга ва тилимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч толаларини қўйинг!” деб васият қилди. Имом оламдан кўз юмганда унинг васияти бажарилди.

 

Ношукрлик бўлади

Фаҳиқлар имоми, муҳаддислар шайхи Имом Аҳмадга беморлик етди. Тўшакка михланиб қолди. Оғриқнинг азобидан имом “оҳ, оҳ” деб инграрди.

Шунда унга: “Товус ибн Кайсон раҳматуллоҳи алайҳини беморни инграши ношукрлик бўлади деб айтгани эслатилди”.

Шундан сўнг, Имом Аҳмаднинг то вафот этгунига қадар бирорта овози чиқмади[3].

 

Фақат сажда қиларди

Кеч тушди. Имом Аҳмаднинг шогирди Сулаймон ибн Абу Матор уйқуга кетди. Устози унга кечаси туриб таҳорат олиши учун сув тайёрлаб қўйди.

Тонгда отди. Имом Аҳмад сув ишлатилмаганини билди. Шунда у: “Субҳаналлоҳ, ахир талабани кечаси бажарадиган вазифаси (вирди) йўқ-ми?” деди насиҳат овозда.

Шогирди Сулаймон: “Мусофирман-ку”, деди.

Имом Аҳмад: “Мусофир бўлсанг ҳам! Масруқ ҳаж ибодатини адо этганда, ҳар кечани ибодат билан ўтказган эди”, деди[4].

 

Қайтаришни ният қилганман

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ дўстидан икки юз дирҳам қарз олди. Бироз муддат ўтгандан сўнг Имом Аҳмад қарзини қайтарди. Шунда дўсти: “Сендан бу пулларни қайтариб олиш ниятим йўқ эди”, деди.

Имом Аҳмад қатъиятлик билан: “Лекин мен қайтариб беришни ният қилганман”, деб қарзини узиб, жўнаб кетди.

 

Икки ярим миллион жамоат қатнашган жаноза

Имом Аҳмад бемор бўлганларида бутун Ислом олами ташвишга тушди. У киши яшаётган шаҳар одамга тўлиб, юриб бўлмай қолди. Миршаблар фақат Имомнинг ўзлари истаган одамнигина кўришга қўйишар эдилар.

Имом Аҳмад ҳижрий 241 сана 12 робиъул аввал жума куни вафот этдилар. Жанозаларига келган жамоат масжидларни, кўчаларни тўлдириб юборди. 

Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, у зотнинг жанозаларига икки ярим миллион одам қатнашган.

Аллоҳ таоло улуғ имомни раҳмат этсин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб мукофотласин[5].

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

[1] Маноқибул Имом Аҳмад. 251.

[2] Маноқибул Имом Аҳмад. 318.

[3] Маноқибул Имом Аҳмад. 353.

[4] Маноқибул Имом Аҳмад. 191.

[5] Маноқибул Имом Аҳмад. 361.